Эрур барҳақ каромат авлиёдин,

   Иноятдур валийларга Худодин.

   Шарх:

   Аллоҳнинг авлиёлари, дўстларининг каромати ҳақдир. Валийларга Аллоҳ тарафидан бир иноят ва меҳрибонликдир.

   (Сўфи аллохёр)

   Охирги пайтларда сохта салафийлар вакиллари илмсизликлари боис оят ва ҳадисларни нотўғри талқин қилишдан ташқари валийларнинг кароматларини кескин инкор этиш йўлидан бормоқда. Бу гўёки мушрикларнинг Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг мўъжизаларини рад этганларига ўхшар эмиш. Аллоҳ ҳар нарсага қодир Зот. Ҳохлаган бандасига набий, расул ёки валийлик мақомини бериш Унинг измида. У Зот ўз дўстларини мўъжиза ёки  каромат ила сийлаши табиий ҳол, албатта. Бунга шак келтириш ноўрин. Валийлар Аллоҳ таолонинг эрка бандалари бўлиб, айрим ишларда бошқалардан ажралиб туришган. Улар ҳаётига разм солсак, теран мушоҳада этсак, бунинг ҳақ эканлигига яна  бир карра амин бўламиз.

   Аввало “валий” тушунчасига эътибор берсак. “Валий” Аллоҳни дўст тутувчи, ибодатда бардавом, ҳукмларда маҳкам, эътиқодда, гуноҳдан йироқ, ҳаромдан узоқ юрувчи кишидир. Зеро, Аллоҳ таоло Қуръони каримда:

   “Аллоҳ иймон келтирганларнинг дўстидир. Уларни зулматдан нур сари чиқаради….”, деган. Шунга кўра барча мўминлар валийдирлар. Бироқ уларнинг Аллоҳга валий-дўстликлари Унга яқинликлари нисбатида кучли ёки кучсиз бўлади…

    Саъдуддин Тафтазонийнинг “Шарҳул aқоидин Насафия” китобида айтиб ўтилганидек, шубҳасиз, уларнинг кароматлари ҳақдир. Бундай каромат узоқ масофани қисқа вақтда босиб ўтиш, муҳтож пайтда озиқ-овқат, ичимлик ва кийим-кечакнинг пайдо бўлиши, сув устида юриш, ҳавода учиш, жонсиз ва тилсиз нарсалар билан гаплашиш, келган балоларнинг зарбини пасайтириш кабиларда билинади. Бу каби ҳолатлар валийларда ғайриоддий йўл билан содир бўлади. Имом Абу Бакр ибн Қурак айтган: “Авлиёларга пайғамбарлардан фарқли ўлароқ кароматларини яшириш вожибдир”.

      Абу бакр Ашъарий эса: “Каромат набийга ҳам, валийга ҳам хос”, деганлар.

    Демак, авлиёларда каромат содир бўлиши айни ҳақиқатдир. Унинг қандай бўлиши ақлга сиғмаса-да, бироқ шариат қоидаларига асло зид эмас. Ақидавий масалаларни мукаммал тушуниш, тўғри талқин қилиш, далил-исботларга суяниб иш тутиш ҳар хил фитна ва зиддиятларнинг олдини олишда айрим бузғунчи гуруҳларнинг ботил эътиқодларига раддия сифатида фойдаланишда  қўл келади. Шундай экан, сохта салафийларнинг кўр-кўрона алдовларига учмасдан, балки ўтган валий зотларнинг йўлларини тутиш, суннатларига эргашиш, ҳикматларига суяниб иш тутиш айни камолот  чўққиси эканини унутмаслик зарур. Уларнинг насиҳатларини қалб қулоқларимиз билан эшитиб, уқиб, тафаккур қилиб  амал қилишликка муваффақ айласин. Амийн.

   “Сохта салафийларнинг саёз сабоғи”  номли китобидан фойдаланилди

Анваржон домла Ибайдуллаев

Олтинкўл туман “Уйшин” жоме масжиди имом хатиби