Бугунги гилобаллашув, теҳника ва илм фан тараққий топган бир даврда, аҳборот алманишуви шиддат билан тезлашиб бормоқда. Инсонларнинг маърифати, маданияти ҳам кундан-кун ўсиб бормоқда. Барча нарсаларнинг янгича турлари, кенг қулай имкониятлари ҳам мавжуд бўлиб бормоқда. Инсониятга ҳизмат қилувчи барча нарсалар ўзгача тус олиб бормоқда, бироқ мусулмоннинг ақийдаси ундай буюмлар сингари янгича шаклга, бошқача кўринишга алмашинмайди. Ислом динимиздаги ақидамиз қандай бўлиши кераклигини, Аллоҳ таоло Ўзининг каломида баён қилганидек, севикли Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васаллам ўргатганларидек, саҳоба икромлар амал қилганларидек, улуғ муштаҳидлар, фуқаҳолар тасдиқлаганидек бўлиши керак ва лозимдир. Бугунги кундаги ақидада адашган, “интернет муллалари”ни чалғитиб айтаётганларидек бўлмаслиги керак. Уларни ақидада адшганларига етарлича далиллар ва ҳужжатлар келтиришлигимиз мумкин. Аммо биз вақтимизни ақидани ўзини бир қатор эслаб олишлигимиз билан банд этамиз.
“Ақийда” сўзи арабча “ақада” феълидан олинган бўлиб, бир нарсани иккинчисига маҳкам боғлаш маъносини англатади. Бу сўзнинг жаъми (кўплик шакли) “ақоид” бўлади. Ислом ақийдаси мусулмон инсонни маълум бир нарсалар билан маҳкам боғлаб турадиган эътиқодлар мажмуъасидир.
Аслида, бирор нарсага эътиқод қилиш учун уни ҳеч қандай шубҳа қолдирмайдиган даражада яхши билиш керак. Бунинг учун, аввало, ўша нарсани идрок қилиш керак. Кейин эса, шу ҳиссий идрок илмий маърифатга айланиши лозим. Сўнгра, замон ўтиши, бошқа далилларнинг собит бўлиши ила ўша илмимиз тасдиқланади ва унга бўлган ишончимиз кучли бўлади. Мазкур илмга бўлган ишонч онгимизда мустаҳкам равишда қарор топганидан сўнг, у бизнинг ақлимизга ва қиладиган ишларимизга ўз таъсирини ўтказадиган бўлади.
Қачонки маълум бир илм бизнинг фикримизга айланиб, ҳис-туйғуларимизни йўллайдиган ва ҳаракатларимизни бошқарадиган ҳолга етганда, ақийдага айланган бўлади. Демак ақийда илмига асосланган бўлиши лозим.
Ақоид илмининг таърифи
Уламоларимиз ақоид илмини турлича таъриф қилганлар. Баъзи мисолларни келтирамиз.
“Фалсафатут тавҳид ав ашрафул мақосид” номли китобнинг соҳиблари Аҳмад Ибн Муҳаммад ибн Муҳаммад ал-Валалий ал-Микносий:
“У яқийний – ўта ишончли далиллардан диний ақийдаларни касб қиладиган илмдир”, дейди.
“Мавоқиф” китобининг соҳиби Абдурроҳман Аҳмад Абдулғаффор ал-Ийжий:
“У, ҳужжатлар келтириш, шубҳаларни рад қилиш йўли билан диний ақийдаларни исбот қилишга қодир бўладиган илмдир”, дейди.
Имом Ғаззолий ўзларининг машҳур “Иҳёу Улумид дин” номли китобларида:
“Ақоид тавҳид идрок этиладиган, Аллоҳ субҳанаҳу ва таъолонинг зоти ва сифатлари билинадиган илдир”, деганлар.
Аш-Шариф ал-Журжоний ўзининг “Ал-Мавоқиф” га қилинган шарҳида:
“Калом бир илмдирки, унда Ислом қонуни асосида Аллоҳ таъолонинг зоти ва сифатлари ҳақида ҳамда бошланиш ва қайтарилиш каби мумкинотлар аҳволи ҳақида баҳс қилинади”, деган.
Муҳаммад Абдуҳ ўзининг “Рисолатут Тавҳид” китобида:
“Ақоид бир илмки, унда Аллоҳнинг мавжудлиги, Унга қандай сифатларни собит қилиш вожиблиги, нима билан васф қилиниши жоиз эканлиги, У зотдан нимани нафий қилиш вожиблиги, Пайғамбарлар ҳақида, уларнинг қандай бўлишликлари вожиблиги, уларга қандай нисбат бериш жоизлиги, уларга нималарни нисбат бериш ман қилингани ҳақида баҳс юритилади”, дейди.
Таърифларнинг энг жамловчиси, энг осони, энг шомили ва энг қисқаси, аллома Али Қорининг “Ал-Фиқҳул Акбар”га қилинган шарҳининг такмиласида, 146-саҳифада зикр қилинган таърифдир:
“У бир илмки, унда эътиқод қилиш лозим бўлган нарсалар ҳақида баҳс қилинади”.
Биз эса, ушбу таърифлар бир-бирини тўлдириб келади ва яна баъзи камчиликлар қолади, деймиз.
Ақидани билишимиз учун мазҳабимиздаги улуғ имомларимизни илмий мерослари мавжуд. Биз мусулмонлар ҳанафий мазҳаб вакиллари, ўша имомларимизнинг китобларидан ўргансак мақсадга мувофиқ бўлади. Бугунги кундаги ақида масаласидаги ихтилофларни пайдо бўлишлигини сабабларидан бири, юртдошларимизнинг аксарлари, интернетдаги манзили аниқ бўлмаган, мазҳаби тайин бўлмаган кимсаларнинг маърузаларини, даъватларини тинглаб, уларга кўр-кўрона эргашиб, ишониб қолаётганларидадир. Юртимизда фаолият олиб бораётган масжид ва мадрасаларимиздаги дин ходимларидан, ақида ва шунга боғлиқ бўлган масалаларни сўраб тушуниб олсак энг олий мақсадимиз бўлади. Аллоҳ таоло ақийдамизда, динимизда Ўзи мустаҳкам қилсин.
Олтинкўл тумани “Кўтармачек” жомеъ масжиди
имом-хатиби Аҳмадали Худайбердиев.