Аллоҳу таоло Ўзининг азалий иродаси ва қудрати билан инсон зотини барча мавжудотлардан ақл, тафаккур билан афзал ва мумтоз этиб яратди. Инсон ҳаётига зарур бўлган барча нарсаларни, шу жумладан, унинг умрини, вақтини белгилаб, ҳисоблаб чегараси, қадр-қиймати билан халқ этди. У Зот Қуръони каримда хабар бериб бундай дейди: “Унинг даргоҳида ҳар бир нарса ўлчовлидир”.
Шундан келиб чиққан ҳолда, ҳар биримиз ўзимизга берилган вақтдан унумли фойдаланишга интилишимиз лозим экан. Улуғ аждодларимиз, буюк олимларимиз ўз вақтларига жуда қизғанчиқ бўлишган. Зеро, улар инсон учун берилган вақтни чегарали ва қиймати юқори эканлигини яхши билишган ва шунга мувофиқ амал қилишган. Буюк олим ва воъиз имом Ҳасан Басрий (р.ҳ) айтадилар: “Мен бир қавмни кўрдим, сизларга қараганда ўз вақтларига дирҳаму динорлардан ҳам кўра муҳаббатли эди, яъни умр вақтларининг ҳар бир дақиқасини ғанимат билишар ва умрни фойдали амалларга, дунё ободлигига сарфлашарди”. Инсоннинг умри нима, ундан қандай фойдаланиш керак ва унинг моҳияти нимада, деган саволларга улуғларимиз ўз ҳикматли сўзларини айтишган. Жумладан: Умар ибн Абдулазиз (р.ҳ) айтади: “Кеча ва кундуз сенинг жисмингда ўз ишини кўрсатяпти, демак, сен ҳам уларни ғанимат бил ва фойдаланиб қол”. Баъзи донишмандлар: “Манфурликнинг аломати вақтни зое қилишдир”, деб таъкидлашган. Айрим олимлар эса: “Вақт қиличдир, агар сен уни кесмасанг, у сени кесади , яъни умринг беҳуда кечади.”– деб марҳамат қилишган. Абдуллоҳ ибн Масъуд (розияллоҳу анҳу) айтадилар: “Мен бир куннинг қуёши ботиб, ажалим билан орамиздаги масофа қисқариб, ўша кунги яхши ишларим баракали бўлмаганига қилган афсус-надоматимдан пушаймон бўлмадим”. Ҳазрати Пайғамбаримиз Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи васаллам) ҳам ҳаётлари, сўзлари, амаллари, ибодатлари, умматларига ғамхўрликлари, меҳр-муҳаббатлари, башоратлари орқали вақт-фурсат бебаҳо илоҳий неъмат эканлигини таъкидлаб, бундай деганлар: “Беш нарсани беш нарсадан олдин ғанимат билинг: кексаликдан олдин ёшликни, бетобликдан олдин саломатликни, фақирликдан олдин бойликни, бандликдан олдин бўш вақтни, ўлимдан олдин тирикликни ғанимат билинг ”.
Ҳадиси шариф маъно ва мазмунига кўра, ҳар биримиз бойлик ва саломатликни, ёшлик, ўспиринлик дамларини, кексалик келишидан олдин ғанимат билишимиз жуда муҳимлиги уқтирилади. Башариятга мукаммал илоҳий таълимот ва кўрсатмаларни зўр матонат, сабр-тоқат билан етказган ҳазрати Расули акрам (соллаллоҳу алайҳи васаллам) қиёмат кунида инсон ўзига берилган умрни нимага сарфлагани, ўқиб-ўрганган илмини, мол-дунёсини қандай йўллар билан топгани ва нималарга сарф қилгани ҳақида масъул бўлишини эслатиб, бундай деганлар: “Қиёмат кунида банданинг қадами то тўрт нарсадан сўралмагунча жойидан жилмайди: умрини қандай ўтказгани, ёшлигида нима қилгани, молини қаердан топиб нимага сарф қилгани, илмига қай даражада амал қилгани ҳақида” – дейилади. Имом Ҳасан Басрий (р.ҳ.) ўз ҳикматларининг бирида бундай деб марҳамат қилганлар: “Ҳар куни тонг ёришганда Аллоҳ томонидан бир жарчи: “Эй Одам боласи! Мен янги кунман, сенинг барча амалингга гувоҳман. Мендан яхши амаллар қилиб, фойдаланиб қол, чунки мен то қиёмат кунига қадар қайта келмайман”, деб жар солади”.
Умр инсонни сарфлайдиган асосий дастмояси, сарфланиб кетади ва қайтиб келмайди. У қанчалик кўп бўлса ҳам оздир. Оз бўлсаю баракали бўлса, у кўпдир.
Аллоҳ таоло ўзи берган улуғ неьмат, умр неьматини беҳуда ишларга сарф қилмасдан, балки халқ учун, жамият учун манфаат етказадиган ишлар билан ўтказишликни барчаларимизга насиб этсин.
Искандарбек домла Ортиқов
Олтинкўл туманидаги “Далварзин” жоме масжиди имом-хатиби