Рамазон ҳикматлари

1080

Аллоҳга беадад ҳамду санолар бўлсинки, юртимизга ойларнинг султони, Қуръон ойи, раҳмат ойи, мағфират ойи бўлмиш муборак Рамазони шариф ўзининг таровати, саҳовати ва барокати билан ташриф буюрди.
Аллоҳ таоло марҳамат қилиб айтади:
“Эй иймон келтирганлар, тақволи кишилар бўлишингиз учун сизлардан олдин ўтганларга фарз қилингани каби сизларга ҳам саноқли кунларда рўза тутиш фарз қилинди. Энди сизлардан бирор киши касал ёки мусофир бўлса, у ҳолда (рўза тутолмаган кунларининг) саноғини бошқа кунларда тутади” (Бақара сураси, 183–184-оят).
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллалоҳу алайҳи вассалам: «Ким Рамазон рўзасини иймон ила савоб умидида тутса, унинг ўтган гуноҳлари мағфират қилинур», дедилар».
Бешовлари ва Аҳмад ривоят қилган.
Рўзадорлар дунёда Аллоҳ таолонинг маҳбуб бандалари, охиратда жаннат уйининг улуғ меҳмонлари бўлишади. Рамазон инсон нафсини жиловлаш, поклаш, чиниқтиришнинг энг қулай фурсатидир.
Рўза тутиш инсоннинг соғлиғи учун ҳам жуда фойдали бўлиб, бир ой рўза тутган инсон жисмида қуйидагича фойдали ўзгаришлари кузатилади:
1.Баданида саксон фоиз заҳарли моддалар чиқиб кетади.
2.Ошқозон ости бези фаол ишлайди.
3.Мия никотин моддасидан халос бўлади.
4.Қариш жараёни уч ой ортга сурилади.
5.Иммунитет ва қон айланишда муҳим аҳамиятга эга бўлган ҳужайраларни ҳимоя қилади.
6. Буйракни ювади.
Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи вассаллам:«Рўза тутинглар, соғлом бўласизлар», дея рост сўзлаганлар.
Рўза кишида ўзига ишонч ҳиссини пайдо қилади. Рўза тутган киши Аллоҳнинг ёрдами билан ҳавоий нафс тизгинини забт қилиш имкониятига эга бўлади.
Рўза фақат овқатдан тийилиш эмас, ҳақиқий рўза- аъзоларнинг гуноҳдан тийиш. Тилни ортиқча сўзлардан тийиш, кўзни харом нарсаларга қарашдан тийиш, қўлни бировни уришдан тийиш, оёқни ёмон жойларга қадам босишдан тийишдир.Жисмнинг рўзаси овқатдан тийилиш. Қалбнинг рўзаси-гуноҳлардан тийилиш.
Раҳмат эшикларининг энг кенг очиладиган пайти Рамазон ойида бўлади.
Рамазонда бир кеча борки у минг ойдан яхшидир.
Аллоҳ таоло Қадр сурасида шундай марҳамат қилади:
«Лайлатулқадр минг ойдан яхшироқдир» (Қадр сураси, 3-оят).
Ушбу оят тафсирида аллома Ибн Касир, жумладан, қуйидагиларни ёзганлар:«Бир киши силоҳ олиб минг ой Аллоҳнинг йўлида жиҳод қилганиривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллаҳу алайҳи вассаллам ва мусулмонлар бундан ажабланадилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассаллам ўз умматларига ҳам шундоқ бўлишини орзу қилиб: «Эй роббим, менинг умматимни умматлар ичида умри қисқа амали оз қилдинг!» дедилар.
«Лайлатулқадр сенга ва умматингга ўша одам жиҳод қилган минг ойдан яхшироқдир», деди Аллоҳ таоло.
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассаллам:«Қадр кечасини Рамазондаги охириги ўн кунликнинг тоқ кечаларидан изланглар», дедилар». Имом Бухорий ривоят қилган.
Уламоларимиз Қадр кечасининг қайси эканлигини тайин қилишда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Лайлатулқадр Рамазоннинг йигирма еттинчи кечасида», деган ривоятини ихтиёр қилганлар.
Бу ойда ҳар бир солиҳ амалнинг савоби кўпайтириб берилади.Бунинг учун ўша амаллар риёдан холи бўлиши керак.
Аллоҳим! Рамазон ойи кунларини бизга баракали қил. Рамазоннинг яхшилиги, баракаси ва раҳматини бизларга насиб қил!

Б.Қодиров

Бўстон туман бош имом хатиби