Aннoтация: Ислом таълимоти асосан VII-VIII асрларда шаклланган бўлсада, унинг тараққиёти IX асрнинг охири, X асрнинг биринчи ярми алоҳида аҳамиятга эга. Чунки айни даврда илоҳиёт илмининг икки йирик дарғаси – Имом Абу Мансур ал-Мотуридий ва Имом Абул-Ҳасан ал-Ашъарий фаолият кўрсатган.

Калит сўзлар: калом, мутакаллимлар, мотуридия ва ашъария, аҳли сунна вал жамоа

Калом – ислом илоҳиёти илми VIII – асрда пайдо бўлган. Бу илм Ислом дини таълимотини асослашга ҳаракат қилди. Калом тарафдорларини «Мутакаллимлар» дейдилар. Калом турли диний – сиёсий гуруҳлар (хорижийлар, қадарийлар, жабарийлар, муржиъийлар) пайдо бўлиши билан боғлиқ баҳслар жараёнида вужудга келди ва тараққий топди.
Мотуридия ва ашъария ўртасидаги иймон рукнлари масаласида фарқ бўлиб, ашъарияда моликий, шофиий ва ҳанбалий мазҳаблари фикри: «Имон – тил билан иқрор бўлиш, дил билан тасдиқлаш ва амал қилишдир. Иймон кўпаяди ва камаяди», деб учта рукнга бўлинади ва мўмин-мусулмон бўлиш учун мазкур рукнларнинг барчаси шарт қилинади. Мотуридий эса Абу Ҳанифа изидан бориб, «Иймон – бу тил билан иқрори ва қалб тасдиғи бўлиб, кўпаймайди ҳам, камаймайди ҳам. Иймон яхлитдир, фақат нури ёруғлашади ёки хиралашиб туради. Иймоннинг икки рукнини адо этиб, амалларни бажармаган киши кофир бўлмайди, балки фақат гуноҳкор бўлади», деган фикрни илгари суради .
Ислом келиб, мазкур ақийдаларнинг барчасини ислоҳ эта бошлади. Мусулмонлар ўз ақийдаларини Пайғамбаримиз (с.а.в) дан ворид бўлаётган оят ва ҳдислардан ола бошладилар. Дастлаб уларда бу икки манбадан бошқа нарса ҳақида ўйлаш ҳам йўқ эди. Ҳамма нарса фақат шу икки манбадан келиб чиқар эди.
Исломда энг нозик масала эътиқод масаласи эканлиги ҳаммага маълум. Айни ана шу эътибордан Аллоҳ таоло ақийданинг жавҳарий – асл масалаларини, бошқача қилиб айтганимизда, рукнларини Қуръони Карим орқали собит қилгандир. Чунки, бу соҳада бир сўз билан кишининг иймони куфрга, жаннати дўзахга айланиб кетиши мумкин.
Шунинг учун ҳам, ақоид илми уламоларимиз Қуръони Каримдан кейин иккинчи ўринда турадиган далил – ҳадиси шарифларни ақийда бобида далил қилароқ қандоқ шатлар ила қабул қилиш кераклиги ҳақида тортишганлар. Тортишув асосан жумҳури уламолар билан баъзи ҳанбалийлар орасида бўлган .
Оила кўрган зинокорни тошбўрон қилиш Қуръонда йўқ, лекин суннат билан собит бўлган. Шунингдек, бир гувоҳ ва қасам билан ҳукм чиқариш, эркакларга тилла ва ипакли кийим кийишнинг ҳаромлиги, садақаи фитр каби ҳукмлар суннат билан собит бўлган.
Суннати мутаҳҳара Ислом шариатининг иккинчи масдари ўлароқ ақида масаласида ҳам Қуръони каримдан кейингииккинчи масдар ҳисобланади. Аммо ақоид илми уламолари Суннати мутаҳҳарага нисбатан ўзига хос қоида, услуб ва истилоҳлар ишлатадилар. Бу эса, худди Ҳадис, Усули фиқҳ ва Фиқҳ илмлари уламолари ўзларига хос қоида, услуб ва истилоҳлар ишлатганларига ўхшайди. Ақоид илми уламолари ўзлари шуғулланаётган соҳа ўта нозиклигидан, ўта ҳассослигидан келиб чиқиб, ҳадисларни қабул қилиш ва улардан ақида масалаларида ҳужжат сифатида фойдаланиш борасида ҳам жуда нозик ва ҳассос қоидаларни ишлатганлар.

Ж.Эргашев