Республика махсус комиссиясининг 30-июндаги қарорига кўра, Ўзбекистонда коронавирусга чалинган беморлар 3 тоифага ажратилган – касаллик аломатларсиз ўтаётган беморлар, тана ҳарорати кўтарилаётган беморлар ва коронавирус инфекцияси оғир кечаётган беморлар.
Шу муносабат билан 5 июлдан бошлаб коронавирус инфекциясини юқтирган беморларни даволаш билан боғлиқ янги тартиб жорий этилган. Шундан келиб чиқиб, касаллик аломатларисиз кечаётган енгил шаклдаги беморларни уй шароитида даволаш ва парваришлаш тартиби ишлаб чиқилди ҳамда қабул қилинди.
Мазкур ҳолатда аҳолимиз ўртасида дори ва дори воситалирга бўлган талаб янада ўсди. Дори махсулотларни етказиб берувчи дорихоналар ва дори махсулотларини сотувчи ходимлар, савдогарлар шундай пайтда юртимиз аҳолисига беминнат хизматлар кўрсатиб, халқимиз дуоларини олишга муваффақ бўлмоқдалар. Улар ўз вазифаларини Оллох учун холис хизмат қилиб куну-тун йигирма тўрт соат мабайнида фаолият кўрсатишмоқдалар.
Аммо, шундай синовли кунларда ўз манфаатини халқ манфаатидан устун қўйиб, айрим дори дармон соутвчи савдогарлар, дори-дармон нархларини сунъий равишда ошириб, беморларга ноқулайликлар келтириб чиқармоқдалар.
Имом Ҳаким Термизий раҳматуллоҳи алайҳ: Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳудан бундай ривоят қилади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Энг яхши касб савдогарликдир. Агар савдогар ёлғон гапирмаса, омонатга хиёнат қилмаса, ваъдага хилоф этмаса, сотиб олаётган нарсаларини ёмонламаса, (ҳаддан ортиқ) қимматга сотмаса, зиммасидаги ҳақни беришни чўзмаса ва ўз ҳақларини олишда ҳам қўпол бўлмаса”, дедилар”.
Демак, дори дармон сотувчи савдогарлар ҳалол, омонатдор, яхши инсон бўлишлари учун ушбу ҳадисда айтилган нарсаларга амал қилишлари, жумладан, маҳсулотни ҳаддан ортиқ қиммат сотмасликлари лозим бўлади.
Мусулмонларнинг эҳтиёжи тушиб турганда, уларга енгиллик қилиб бериш ўрнига баттар қимматлаштириш ёки янада қимматроқ сотиш мақсадида дўконни ёпиб қўйиш гуноҳдир.
Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Сотганда, сотиб олганда ва ҳаққини талаб қилганда карамли бўлган одамни Аллоҳ раҳм қилсин», дедилар». Бухорий ва Термизий ривоят қилишган.
Сотиш, сотиб олиш ва ҳаққини талаб қилишда бағрикенг, саховатли бўлиш мақсадга мувофиқдир. Бундай кишига Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳ таолонинг раҳматини сўраганлар. Бир сўм устида етти думалаб туриб олиш, айтганимга сотаман дейиш, нархни кўтариб, туширмаслик, одамларга қийин шароитни вужудга келтириш Аллоҳ таолонинг раҳматига эришишга, топгани баракотли бўлишига тўсқинлик қилади.
Мўмин-мусулмон одам ўз биродарига ёрдам беришга шошилиши, унинг оғирини енгил қилиш пайидан бўлиши лозим.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Ким бир мўминдан бу дунё машаққатларидан бирини аритса, Аллоҳ таоло ундан қиёмат куни машаққатларидан бирини аритади. Ким бир камбағалнинг ишини енгиллатса, Аллоҳ таоло унинг бу дунёю охират ишларини енгиллатади. Ким бир мусулмон айбини беркитса, Аллоҳ унинг айбини бу дунёю охиратда беркитади. Модомики банда ўз биродарининг ёрдамида экан, Аллоҳ ҳам унинг ёрдамида бўлади”. (Имом Муслим ривояти).
Шариатда сотувчи сотиладиган молни шунчага сотсин ёки сотмасин деб тайин қилмаган. Лекин, одамларга зулм етадиган даражада ҳаддан зиёд қиммат қилиб сотиш ҳам жоиз эмас. Шунинг учун урфдаги қийматдан ортиқ баҳога сотиш жоиз эмас.
Шаръан бир киши бозорда унинг молига ўхшаш мол қолмаганлиги сабабли нархни қимматлаштириши мумкин, лекин бировни уни олишга мажбурлигини билиб, унга қиммат нархда сотиш ёки харидор тўпори(содда) бўлгани боис сотувчи нархни ошириб олиши диёнатсизлик ҳисобланади.
Шайх Баний Тамимдан ривоят қилинади: “Али розияллоҳу анҳу бизга: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам мажбур бўлган киши билан савдо қилиш, алдаб сотиш, пишмасдан олдин мевани сотишдан қайтарганлар” деб, хутба қилдилар” (Имом Аҳмад ривояти).
“Зориққан кишининг сотиши, сотиб олиши фосиддир, яъни бир киши таом ёки ичимлик ёки кийим ёки ундан бошқаларга муҳтож бўлиб турганда, сотувчи ўз нархидан бир неча бор қимматига уларни сотишга рози бўлиши (зориққанга савдо қилиш дейилади). Шунингдек, сотиб олишда ҳам. “Минаҳ”да шундай дейилган” (Раддул муҳтор).
Бир одам бир дорига ёки бирор мевага жуда ҳам мухтож бўлиб қолди ёки ўша ўзига керакли бўлган нарсани асл урфдаги нархини билмайди. Бориб ўша нарсани сотувчисига ўша нарсага жуда ҳам мухтожлигини изҳор қилса ва сотувчи уни соддалиги ёки мухтожлигини билиб ўн минга сотаётган нарсасини ўн икки минг деб нарх айтса бу диёнатсизликдир.
Шундай кўпчилик дори махсулотларига мухтож бўлиб турган вақтда, дори махсулотларини белгиланган нархларда сотиш пайғамбаримиз алайҳиссалом суннатлари хисобланади.
Шунингдек, шариатда “Масолиҳул мурсала” деган қоида бор . Шу қоидага асосан баъзи вақтларда, ҳожат тушиб қолганда, нархларнинг ортиқча кўтарилиб кетмаслигини таъминлаш учун, нархларни белгилаб қўйиш ҳам шу қоида асосида жорий қилинган. Бу ишда одамларга етадиган зарарни дафъ қилиш мақсади бор.
Дунёда қанча инсон бўлса, Аллоҳ таолога олиб борувчи йўл ҳам шунчадир. Аллоҳ ҳар бир бандасига ўзгага бермаган қобилият ва ажралиб турадиган хусусият берган. Ҳар ким ўзи қодир бўлганича Аллоҳ таоло томон интилади ва У Зотнинг розилигини топишга ҳаракат қилади. Аллоҳ барчани бир-бирига эҳтиёжи тушиб турадиган ва турли касб-корга қизиқадиган қилиб яратди. Баъзи касбларни бошқаларига нисбатан фазилатли, манфаатли килди. Шу билан бирга, унинг шаръий томонлари ва қай йўлсинда бажарилса, тараққиёт сари юзланишини ва ҳар бир касб эгаси қандай сифатларга эга бўлиши кераклигини ҳам баён қилди. Шундай касблардан бири савдогарлик касби бўлиб, шариатимиз Қуръоний оят ҳамда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадислари ила кишиларни бу ишга тарғиб қилган ва тижорат мақсадида сафар қилишни «Аллоҳ таолонинг фазлидан талаб қилиш», деб номлаган.
«Бас, намоз тугаганидан сўнг ер юзи бўйлаб тарқалинг ва Аллоҳнинг фазлидан талаб қилинг ҳамда Аллоҳни кўп зикр қилинг. Шоядки, зафар топсангиз» (Жумуъа сураси, 10-оят).
Дунё ва охиратнинг сарвари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдек зот ҳам ушбу касб соҳиби бўлганлар. Оллоҳ барчамизни ўзининг йўлидан, пайғамбаримиз суннатларидан адаштириб қўймсин.
Бахтиёржон домла Қодиров
Бўстон туман бош имом-хатиби.