Андижонда масжидлар фаолиятини бошламоқда

969

Жорий йилнинг 5-июнь куни Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг карантин даврида масжидлар фаолиятини ташкил этиш юзасидан БАЁНОТИ эълон қилинди.

Жумладан мазкур БАЁНОТда Республикамиздаги масжидлар 2020 йил 8 июндан бошлаб фақат «яшил» ҳудудларда фаолиятини бошлаши, ушбу масканларда 5–8 июнь кунлари санитар чоралар кўрилиши эълон қилинди.

Шунга кўра Андижон вилоятида ҳам Республика махсус комиссиясининг қарорига кўра «яшил» ҳудуд деб белгиланган Андижон, Асака, Бўз, Булоқбоши, Жалақудуқ, Қўрғонтепа, Марҳамат, Олтинкўл, Пахтаобод, Хўжаобод, Шаҳрихон, Улуғнор туманлари ва Хонобод шаҳридаги мавжуд барча 137та масжидлар 2020 йил 8-июнь кунидан бошлаб санитария талабларига тўла риоя этган ҳолда ўз фаолиятини бошлайди.

Вилоятимизнинг «сариқ» ҳудудлари этиб белгиланган Андижон шаҳри, Балиқчи ва Избоскан туманларидаги мавжуд масжидлар эса ўз фаолиятини хозирча бошламай туришлиги белгиланди.

Шу муносабати билан Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг буйруғига асосан вилоятнинг «яшил» ҳудудларидаги туманларнинг барча масжидларида жорий йилнинг 5-7 июнь кунлари масжидлар фаолиятини карантин даврида ташкил этиш бўйича белгиланган талаблар асосида тегишли тайёргарлик ишлари амалга оширилди.

Жумладан, масжиднинг кириш жойини дезинфекцион “тўшак”лар билан жиҳозлаш, бирламчи дезинфекциялаш воситалари билан таъминлаш;

– ҳар бир намозхон тиббий ниқобда бўлиши, масжидга киришда қўлларини дезинфекциялаш воситасидан фойдаланиши;

– масжидга ташриф буюрган ҳар бир шахснинг касаллик аломатларини текшириш, тана ҳарорати 37ºС ва ундан юқори бўлган ҳолатда фуқароларни алоҳидалаш ва 103 телефон рақами орқали тез тиббий ёрдамга хабар бериш;

– таҳоратхонадан фақат зарур шароитлар яратилган (бир марталик сочиқ-салфетка, антисептик воситалар, суюқ совинлар билан таъминлаш, қисқа муддатларда дезинфекция қилиш), ижтимоий масофаланиш сақланган ҳолларда фойдаланиш;

– масжидда қўл бериб ёки қучоқлашиб саломлашиш тақиқланиши;

– масжид бинолари ва ҳудудини ҳар куни дезинфекция қилиш, хоналарни шамоллатиш;

– масжид ҳудудида ҳар қандай кўринишдаги савдо-сотиқни ташкил этмаслик, ҳадя ва совғалар тарқатмаслик;

– расман рухсат берилгунга қадар жума намозлари ташкил этилмайди;

– масжид ходимлари ва кўнгилли намозхонлардан ёрдамчи гуруҳлар тузилиб, улар томонидан масжид ҳудудида карантин талабларига риоя этилишини назорат қилиш;

– масжидлар фаолияти жойлардаги Санитария-эпидемиологик осойишталик марказлари талабларига мувофиқ ташкил этилишини таъминлаш каби тавсиялар жорий этилди.

Бугунга келиб вилоятнинг «яшил» ҳудуди деб белгиланган Андижон, Асака, Бўз, Булоқбоши, Жалақудуқ, Қўрғонтепа, Марҳамат, Олтинкўл, Пахтаобод, Хўжаобод, Шаҳрихон, Улуғнор туманлари ва Хонобод шаҳридаги мавжуд барча 137та масжидларда юқоридаги талаблар асосида масжидларда 2020 йил 8 июнь, душанба куни бомдод намозидан бошлаб, кунлик беш вақт фарз намозларини ижтимоий масофаланишни сақлаган ҳолда (1,5-2 метр) адо этишлик учун шай ҳолга келтирилди.

Ўз навбатида шуни таъкидлаш лозимки, Аллоҳ таоло Қуръони каримда инсонларни синовли кунларида сабр-қаноатли бўлишга даъват этиб, “Албатта, қийинчилик билан бирга енгиллик ҳам бордир”, деб марҳамат қилган.

Чиндан ҳам, ҳар қандай ташвиш ортида енгиллик ва ёруғлик бор. Муҳтарам Президентимиз бошчиликларида коронавирус касаллигининг олдини олиш борасида амалга оширилган одилона чора-тадбирлар туфайли Ҳақ таолонинг ёрдами ила бу офат жиловланиб, оммавий ёйилиб кетишининг олди олинмоқда.

Бизлар ҳам масжидларга намоз ўқиган, дуою-тазаррулар қилгани борар эканмиз, мазкур талаблардан четга чиқмаган ҳолда, ижтимоий масофани сақлаган ҳолда ибодатларимизни адо этсак мақсадга мувофиқ бўлади.

Бугунги қийинчиликлар албатта ўтиб кетади, ҳали масжидларни тўлдириб жамоатлар бўлади, хатми Қуръонлар ўқилади ва улуғ айёмларни барчамиз биргаликда нишонлаймиз, инша Аллоҳ.

Зеро, Аллоҳ таолонинг уйида қилинган ибодатлар ва дуою-тазаррулар боисидан юртга файзу барака киради ва балою офатлар узоқ бўлади.

Аллоҳ таоло юртимизни турли балоларидан Ўзи паноҳида сақласин. Халқимизни хаётини янада фаровон айласин. Беморларга Ўзининг фазлу-карами ила шифои-кулли ато этсин.

Юртимиз тинч, осмонимиз доимо мусаффо бўлсин.

      

 

Мирзамақсуд домла Алимов

 Андижон вилояти бош имом-хатиби.