Тақво инсоннинг қалбида бўлиб, унинг нишонаси амалда ва инсонлар билан муомалада намоён бўлади. Пайғамбаримиз алайҳиссалом ҳадиси шарифларидан бирида:  

“التقوى ها هنا وأشار إلى القلبِ بحسْبِ امريءٍ من الشرِّ أن يحقِرَ أخاه المسلمَ” (أخرجه مسلم).

“Тақво бу ерда, деб қалбга ишора қилдилар ва “Бир кишининг ёмонлигига биродарини таҳқирлаши етарли бўлади”, дедилар” (Имом Муслим ривоятлари). 

Қалб инсон жисмининг гавҳаридир. Инсон маънавияти ва эътиқодининг камолоти ва заволи айнан шу аъзога узвий боғлиқдир. Аллоҳ субҳонаҳу ва таъолонинг ҳузурида ҳам қалб мўътабар.

Шунингдек, Аллоҳ таоло:

﴿أَفَمَنْ شَرَحَ اللَّهُ صَدْرَهُ لِلْإِسْلَامِ فَهُوَ عَلَى نُورٍ مِنْ رَبِّهِ فَوَيْلٌ لِلْقَاسِيَةِ قُلُوبُهُمْ مِنْ ذِكْرِ اللَّهِ أُولَئِكَ فِي ضَلَالٍ مُبِينٍ(سورة الزمر/22)

яъни: “Ахир, кўксини Аллоҳ Ислом учун очиб қўйган, ўзи эса, Парвардигоридан нур узра турган киши (бошқалар билан баробар бўлурми)?! Бас, диллари Аллоҳни эслашдан қотиб қолган кимсалар ҳолига вой! Улар аниқ залолатдадирлар” (Зумар. 22).

Бошқа ояти каримада Аллоҳ таоло:

﴿أَلَمْ يَأْنِ لِلَّذِينَ آمَنُوا أَن تَخْشَعَ قُلُوبُهُمْ لِذِكْرِ الله وَمَا نَزَلَ مِنَ الْحَقِّ وَلاَ يَكُونُوا كَالَّذِينَ أُوتُوا الْكِتَابَ مِن قَبْلُ فَطَالَ عَلَيْهِمُ الأَمَدُ فَقَسَتْ قُلُوبُهُمْ وَكَثِيرٌ مِّنْهُمْ فَاسِقُون﴾ (سورة الحديد/16).

яъни: “Имон  келтирган  зотлар  учун  диллари  Аллоҳнинг  зикрига  ва  нозил  бўлган  ҳаққа  мойил  бўлиш (вақти)  келмадими?!  (Яна улар учун) илгари китоб ато этилган, сўнгра муддат узайгач, диллари қотиб кетган кимсалар каби бўлиб қолмаслик (вақти келмадими)?! Уларнинг кўпи фосиқдирлар!” – дейди (Ҳадид.  16).

Ушбу ояти каримани муфассир Ибн Касир раҳимаҳуллоҳ қуйидагича шарҳлаганлар: “Аллоҳ таоло бу умматдан мўмин-мусулмонларни ўзларидан олдин китоб берилганларга ўхшамасликка чақирмоқда. Зеро уларнинг орзу ҳаваслари кўпайгач, Аллоҳ уларга нозил қилган китобни ўз қўллари билан ўзгартирдилар, уни арзон баҳога сотдилар, унга амал қилмасдан юз ўгирдилар, унинг ўрнига турли ўйлаб чиқилган фикрлар ва сўзларга эргашдилар, Аллоҳнинг динига амал қиламиз деб, ўзларидан бўлган кишиларга эргашдилар, Аллоҳни қўйиб, ўз роҳиблари ва пешволарига суяндилар. Шундай қилиш билан уларнинг қалблари касалликка чалинди ва панд-насиҳат олмайдиган бўлишди. Натижада на Аллоҳнинг хушхабарлари билан қалблари эриди, на ёмон амалларнинг жазоси билан қўрқитилганда эриди”.

Билдикки, аввало қалбни иислоҳ қилиш керак. Яна шуни ҳам билиб қўяйликки, бу дегани ҳар ким хоҳлаганини қилаверади, қалби тоза бўлса кифоя дегани ҳам эмас.

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар:

“إِنَّ اللَّهَ لا يَنْظُرُ إِلَى صُوَرِكُمْ وَأَمْوَالِكُمْ وَلَكِنْ يَنْظُرُ إِلَى قُلُوبِكُمْ وَأَعْمَالِكُمْ”

)رواه الامام البخاري و الامام مسلم عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رضي الله عنه).

“Аллоҳ таоло сизларнинг суратларингиз ва молларингизга назар солмайди, балки Аллоҳ сизларнинг қалбларингиз ва амалларингизга боқади” (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).

Ҳа, амалларимизга ҳам назар солади Аллоҳ субҳонаҳу ва таъоло. Кийиниш ҳам амал саналади. Агар эътибори бўлмаса эди, сатри аврат намознинг фарзи бўлармиди?

Аллоҳ таъоло огоҳлантиради:

يَا بَنِي آدَمَ لاَ يَفْتِنَنَّكُمُ الشَّيْطَانُ كَمَا أَخْرَجَ أَبَوَيْكُم مِّنَ الْجَنَّةِ يَنزِعُ عَنْهُمَا لِبَاسَهُمَا لِيُرِيَهُمَا سَوْءَاتِهِمَا إِنَّهُ يَرَاكُمْ هُوَ وَقَبِيلُهُ مِنْ حَيْثُ لاَ تَرَوْنَهُمْ إِنَّا جَعَلْنَا الشَّيَاطِينَ أَوْلِيَاء لِلَّذِينَ لاَ يُؤْمِنُونَ

Яъни: “Эй Одам болалари, шайтон ота-онангизни ўзларига авратларини кўрсатиш учун устларидан либосларини ечиб, жаннатдан чиқарганидек, сизни ҳам фитнага солмасин. Албатта, у ва унинг ёрдамчилари сизни сиз кўрмайдиган томондан кўради. Биз, албатта, шайтонларни иймон келтирмайдиганларга дўст қилганмиз”. (Аъроф)

Ислом таълимотларига зид равишда Европа маданиятига иқтидо қилиб, кашфи аврат ила йиртиқ-ямоқ кийиниб, авратнинг чегарасини писанд қилмай, камига қалбининг тозалигини даъво қилаётган хомхаёллар яхши билиб қўйсинларки, Ислом дини таълимотларида авратлар берикитилиши лозимлиги Қуръони карим оятлари билан собит бўлган. Қуръони каримгаки беписандлик қилганлар қалби тозалигини даъво қилиши айни аҳмоқликдир.

Яна яхши билиб қўйсинларки, айнан улар тақлид қилаётган Европанинг маънавияти қай ҳолда?! Никоҳнинг эътибори йўқлиги, ҳар ким хоҳлаганича яшаб, хоҳлаган кишиси билан (ҳатто энг яқин маҳрам бўлса ҳам) бўлаётган шаҳвоний ҳаёт тарзини жинсий эркинлик деб даъво қилаётган олабайроқлар ҳам айнан шулар эканлигини биладиларми? Ёки шуни хоҳлайдиларми?

Улуғбек  Йўлдошев