Бахт молу дунёда эмас

960

Гоҳо ҳаётда ўтмишдаги воқеаларнинг тескариси ҳам бўлиб туради. Сиз анча ўзингизга тўқ, тўрт ёнингиз тугал хонадоннинг эгасисиз. Аммо келинни олган жойингиз базўр кун кўрадиган, рўзғорини қўл учида тебратиб юрган оила чиқиб қолди. Одатда бундай хонадонлардан олинган қизлар эсли-ҳушли, оилам, эрим, рўзғорим деб жон куйдирадиган, борган жойида тошдай чўкадиган, хизматини дўндириб, йўқни йўндириб, барчанинг кўнглини оладиган эпчил ва уддабурон келинларга айланишади. Фақат уларнинг камхаржлигини, ночорлигини бетига солмасангиз, арзимас майда-чуйдалар деб иззат-нафсига тегмасангиз, ҳар бир ишда икки хонадон ўртасидаги фарқни сездирмасликка уринсангиз, иншаоллоҳ, унинг оиладагиларга бўлган меҳр-муруввати ортаверади. Қудаларингиз янада яқинлашиб боришаверади. Хонадонингизни уруш-жанжал, баҳс-можаро тарк этади.

Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу Мадина кўчаларини айланиб юрар экан, бир хонадонга яқинлашганда аёл кишининг шундай деганини эшитиб қолибди: “Қизим, озроқ сув олиб келсанг, сутга қўшар эдик, бугун сут кўзимга оз кўриняпти”. Қизи: “Вой, онажон, нималар деяпсиз, амирил-мўъминин Умар розияллоху анҳу сутга сув қўшманг, деб буюрган-ку!” – дебди. Онаси: “Қизим биласан-ку, тирикчилигимиз сут билан ўтади, уни кўпайтирсак яхши бўлади. Мен бир беваман, бошқа даромадим йўқ”, дебди. Қизи: “Гапингизни ҳалифа эшитса, нима бўлади?” дебди таажжубланиб. “Қизим, кечаси бу вақтда ҳалифа ухлаб ётган бўлади, сув қўшганимизни қандай кўради?” дейди онаси. Шунда доно қизи онасини шу сўзлар билан гуноҳдан қайтаради: “Онажон, бугун сизга бир нарса бўлибди, агар сиз айтган хийлани ҳалифа кўрмаса, ҳамма нарсани билувчи Аллоҳ кўриб, билиб турибди-ку! Наҳот сиз гуноҳга қўл урсангиз?!”

Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу бу суҳбатни охиригача эшитди. Эртасига эрталаб ўша хонадонга бориб Аллоҳдан қўрқувчи, гўзал ахлоқли, яхши фазилатли, иффатли ва тарбияли қизни ўғлига сўради. Бутун мусулмон оламининг амири бўлмиш ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу ўғлини фақир қизга уйлантирди. Ўша муборак келиндан шундай фарзандлар дунёга келдики, улардан бири бобоси каби адолатни севувчи, Аллоҳдан қўрқадиган, тарихда “Иккинчи Умар” номини олган Умар ибн Абдулазиз эди.

 Кўрдингизми, келиннинг яхши чиқиши, авлодларингизнинг рисоладаги инсонлар бўлиб етишуви мол-дунё, бойлик, аллақандай латта-путталар билан ўлчанмас экан. Аммо ҳозирги кунимизга назар ташласак, бунинг аксини кўряпмиз. Ҳали хонадонингизга келинни тушириб келмай туриб, қудаларингизнинг қизига қилган сеп-сидирғаси ўртага ташланади. Маҳалла-кўй, қавми-қариндош ҳисоб-китобга тушиб кетади: “Бу кўйлак арзон матоҳ экан”. Биров ҳасаддан, биров кўролмасликдан, биров тушунмаганликдан яна биров душманликдан ичингизга ўт ёқади, гиж-гижлайди: “Вой паст бўлмай ўлсин, куёвга қилган сарпосини қаранг”, “Нима бало, мебелни арзон моллар дўконидан олганми?”, “Сизни ҳурмат қилмас экан-да, манави кўйлакнинг аҳволини кўринг!” Шунақа гаплар билан тўй ҳам татимайди, келиндан ҳам ичингиз чиқмайди. Бу кайфият тез орада ўртадаги муносабатларга ҳам кўчади. Қилдан қийиқ қидириб келинингизга заҳрингизни соча бошлайсиз, уйдагиларини ёмонлайсиз. Оқибатда можаро, ғалва, ҳамманинг дили хуфтон.

Қизининг тинчимаётганидан ташвишга тушган қудалар энди типирчилаб қолишади. Ҳамма нарсанинг ўз ўлчовлари, ўз дунёқарашлари, ўз идроклари билан баҳолаб юрган қудалар сизнинг тушунчаларингиз бошқача эканини тушуниб етгач, энди ўша “бой берилган” кемтикнинг ўрнини тўлдиришга тушиб қолишади. Зир югуриб, ҳузур-ҳаловатдан кечиб, машғулотларини ташлаб, Аллоҳ буюрган ибодатларини ҳам эсдан чиқариб, пул топишга киришиб кетишади. Пул топишолмаса, қарз олиб бўлсаям, қизларига янги сарполар қилишга, хорижий мебел топишга, байрамларда қўша-қўша сават тоғоралар тўлдиришга ҳаракат қилади. Бирон баҳона топиб турли “йўқлов”ларни ташкил этишади. Кечагина “қиз бахти молда эмас” деб юрган бечоралар энди сизнинг ноғорангизга ўйнашга, сиз ўргатган ашулани айтишга мажбур. Шундай қилмаса, қизининг турмуши татимайди, боши ғавғодан бўшамайди, оромлари йўқолади.

Ваҳоланки, Ислом динимиз бундай ёмон иллатларни қоралайди. Ҳар бир ишда инсоф, адолат бўлишини талаб этади. Фақирликни, қўли қисиқликни айб санамайди.

 Андижон “Саййид Муҳйиддин махдум”

ўрта махсус ислом билим юрти мударриси

Рустамжон Маҳмудов