“Ақидапарастларнинг пуч ғоялари”

778

Сўзимиз аввалида сизу бизни мусулмонлар жамоасидан, уларнинг ичида аҳли сунна вал жамао жумласидан қилган Аллоҳ таоло Ўзи билган ададичалик ҳамду саноларимиз бўлсин. “Мендан кейин умматларим етмиш уч фирқага бўлинади. Етмиш иккитаси дўзахда, биттаси жаннатда. У – жамоатдир” дея огоҳлантирган Пайғамбаримиз соллаллоҳу алай ҳи васалламга дуруди саловотлар бўлсин.
Аллоҳ таоло Ер юзида инсон ва жинларни фақатгина ўзига ибодат қилишга буюрган. Бу ҳақда Қуръони каримнинг “Зориёт” сураси 56-оятида: “Мен жинлар ва инсонларни фақат Ўзимга ибодат қилишлари учунгина яратдим” дея марҳамат қилган. Одам алайҳиссаломдан то шу кунга қадар ўтган умматларга тўғри йўлни кўрсатиб тургувчи Пайғабар ва Набийлар юборилган. Бизларга эса энг охирги Пайғабар – Муҳаммад соллалоҳу алайҳи васалламга уммат бўлиш бахти насиб айлади.
Туғилишларидан то умрлари охирига қадар мўъжиза ва раҳмату баракотга тўла бўлан, бутун қавми ичида ишончли ва эътиборли бўлган зотга йигирма уч йил мобайнида пайғамбарлик қилиш вазифаси юклатилди. У зот алайҳиссалом бу ишни мукаммал тарзда адо қилиб, саҳобаи киромлар орқали биз умматларга ҳам ҳидоят йўли ўларов мерос қилиб қолдирдилар.
Саодат асри ва унга туташ икки аср мобайнида динимиз ҳамда диний илм-фан ривожланиб кундан-кунга тартибга солиниб борилди. Ҳар бир соҳа алоҳида фан сифатида эътироф этила бошланди. Масалан ҳадис, фиқҳ, ақоид ва бошқа илмлар ривож топиб борди.
Ислом дини бутун дунёга таралиб борди. Мусулмонлар жамоаси унга тўлақонли амал қилган кезларда фақатгина динда эмас, балки, дунё тамаддунига ҳам ўзининг кашфиётлари билан улкан хизматлар қилди. Масалан Ал-Хоразмийнинг алгаритми, Абу Али ибн Синонинг медидцинага қўшган ҳиссаси, бу каби мисолларни кўплаб келтириш мумкин.
Лекин саодат асрида ҳам бўлгани сингари ташидан Исломни қабул қилган, сирти эса нифоққа тўла инсонлар, афсуски, ҳамма замонларда ҳам дин ва жамиятнинг ашаддий кушандаси бўлган.
Шайтоннинг алодивига учган кўплаб тоифалар, ҳатто, ақл бовар қилмас даражадаги аҳмоқона эътиқодларда ҳам бўлган. Бу ҳу ҳусусида Жанобимиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадиси шарифларида шундай марҳамат қиладилар:
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
“Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
“Яҳудийлар етмиш бир ёки етмиш икки фирқага бўлиндилар. Насоролар етмиш бир ёки етмиш икки фирқага бўлиндилар. Менинг умматим эса етмиш уч фирқага бўлинади”, дедилар”.
Бошқа бир ривоятда:
“Етмиш иккитаси дўзахда, биттаси жаннатда. У – жамоатдир” ибораси зиёда қилинган.
Ушбу уч ҳадисни Абу Довуд ва Термизий ривоят қилганлар.
Шарҳ: Бу ҳадиснинг аввалида яҳудийлар ва насронийлар етмиш бир ёки етмиш иккитадан фирқага бўлинганлари айтилмоқда. Бу фирқалар маълум ва машҳурдирлар. Уларнинг залолатга кетишлари ҳам шундай. Ҳадиснинг давомида эса келажакда Ислом уммати етмиш уч фирқага бўлиниб кетиши ҳақида хабар берилмоқда. Минг афсуслар бўлсинким, бу гаплар юзага чиқди. Исломга эътиқод қилиб юрганлар ичида ҳам турли-туман фирқалар пайдо бўлди.
Кези келганда шуни таъкидлаб ўтиш лозимки, ушбу ҳадисда ва шу маънодаги бошқа ҳадисларда зикр қилинган фирқалардан мурод ақийдавий фирқалардир. Баъзи бир ҳаддидан ошганлар ўйлаганидек, фиқҳий мазҳаблар эмас. Чунки фиқҳий мазҳаблар ўз номи билан мазҳаб, фирқа эмас. Фиқҳда ихтилоф, бир-бирини кофир қилиш йўқ. Фиқҳда сиртдан хилоф бўлиб кўринган нарса аслида бир нарсани адо этишнинг турли кўринишлари, холос.
Эътиқоддаги бўлиниш эса фирқачилик деб номланади. Бунда ҳар бир фирқа бошқасини кофирга чиқаради. Уларнинг келишмовчиликлари тавҳид асослари, қазои қадар, Пайғамбарлик шартлари каби масалаларда бўлади. Ақийда китобларида ана ўша фирқаларнинг асосини қуйидаги олти фирқа ташкил этиши айтилган:
1. Рофизалар – шиалар ва уларга тобеълар.
2. Жаҳмия – Жаҳм ибн Сафвон Самарқандининг бузуқ ақийдавий фирқасига эргашганлар. Улар асосан Аллоҳ таолонинг сифатларини манфий қилиш, амалдан қолдириш билан машҳур бўлганлар.
3. Ҳарурия – Хаворижлардан бўлиб, Куфа яқинидаги Ҳаруро деган жойда турганлар. Улар гуноҳкор мўмин дўзахда абадий қолади, гуноҳи кабира қилган мўмин эса кофирдир, дейдилар.
4. Муржиъалар – “Калимаи тавҳидни тил билан айтиб, дил билан тасдиқласа бўлди, амалнинг кераги йўқ”, деганлар.
5. Қадария – қазои қадарни инкор қиладиганлар.
6. Жабриялар – “Инсон ҳамма ишларини мажбур ҳолда қилади, унинг ихтиёри йўқ”, деганлар.
Ушбу асосий олти фирқадан бошқа фирқалар ҳам тарқалган. Бу фирқалар ўзаро талашиб-тортишиб, жуда кўп зарарларга, бало-офатларга сабаб бўлганлар.
Имом Абу Довуд қилган ривоятдаги зиёдада Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:
“Менинг умматимдан бир қавмлар чиқадики, ҳавойи нафс уларга худди қутуриш касали каби, ҳеч бир томирни қўймай киргандек киради”, деганлар.
Ушбу зиёдада мазкур фирқаларнинг умумий сифатлари келтирилмоқда. Уларнинг барчаси ўз кибр-ҳавоси касалига учрайдилар. Худди қутурган ит тишлаб, қутуриб қолган одам ҳолига тушадилар. Тафриқачилик руҳи уларнинг томиртомирларигача сингиб кетади. Мўмин-мусулмонларни кофир қилишдан бошқа нарса кўзларига кўринмай қолади.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам буларнинг ҳукми қандай бўлишини ҳадиси шарифнинг охирида айтмоқдалар:
“Етмиш иккитаси дўзахда, биттаси жаннатда, у жамоатдир”.
Яъни, Ислом умматида пайдо бўлган етмиш учта эътиқодий фирқадан етмиш иккитаси дўзахга, биттаси жаннатга тушади. Ўша жаннатга тушадиган фирқа жамоат фирқасидир. Яъни, мусулмонларнинг асосий оммасини жамлаб, Китоб ва Суннатга амал қилувчи тоифадир. Бу саодатли тоифа “Аҳли сунна ва жамоа” номини олган, яъни эътиқод бобида Суннатга мувофиқ иш кўрувчи ва мусулмонларнинг оммавий жамоасини бирлаштирувчи мазҳабдир.

Алҳамдулиллаҳ, бизнинг юртимиз мусулмонлари доимо шу мазҳабда бўлиб келганлар ва бундан буён ҳам шундай бўлиб қолиши учун ҳаракат қилмоқ лозим.*
Алҳамдулиллаҳ, охирги йилларда улуғ олимлар, ўтган буюк алломалар, дунёга донғи кетган устозлар, бизлар билан ҳамзомон бўлган, динимизга улкан хизматларда камарбаста бўлиб турган диний ходимларимиз ва имом домлаларимиз томонидан нашрга чиқарилаётган китобларини кўриб кўзинг қувонади киши. Ҳар бир йўналишда янги-янги бир-бирини тўлдирадиган китоблар бисёр. Ўша китобларни яхшилаб ўқиб, уқиб, қулоғларимизга қуйиб оладиган бўлсак, на эътиқодда ва на фиқҳда адашмаган бўлар эдик.
Бир ҳадисни ёки ояти каримани фақатгина луғавий таржима қилиб олиб, ёки ўзининг мақсади ва йўналишига солиб таъвил қилишлари натижада китобдан асл манбани ахтармаган фуқарларимиз ва ёшларимиз ғаразли кимсаларнинг домига тушиб қолмоқда.
Юртимиз диний уламоларини ҳамда имомларимизни обрўсизлантириб, асл мақсадларини яширган ҳолда интернетни “гуллатаётган олимлар” кўринишида ҳақ йўлга бошлаётган бўлсаларда ҳақиқатда эса мусулмонларни ўртасига нифоқ солиб, уларни айро йўларга солишни ният қилганлар.
Икки йиллар аммал чамаси бир видео роликка кўзим тушиб қолган эди. Унда Икки-уч нафар Ўзбекистонлик ёш йигитчалар Сурия чегарасида туриб олиб, масжидларнинг миноралари кўриниб турган мусулмонларга қарата: “Ана кофирлар, уларни ўлдириш керак” дея суҳбатлашаётгани тасвирланган.
Кези келганда бир неча саволларни ўшандай кимсаларга бергин келади: Сурия асли қаер? Унинг тарихи, Ислом динида тутган ўрни, у ердан етишиб чиққан жуда катта диний уламолари, ҳатто, замонамизда энг етук олимлар яшаб келаётган жойни қандай қилиб куфр диёри дейиш мумкин?
Хўп, улар айтгандай кофир дейишаётган бўлса, “Ла илаҳа иллаллоҳу Муҳаммадур расулуллоҳ” деб турган одамни кофирга чиқариш қайси мантиққа тўғри келади. Мусулмонларнинг тинч уйига бостириб кириб, унинг мол-мулкини талон-торож қилиш ва аёлини чўри сифати сотиб юбориш ёки шаҳвоний буюм сифатида “аскарлари” орасида “айлантириш” Ислом динининг асослариданми?
Зеро, ҳадиси шарифда Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
“Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мусулмон – мусулмонлар унинг тилидан ва қўлидан саломат бўлган одамдир. Муҳожир – Аллоҳ қайтарган нарсадан узоқда (ҳижратда) бўлган одамдир”, дедилар”.
Бешовлари ривоят қилганлар.
Термизий ва Насаийлар:
“Мўмин – одамлар унга қонлари ва молларини ишонган одамдир” жумласини зиёда қилганлар.* деб марҳамат қилганлар.
Уларнинг даъволарига кўра динни аслига қайтариш, дуё жамиятини битта байроқ остига жамлаб, Ислом халифалиги давлатини қуриш, бунинг учун “ҳижрат”, “жиҳот”, “шаҳидлик” каби улкан ажру савоблар ҳақида оғзиларидан боллар томиб гапирадилару нимагадир у савоблар ўзларига керакмасдек гуё. Юқорида айтганимиздек барчаларимиз юртимизда нашр қилинаётган соф исломий манбалардан фойдаланадиган бўлсак уларнинг қалбаки даъволари остида бошқа ниятлар борлиги намоён бўлади.
Мақоламизнинг келгуси сонида “ҳалифалик”, “ҳижрат”, “жиҳот”, “шаҳидлик” каби динимиз касб этган асл маъно ва моҳияти борасида сўз юритамиз.

Андижон вилояти Шаҳрихон тумани “Қора-кўрпа” масжиди имом-хатиби Баҳриддин Якубов