Хозирги кунда ижтимоий тармоқ ёки бошқа бир айрим манбааларда юртимизда карантин қоидалари секин аста юмшатилаётганлиги, бунинг натижаси ўлароқ умумий овқатланиш масканлари, бозорлар ва шунга ўхшаш жойларни очилаётгани каби масжидларни ҳам очилсин деган талаб ва таклифлар тарқалмоқда.
Келинг Азизлар!. Ҳаммаларимиз ҳам мусулмонмиз!. Аллоҳнинг байтига кириб, илтижо қилиб, жойнамозга бошимизни қўйгимиз келади.
Бироқ шароитни ҳам эсдан чиқармаслик зарур!. Хозир бутун дунёни ларзага солган коронавируснинг айнан бизнинг мамлакатда жуда ҳам фаоллик даври кузатилмоқда.
Ҳозирги масъулиятли онларда ҳеч биримиз зинҳор шайтон васвасасига берилмаслигимиз керак. Ҳарқандай қийинчиликни бирдамлик, ҳамфикрлик билан енгишимиз мумкин. Ёши улуғларимизни айтишларича тариҳда ҳам халқимиз бундай машаққатларни бошларидан ўтказган экан. Сабр-қаноатлари ва кучли имонлари билан уларни енгиб ўтганлар. Бу сафар ҳам бу касалликни Аллоҳ таолонинг ёрдами ила биргаликда енгамиз. Бундай вазиятларда биз динимизнинг аҳкомларига асосан, мўмин-мусулмонларни Ислом дини таълимотларига амал қилишларига чақириб қоламиз.
Кунлик ибодатларни ўз уйларимизда адо этиб, ҳар қандай машаққатга сабр қилишлик хозирги кунда энг афзал амал эканлиги айнан динимизнинг кўрсатмаси. Пайғамбаримиз с.а.в “Зарар бериш ҳам йўқ, зарар кўриш ҳам йўқ” деганлар. Бундан кўриниб турадики жамоат жойларга бориб, бошқа бир диндошимизга зарар етиб қолишлигимиздан сақланмоқлигимиз зарур.
Аллоҳ таоло айтади: “Ҳеч шак-шубҳа йўқки, сабр-тоқат қилувчиларга ажр-мукофотлари ҳисоб-китобсиз, тўла-тўкис қилиб берилур” (зумар сураси, 10 оят).
Шундай экан, Яратганнинг ўзи юртимиз ва дунё аҳилларидан бу касалликни кўтариб, яна тинчлик ва саломатлигимизни барқарор қилсин. Каронавирусга қарши биргаликда кураш олиб бориб, карантин қоидаларига ва санитария чекловларига риоя қилиш ўзимиз, оила аъзоларимиз ва юртдошларимиз саломатлигини асраш борасидаги энг тўғри йўл эканини унутмайлик.
Азиз юртдошлар бундай синовларни вазминлик билан енгиб ўтишимизда ва эртанги кунимизга катта ишонч ва умид боғлаб, янада ҳамжиҳат бўлсак, бир ёқадан бош чиқариб ҳаракат қилсак, Ҳақ таолонинг изни ила юртимиздан бу бало чекинади.
Аллоҳ таоло юртимизни тинч, халқимиз хаётини янада фаровон айласин.
Хайруллоҳ домла Сулаймонов
Андижон вилояти бош имом-хатиби ўринбосари