Имом Бухорийнинг буюк мероси

410

     Имом Бухорийнинг «Ал-Жоме ас-саҳиҳ» асари, ислом дини алломаларининг далолатига кўра, Қуръони каримдан кейинги асосий манба ҳисобланади. Бу асарнинг тўлиқ номи «Ал-Жоме ас-саҳиҳ ал-муснад мин ҳадийс Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва сунаниҳи ва аййомиҳи»дир.

   Имом Бухорий ғоятда тақводор ва покиза инсон бўлганидан Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳиҳ ҳадисларини тўплашга жуда зўр масъулият ва ҳалоллик билан ёндашган. Шу боисдан ҳам алломанинг ўзлари: «Ас-Саҳиҳ» китобимга таҳорат қилиб икки ракаат намоз ўқимасдан туриб биронта ҳам ҳадис киритмаганман, деб таъкидлаганлар. Ўрни келганда таъкидлаш жоизки,ўша даврларда яратилган ҳадис тўпламларига хилма-хил ҳадислар билан бир қаторда Саҳобаларнинг қавлларию тобеъинларнинг фатволари ҳам киритилган. Имом Бухорийнинг бу йирик асарида, муаллифинг ўзи ҳам, 600 000 ҳадисдан сараланиб, саҳиҳлари танлаб олинган ва 16 йил давомида таълиф этилган.

   Имом Бухорий бу китобни 217-йили, муборак ёшлари йигирма учга етганда бошлаб, 233-йили ёзиб тугатганлар.

   Ушбу китобни бизни асримизда нашр қилинганларидаги сонига келсак, жумладан, 1990 йил Дамашқда нашр қилинган  «Саҳиҳул-Бухорий» нинг 4-босмасида  жами бўлиб 100 бобга ажратилган 7124 ҳадисни санаб келтирганлар.

   Бизнинг бобомиз шу қадар буюк мерос қолдиб кетган эканки, ҳаттоки бу асарнинг даражаси шундай ўринларга кўтарилди. Демак, биз ҳам бу меросдан унумли фойдаланмоқлигимиз, унинг қадрига етмоғимиз зарур.

 ЎМИ Андижон вилояти вакили ўринбосари М.Мўминов