Ҳаётимиз қомусининг муҳим бандларидан бири инсоннинг ҳаёти ва ҳуқуқлари ҳақидадир. Унда фуқароларнинг манфаатлари қонуний равишда мустаҳкамланган ва қатъий кафолатланган. Юртимизда азалдан оила ва никоҳга катта эътибор қаратиб келинган. Насл насабни сақлаш, жамиятнинг маънавий ҳолатини яҳшилашнинг асосий омили оила дея эътироф этилган. Кониститутциянинг 63-моддасида ҳам оилага алоҳида тўҳталиб ўтилади: “Оила жамиятнинг асосий бўғинидир ҳамда жамият ва давлат муҳофазасида бўлиш ҳуқуқига эга. Никоҳ томонларнинг ихтиёрий розилиги ва тенг ҳуқуқлигига асосланади”. Ислом динида фарзандни баркамол инсон қилиб вояга етказиш ота-онанинг юксак бурчидир. Пайғамбаримиз алайҳиссалом бундай деганлар: “Фарзандларингизга чиройли одоб беринглар”. Бу борада ҳам Ислом дини ва асосий ҳуқуқий қомусимиз ҳамоҳанг: “Ота-оналар ўз фарзандларини вояга етгунларига қадар боқиш ва тарбиялашга мажбурдирлар” (64-моддадан). Ана шундай ҳамоҳанглик Кониститутциямизнинг деярли барча моддаларида сезилиб туради. Бугунги кунда фарзандларимиз диний ва дунёвий билим олиш ҳуқуқига эга. Кониститутциямизда бу ҳақда 41-моддада бундай дейилган: “Ҳар ким билим олиш ҳуқуқига эга. Бепул умумий таълим олиш давлат томонидан кафолатланади”. Асосий Қонунимиз Ўзбекистон фуқаросининг миллати, ирқи ва динидан қатъий назар тенг ҳуқуқли деб билади, шунингдек, ҳар бир фуқаронинг эътиқод эркинлигини ва уларнинг урф-одатлари, миллий анъаналари ҳурмат қилинишини кафолатлайди.
Хусусан,виждон, эътиқод эркинлиги кафолатлаб берилди. Турли миллат вакилларининг ҳеч қандай тўсиқларсиз ўз миллий қадрият ва анъаналарига амал қилишлари учун кенг имконият ва шароит яратилди. Бирор бир миллатнинг шаъни ёки унинг миллий қадрияти камситилишига йўл қўймаслиги қонун билан қатъий белгилаб қўйилди. Қонуннинг 31-моддасида “Ҳамма учун виждон эркинлиги кафолатланади. Ҳар бир инсон ҳоҳлаган динига эътиқод қилиш ёки ҳеч қайси динга эътиқод қилмаслик ҳуқуқига эга. Диний қарашларни мажбурий сингдиришга йўл қўйилмайди”, деб алоҳида таъкидланган.
Асосий Қомусимиз асосига қўйилган, чуқур ва пуҳта ўйланган мақсад, қоида ва меъёрларнинг ҳаётийлиги ва амалиётга тўғри татбиқ этилишининг самараси ўтган давр мобайнида эришилган ютуқ ва марраларимизда, халқимизнинг турмуш фаровонлиги ошиб боришида, жаҳон ҳамжамиятида юртимиз обрўси тобора юксалиб бораётганлигида кўриниб турибди.
Юртимизда бугунги кунда 130 дан ортиқ миллат ва элат вакиллари Бош қомусимиз белгилаб берган тенг ҳуқуқлик ва кенг имкониятлардан фойдаланиб, тотувлик ва ҳамжиҳатликда яшамоқдалар. Улар эртанги кунга комил ишонч билан меҳнат қилиб, ягона Ватан равнақига ўз ҳиссаларини қўшмоқдалар.
Аллоҳ таоло тинчлик-осойишталигимизни ҳамиша барқарор айласин. Халқимизни янада фаровон, осмонимизни мусаффо этсин.
Барчаларимизга ушбу тантанали кунни, Қомусимиз қабул қилинганлигининг
26-йиллигини муборак айласин. Байрамингиз қутлуғ бўлсин.
Муҳаммадюсуф домла Тўрақулов,
Олтинкўл туман бош имом-хатиби.