«Иммунитет» лотинча сўз бўлиб, «озод бўлиш», «қутулиш» деган маъноларни англатади. У тиббиётда организмнинг доимий ички муайянлигини сақлаши, ўзини турли, шу жумладан, зарарли таъсирлардан ҳимоя қилишга қодир бўлган хусусиятлар мажмуини ташкил этади. Тиббиёт истилоҳида иммунитет инсон танаси учун ёт бўлган зарарли бактериялар ва инфекцияларга қарши туриб уларни бартараф қилиш тушунилса, мафкуравий иммунитет замирида миллий манфаатларга хос бўлган ҳамда турли ёт таъсирлардан холи ва уларга қарши тура оладиган ички, ботиний кучдир.

Иммунитет шакллантиришнинг асосий ва биринчи унсури бу мафкуравий бўшлиқни тўлдириш, яъни билимдир. Барчамизга сир эмаски, собиқ Шўролар узоқ йиллар давомида маънавият ва маърифатни бир томонлама урғу берган ҳолда шакллантирилгани юртимиз озодлигини қўлга киритган дастлабки йилларида халқимизнинг онг ва тафаккурида мафкуравий бўшлиқ пайдо бўлишига сабаб бўлди.

Бу омиллар шубҳасиз, баъзи ёт ғоялар таъсирига хизмат қилувчи кучлар манфаати йўлида муҳим омил вазифасини бажариб, баъзи шахслар, хусусан етарли мафкуравий иммунитетга эга бўлмаган ёшларимиз онгига ўз бузғунчи ғояларини сингдиришда қўл келди.

Ҳозирда, ёшларда мустақил тафаккур ва эркин фикрлай олиш қобилиятларини шакллантириш, уларни онгига ватанпарварлик, миллийлик, халққа садоқат руҳидаги мафкураларни сингдириш лозим. Зеро, бугунги кунда бирор бир халқ ёки ҳудудни эгаллаш учун турли замонавий қурол-яроғлардан кўра, ғоявий кураш услуби анчайин маъқул кўрилган усул сифатида қаралмоқда. Президентимиз Ислом Каримов таъкидлаганидек, «бугунги кунда инсоният қўлида мавжуд бўлган қурол-яроғлар ер куррасини бир неча бор яксон қилишга етади. Буни ҳаммамиз яхши англаймиз, лекин ҳозирги замондаги энг катта хавф инсонларнинг қалби ва онгини эгаллаш учун узлуксиз давом этаётган мафкуравий курашдир. Эндиликда ядро майдонларида эмас, мафкура майдонларида бўлаётган курашлар кўп нарсани хал қилади. Бу аччиқ ҳақиқатни ҳеч қачон унутмаслик лозим»[1].

Яна бир ўринда Юртбошимиз томонидан: «Таъбир жоиз бўлса, айтиш мумкин-ки бугунги замонда мафкура полигонлари ядро полигонларидан ҳам кўпроқ кучга эга. Бу масаланинг кишини огоҳ бўлишга ундовчи томони шундаки, агар ҳарбий, иқисодий-сиёсий тазйиқ бўлса буни сезиш, кўриш, олдини олиш мумкин, аммо мафкуравий тазйиқни, унинг таъсири ва оқибатларини тезда илғаб етиш ниҳоятда қийин»[2]. Дарҳақиқат, ҳар қандай ядровий қуролнинг таъсир кучини, кўламини ва ундан ҳимояланиш чорасини кўриш мумкин, бироқ мафкуравий ҳужумни қай тарзда юз бериши, унинг кўламини яққол англаш учун йиллар зарур бўлади.

Демак, унга қарши фақатгина, илмий ва ахлоқий салоҳият, ватанга садоқат, миллий, диний ва умумбашарий қадриятларга ҳурмат туйғуларини янада кучайтириш билангина қарши туриш мумкин. Зеро Юртбошимиз «Ўзбекистон XXI асрга интилмоқда» асарида таъкидлаганидек: «Биз ўз ҳақ ҳуқуқларини танийдиган, ўз кучи, ўз имкониятларига таянадиган, атрофида содир бўлаётган воқеа ва  ҳодисаларга мустақил муносабат билан ёндашадиган, айни замонда шахсий манфаатларини мамлакат ва халқ манфаатлари билан уйғун ҳолда кўрадиган эркин, ҳар жиҳатдан баркамол инсонларни тарбиялашимиз керак»[3].

Ёшларимизнинг кўп вақтлари мактаб, лицей, коллеж ёки олийгоҳларда ўтади. Демак, ушбу масканларда ҳам тегишли тушунтириш ишлари олиб бориш диний экстремизм, ақидапарастлик, миссионарлик ва уларнинг зарарли оқибатлари ҳақида тўлиқ маълумотни бериш лозим. Айниқса, бугунги мураккаб мафкуравий жараёнларни илмий – амалий жиҳатдан атрофлича таҳлил қилиш ва баҳолаш, уларнинг устувор йўналишларини кимга ва нимага қарши қаратилганлигини аниқлаш, аҳоли турли қатламларга таъсирини ўрганиш, миллий манфаатларимизга зид бўлган зарарли ғоялар ва мафкуравий хуружларнинг моҳиятини очиб бериш, ёшларимиз қалбида миллий тафаккур ва соғлом дунёқараш асосларини мустаҳкамлаш алоҳида касб этади.

Фақат ана шундай асосда ёшларни ўз фикрига эга, турли мафкуравий хуружларга қарши собит тура олишга қодир бўлган, иродали, фидойи ва ватанпарвар инсонлар этиб тарбиялашга эришиш мумкин.

Санатбек домла Турсунов,
Андижон тумани  “Усмони Зиннурайн”
жоме масжиди имом-хатиби.