Ҳар бир нарсанинг устуни бўлгани каби Исломнинг ҳам устунлари бор. Бу ҳақда ушбу ҳадис эл аро машҳурдир:

بُنِيَ الإِسْلَامُ عَلَى خَمْسٍ: شَهَادَةِ أَنْ لَا إِلَهَ إِلَّا اللَّهُ وَأَنَّ مُحَمَّدًا رَسُولُ اللَّهِ، وَإِقَامِ الصَّلَاةِ، وَإِيتَاءِ الزَّكَاةِ، وَالحَجِّ، وَصَوْمِ رَمَضَانَ

   Абдуллоҳ ибн Умар разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади – Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар:

  “Ислом беш нарса устига қурилгандир: “Лаа илаҳа иллаллоҳу Муҳаммадур Расулуллоҳ” калимаси, намозни адо этиш, закот бериш, Байтуллоҳни ҳаж қилиш, Рамазон рўзасини тутиш” (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).

   Бизлар, алҳамдулиллоҳ, мусулмонлармиз. Демак Исломнинг биринчи аркони барчамизда бор. Ундан кейинги энг аввалгиси намоздир. Қиёматда кун ҳам энг биринчи сўраладиган амал намоздан бўлур. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар:

«إِنَّ أَوَّلَ مَا يُحَاسَبُ بِهِ الْعَبْدُ يَوْمَ الْقِيَامَةِ مِنْ عَمَلِهِ صَلاَتُهُ فَإِنْ صَلُحَتْ فَقَدْ أَفْلَحَ وَأَنْجَحَ وَإِنْ فَسَدَتْ فَقَدْ خَابَ وَخَسِرَ»… (رَوَاهُ الإمامُ الدَّارِمِيُّ وَالإمامُ أَحْمَدُ).

   “Қиёмат куни банда амаллари ичидан энг биринчи ҳисоб қилинадигани унинг намозидир. Агар тўғри (адо этилган) бўлса, аниқ ютуққа эришибди, нажот топибди. Агар фосид бўлса, шубҳасиз, ноумид бўлибди, ютқазибди …” (Имом Доримий, Имом Аҳмад ривоятлари).

   Ислом шариатида буюрилган беш маҳал фарз намозларини ўз вақтида ўқилиши лозим. Намоз калимаи шаҳодатдан кейинги энг улуғ фарз ҳисобланади.

   Намоз ўқишлик фарз бўлганда ҳам ҳар бирини ўз вақтида ўқишлик фарздир. Бу ҳақд Аллоҳ субҳонаҳу ва таъоло Қуръони каимда аниқ баён қилган:

فَأَقِيمُوا الصَّلَاةَ إِنَّ الصَّلَاةَ كَانَتْ عَلَى الْمُؤْمِنِينَ كِتَابًا مَوْقُوتًا (سورة النساء / الآية 103)

   Яъни: “Намозни барпо қилинг. Шубҳасизки, намоз мўминларга вақти тайин этилган ва битилгандир”. (Нисо сураси, 103-оят).

  Намоз жаннат учун бамисоли йўлланмадир.

«قَالَ اللَّهُ عَزَّ وَجَلَّ: افْتَرَضْتُ عَلَى أُمَّتِكَ خَمْسَ صَلَوَاتٍ وَعَهِدْتُ عِنْدِي عَهْدًا أَنَّهُ مَنْ حَافَظَ عَلَيْهِنَّ لِوَقْتِهِنَّ أَدْخَلْتُهُ الْجَنَّةَ ، وَمَنْ لَمْ يُحَافِظْ عَلَيْهِنَّ فَلَا عَهْدَ لَهُ عِنْدِي« (رواه الإمامُ ابن ماجة).

   Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар:

   “Аллоҳ азза ва жалла: “Мен сизнинг умматингизга беш вақт намозни фарз қилдим. Мен ўзимга ўзим, ким уларни муҳофаза қилиб, ўз вақтида ўқиб келса, албатта, жаннатга киритаман, деб аҳд бердим. Ким уларни муҳофаза қилмаса, Менинг ҳузуримда унга аҳд йўқдир, деди”. (Имом Ибн Можа ривоят қилган).

   Шунингдек, намозни жамоат билан адо қилишлик алоҳида ажрга ноил қилур. Пайғамбаримиздан (саллаллоҳу алайҳи васаллам) ривоят қилинди:

  «Бeш вақт намозни жамоат билан ўқиган кишига бeш нарса бeрилади:

  1. Дунёда фақирлик кўрмайди.
  2. Қабр азобидан фориғ бўлади.
  3. Номаи аъмоли ўнг қўлидан бeрилади.
  4. Сирот кўпригидан чақмоқдай ўтади.
  5. Ҳисоб-китобсиз жаннатга киради» («Масобиҳ»).

   Намозни ҳар бир мўмин ўзигина ўқиб қўя қолмас, балки бошқаларни ҳам тарғиб қилур. Бу тарғибот оиладан бошланур. Шундай экан, ҳар биримиз оила аъзоларимиз ва яқинларимизни ушбу улкан ибодатни ўз вақтида адо этишларига тарғиб қилиб, бунда ўзимиз намуна бўлайлик. Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилган:

وَأْمُرْ أَهْلَكَ بِالصَّلَاةِ وَاصْطَبِرْ عَلَيْهَا لَا نَسْأَلُكَ رِزْقًا نَحْنُ نَرْزُقُكَ وَالْعَاقِبَةُ لِلتَّقْوَى (سورة طه/الآية 132)

яъни: “Аҳлингизни намоз (ўқиш)га буюринг ва (ўзингиз ҳам) унга (намозга) бардошли бўлинг! Сиздан ризқ сўрамаймиз, (аксинча), Биз сизга ризқ берурмиз. Оқибат (яхшилиги) тақво (аҳли)гадир” (Тоҳо сураси, 132-оят).

   Айниқса, ҳар биримиз имкон қадар намозларимизни масжидларда жамоат билан адо этишга одатлансак, нур устига аъло нур бўлади. Бу ҳақда Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи васаллам деганлар:

» صَلَاةُ اَلْجَمَاعَةِ أَفْضَلُ مِنْ صَلَاةِ اَلْفَذِّ بِسَبْعٍ وَعِشْرِينَ دَرَجَةً » (مُتَّفَقٌ عَلَيْهِ)

 “Жамоат намози ёлғиз (ўқиган)нинг намозидан йигирма етти даража афзалдир” (Муттафақун алайҳ).

Абдураззоқ домла Фармонов 

Асака туман бош имом-хатиби