Яратган Роббимиз инсонни  мукаммал холатда яратгани хамда ер юзида фаровон ва машаққатсиз яшаши учун бехисоб неъматларни ато этгани барчамизга маълумдир. Инсонга берилган неъматлар шу қадар кўпки, хатто уларни санаб адоғига етиб бўлмайди.Муқаддас Ислом динимиз таълимотларида энг мукаррам зот – инсон учун зарур бўлган соғликнинг улуғ неъмат эканлиги, унинг қадрига етиш зарурлиги алохида таъкидланган, жумладан, Пайғамбаримиз Мухаммад Мустафо Соллаллоху алайхи васаллам мархамат қилдилар: “Икки неъмат борки, кўпчилик инсонлар унинг қадрига етмайдилар; сихат-саломатлик ва тинчлик – хотиржамлик” (Имом Бухорий ривояти).

   Касалликлар асосан икки турли бўлиб, қалб ва бадан касаллигидан иборатдир.Қалб касалликлари жумласига куфр, ширк, нифоқ, нафсоний шахватларга хирс қўйиш хамда ҳасад, гина —  қудрат, адоват кабилар киради.Бу касалликларни давоси биттадир, у хам бўлса Яратган Аллохни таниб, унинг илохий таълимотларига чин ихлос билан амал қилмоқдир. Мана шундагина қалб касалидан холи бўлади ва ўзининг ижобий самарасини танасидаги аъзоларида акс эттиради, Пайғамбаримиз Расули Акрам Соллаллоху алайхи васаллам ўз хадисларидан бирида бунга ишора қилиб:

“Танада бир аъзо борки, агар у соғлом бўлса барча аъзолар хам соғлом бўлади, агар у касал бўлса, қолган аъзолар хам касал бўлади,билиб қўйинглар, у – қалбдир” – деганлар. Қалб саломатлиги бошқа аъзоларнинг соғлом бўлишлигида мухим ўрин тутар экан, демак, амалларнинг солих бўлишлиги хам қалбнинг солих бўлишига боғлиқдир. Жисмоний касалликларнинг хам турлари хилма хил бўлиб, айримлари пархез қилмаслик, халол харомга эътибор бермаслик оқибатида юзага келади.

   Муқаддас Ислом дини инсонларнинг соғлигига, уларда юзага келиши мумкин бўлган касалликларнинг олдини олишга катта эътибор бериш билан бирга баданнинг соғлигини тиклаш, уни қувватлантиришга хам катта ахамият қаратади.Касалликни даволашдан кўра унинг олдини олиш мухимроқдир. Пайғамбаримиз Мухаммад Мустафо Соллаллоху алайхи васаллам бир муборак хадисларида шундай дедилар: “Беш нарсани қадрини беш нарсадан аввал ғанимат билинг : Кексаликдан аввал ёшликни, бетобликдан аввал саломатликни, фақирликдан аввал бойликни, бир ишга машғул бўлиб қолишдан аввал бўш вақтни ва ўлим келмасдан аввал хаётлик вақтни “ (Имом Термизий ривояти).

   Касалликларнинг келиб чиқиш сабаблари кўп бўлсада,унинг асли фақат бир мохиятга бориб тақалади.Аллох Таъоло ўзи суйган бандаларини дард ва хасталиклар билан имтихон қилиб туради. Мўмин кишининг тақдири илохийга ишончни мукаммал бўлган холда касалликлардан даволаниши учун чора тадбирлар қўллаши ва буни бир сабаб деб эътиқод қилиши лозим. Саодат асри замонларидаги кунларнинг бирида сахобалардан бирлари : “Ё Расулаллох ! Бизлар ( шифо талабида ) ўқийдиган дуолар, даволанадиган дорилар ва ўзимизни сақлаш учун қилаётган эхтиёткорликлар хақида хабар беринг – чи, бу Аллохнинг тақдиридан бирор  нарсани ўзгартира оладими ?” – деб сўради, Шунда Расулаллох Соллаллоху алайхи васаллам : “Бу хам Аллохнинг тақдиридандир”, — деб жавоб бердилар.

   Соғлик ва касаллик хақидаги асл мохият шундай,лекин бунга қарамай, доимий саломатлик кишиларнинг орзуси бўлиб қоляпти.Унда биз нима қилишимиз керак? Аввало хаста бўлмасликнинг йўлларини ахтарамиз:бунинг учун танани шамоллашдан химоя қилиш, меъёрида овқатланиш, харакатда бўлиш, бадантарбия машқлари билан шуғулланиш керак бўлади. Шунингдек, беморликка олиб борадиган дангасалик,ифлос юриш, кўп ейиш, кўп ухлаш, спиртли ичимлик,тамаки,нос,гиёхванд моддалар истеъмол қилиш, бўлар – бўлмасга асабийлашиш каби иллатлардан узоқроқ бўлиш зарурдир. Инсон саломатлиги энг улуғ неъмат эканлиги барчага маълум бўлгани холда унинг қадрига етиш, уни асраб авайлаш хар доим хам мухим масалалардан бўлиб келган. Соғлом инсон оламдаги хар бир нарса ва ходисотни тиниқ мушохада қилади хамда аниқ фикрлайди. Аждодларимиз “Соғ танда – соғлом ақл “ деб бежиз айтишмаган, зеро дунёнинг ободлиги, юртнинг тинчлиги хамда халқнинг фаровонлигига эришишда сихат саломатлик асосий ўрин тутади. 2021 – йил Юртимизда “ Ёшларни куллаб кувватлаш ва ахоли саломатлигини мустахкамлаш йили “ деб эълон килинди . Узоқ йиллик кузатишлар, турли тиббий манбаларни ўрганиш, шифокор ва табиблар билан мулоқотлар шуни кўрсатадики, одамнинг хасталикка чалинишига асосан беш омил сабаб бўлар экан : 1) тана аъзоларининг шамоллаши, 2) овқатланиш ва уйқу меъёрининг бузилиши, 3) камхаракатлилик,дангасалик, 4) турли спиртли ичимликлар ичиш ва тамаки чекиш каби зарарли иллатлар, 5) асаб тизимининг бузилишидир.

   АЗИЗЛАР! Бемор бўлиш, дард, хасталик айрим инсонлар назарида, гўёки Яратганнинг  ғазабига учраганлик белгиси саналади.Касал бўлган киши буни Аллохнинг юборган бир балоси ва жазоси сифатида қабул қилади.Танасига дард – оғриқ ёпишиши билан дарров : “ Эй Худойим, Сенга нима ёмонлик қилгандим, нега мени касаллик билан азоблаяпсан ? “ деб, нола  — фарёд чекишга тушади, аслида бундай эмас, касаллик, дард —  Мехрибон Аллохнинг мўъмин бандага юборган бир неъмати, имтихонидир, чеккан дардига сабр – тоқат қилганлиги  туфайли унинг гунохлари кечирилади, амаллар китобига катта савоблар ёзилади, охиратдаги мақоми мартабаси кўтарилади. Дард ёрдамида танадаги ортиқча ғубор ва зарарли моддалар ташқарига чиқади, хужайралар янгиланади, кўпгина аъзоларнинг ишдан чиқа бошлаган ёки мароми бузилган фаолияти қайтадан изга тушади. Дард чекиш туфайли инсон Яратган Зотни кўпроқ эслашни бошлайди, Унга янада яқинлашади, саломатликнинг қадрига етадиган бўлади. Хасталик ўлимни, охират дунёсини инсоннинг кўз олдига келтириб қўяди. Дардни берган Аллох унинг шифосини хам берган, бандаларининг саломат бўлишлари йўлларини хам кўрсатиб берган.

Салимжон домла Юнусов

Избоскан тумани бош имом хатиби