Ислом динидаги ибодатлар маълум бир амаллар билан чекланиб қолмасдан балки ижтимоий манфаати бор бўлган ҳар қандай ишни Ислом, модомики яхшилик қилгувчи киши одамларнинг мақтови, уларнинг орасида обрў- эътибор орттириш мақсадида қилмаган экан энг афзал ибодатлардан бири деб ҳисоблайди.
Қайғуда қолган одамнинг кўз ёшларини аритиш, бошига мусибат тушганнинг мусибатини енгиллатиш, қалби ўксикнинг қалбига сурур бағишлаш, оч одамга таом едириш, мазлумни ҳимоя қилиш, золимнинг қўлини қайтариб қўйиш, қарзини узолмай юрганнинг қарзини узишга кўмаклашиш, фарзандлари бор камтар камбағалга ёрдам бериш, йўл тополмай турганга йўл кўрсатиш, илмсизга илм ўргатиш, мусофирга бошпана бериш, бирор – бир ҳайвондан ёмонликни даф этиш, кўчада йўловчиларга озор берадиган нарсаларни олиб ташлаш, тирик жонга манфаат етказиш – мана шуларнинг барчаси агар ният тўғри бўлса, ибодат, Аллоҳга яқин қиладиган ишлардир.
Ана шунай турдаги кўплаб амаллар борки Ислом уларни Раҳмонга ибодат қилиш деб, иймоннинг шўъбаларидан деб, Аллоҳнинг наздида савобга молик қиладиган ишлардан деб белгилаган. Ана шундай мақталган амаллардан бири деҳқончиликдур.
Динимизда деҳқончилик, ерни обод қилиш масаласига алоҳида эътибор берилган. Деҳқончилик фазилатли амалдир. Кўплаб оятларда боғлар ва далаларнинг ҳосили Аллоҳ таолонинг изни ва иродаси билан етилиши баён этилган. Бу эса деҳқонларнинг меҳнати Аллоҳнинг ёрдамида эканига ва Аллоҳ таоло уларга кўмакчилигига далолат қилади.
Деҳқончиликка назар солинса, бу касб инсоннинг қалбини Аллоҳ таолонинг тоатига яқин қилади. Деҳқон одам уруғни экади, осмондан ёмғир ёғишини Аллоҳ таолодан сўрайди. Сўнг, ўша эккан уруғидан ўсимлик униб чиқишидаги Аллоҳ таолонинг қудратига гувоҳ бўлиб туради.
Бу билан деҳқонда икки сифат – Аллоҳга иймон ва таваккал жамланган бўлади. Чунки, деҳқончиликда, бошқа касблардан кўра таваккал кўпроқ бўлади. Ерга уруғ экилди, энди қолгани Аллоҳдан, деҳқон одам шунга таваккал қилади. Қалби Аллоҳ таолога доим боғланиб туради. Шунинг учун ҳам баъзи уламоларимиз деҳқончиликни энг афзал касб деганлар.
Аллома Мовардий роҳимаҳуллоҳ айтадиларки: “Инсоннинг тирикчилиги уч нарсага боғланган бўлади: деҳқончилик, тижорат ва ҳунармандчилик. Менинг наздимда деҳқончилик энг покизаси ва энг афзалидир”, деганлар.
Ким кўчат, дарахт экса, ер юзида Аллоҳ таолога сажда қиладиган дарахт сонини кўпайишига сабаб бўлган бўлади.
Динимизда дарахт экишнинг фазилатларидан бири шуки, дунёда солиҳ амаллар қилган мўъмин бандага жаннатда унинг учун мукофот тарзида дарахт экилишидир.
“Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Кимки “Субҳаналлоҳил аъзим ва биҳамдиҳи” деса, жаннатда у учун хурмо (бир ривоятда дарахт) экилади.
Дарахт экиш жуда улуғ ишки, нафақат дунёда балки жаннатда ҳам экилади ва бу банданинг солиҳ амалига жаннатда мукофот тарзида берилади.
Ер юзида илк бор қилинган меҳнат ҳам айнан деҳқончилик бўлган. Хабарларда келадики, Одам алайҳиссалом жаннатдан ер юзига туширилганида, Жаброил алайҳиссалом буғдой олиб келиб, ерга экишга буюради. Одам алайҳиссалом буғдойни ерга эккан, суғорган ва ҳосилни йиғиштириб олганлар. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
“Сизларнинг касбларингизнинг энг яхшиси ер ҳайдаш (деҳқончилик) ва қўй боқишдир. У пайғамбарларнинг амалидандир. Ер ҳайдовчи деҳқон ўзининг амали туфайли етган ҳар бир нарса учун ажр олади”, дедилар.
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам деҳқончилик қилиш ва дарахт экишнинг фазилати, бу ишларни қилган одам учун Аллоҳнинг наздида ёзиладиган савоби ҳақида ушбу гапни айтганлар: «Қайси бир мусулмон бир кўчат экадиган бўлса ёки бир экин қиладиган бўлса, ва ўшандан бирор қуш ё инсон ёки ҳайвон ейдиган бўлса, унинг эвазига унга садақанинг савоби бўлур». (Муттафақун алайҳ).
Саҳобалар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бу тарғибларига гўзал амал қилганлар. Абу Дардо розияллоҳу анҳу Дамашқ кўчаларининг бирида кўчат экаётган эдилар. Бир киши ўтиб қолиб, у кишига: “Нега бу ишни қиляпсиз, ахир сиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг саҳобаларидансиз-ку?” дебди. Шунда Абу Дардо розияллоҳу анҳу: “Сен шошма, мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: “Ким бир кўчат экса, ундан бирор одам ёки Аллоҳ яратган махлуқотлардан биронтаси еса, бунинг эвазига ўша (кўчат эккан банда)га садақа бўлади”, деб айтганларини эшитганман”, дебдилар (Аҳмад ривояти).
Деҳқончилик қилиш, экин экишнинг яна бир фазилатларидан бири, деҳқон ҳаққига ҳатто Аллоҳ таолонинг мукаррам бандалари — фаришталар ҳам истиғфор айтиб туришади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам муборак ҳадиси шарифларида шундай деганлар:
“Албатта, фаришталар, экин ёки кўчат экувчининг ҳаққига, модомики, эккан нарсаси кўкариб тураркан, истиғфор айтиб туришади”, деганлар.
Фаришталар кимнинг ҳаққига истиғфор айтсалар, албатта, Аллоҳ таоло ўша банданинг гуноҳларини мағфират қилади. Экин экувчи, кўчат экувчи деҳқон ҳаққига фаришталарнинг истиғфор айтишлари сабабли Аллоҳ таоло унинг гуноҳларини мағфират қилади.
Аллоҳ таоло барчаларимизга шаҳримиз ва маҳаллаларимиз кўчаларига, ҳонадонларимиздаги бўш турган экин ерларига мевали дарахт ва кунлик истеъмолимиз учун керак бўладиган махсулотларни экиб унумли фойдаланишимизга куч-қувват, ғайрат шижоат берсин. Деҳқонларимизнинг ҳосилларига Яратганнинг ўзи барака берсин.
Аллоҳ таоло бошимиздаги бу улкан синов касалликни тезроқ кўтарсин. Бу синовдан барчаларимиз гўзал сабр, ибрат, поклик ва бардавом дуолар билан, сўнгида эса савоб ва мукофот билан чиқишлигимини насиб қилсин.
Юртимиз тинч, осмонимиз мусаффо барчамиз самимият билан истиқомат қилмоқдамиз, Аллох таоло буни бизларга бардавом қилсин.
Мухаммадкуддус Абдухалимов
Хўжаобод туман
“Етти чинор”
жоме масжиди имом-ноиби