Аллоҳ таоло бандаларни яратишдан мақсади, ўзига ибодат қилиш учун эканини марҳамат қилган. Шундай экан мўмин-мўмина, муслим-муслималар ҳаммалари гўё тижорат қилаётган тожирга ўхшайди, қаерда фойдали ва тезроқ сотилиб кетадиган мол бўлса ана шунга маблағини сарф қилади. Иймонли бандалар ҳам ибодатда қайси савобли ишлар Роббимни рози қилар экан деган нийятлари ила катта ва кичик ишларни назарларидан четта қолдирмай ҳамма амаллар учун қувватини сарф қилади. Аллоҳ таолонинг назаридан бирор-бир амал холий бўлмайди. Ҳар бир нарсаларни ўлчови бўлгани каби савобларни ўлчов ҳам хатто заррани ўлчашлигини Қуръони каримда Аллоҳ таоло марҳамат қилади:
“Бас, ким зарра оғирлигида яҳшилик қилса ҳам кўрадир.
Ва ким зарра оғирлигида ёмонлик қилса ҳам кўрадир. (Яхшиликнинг ҳам, ёмонликнинг ҳам катта-кичиги бўлмайди. Ҳаммасининг ҳисоб- китоби бўлади, қиёматда жавоб бериш керак. Ҳар доим яхшиликни қилиб, агар у кўзга кўринмас зарра миқдорида бўлса ҳам ёмонликдан қочиш керак.)”.
(Залзала сураси 7-8 оятлар)
Ҳар доим, агар кўзга кўринмас зарра миқдорида бўлса ҳам, яхшиликни қилиб, шунингдек, агар кўзга кўринмас зарра миқдорида бўлса ҳам, ёмонликдан қочиш керак. Бунинг мисолида қуйидаги ҳикояни келтирамиз.
Халил р. а бўйра тўқиш билан шуғулланар эди. Бўйрасиз намозхонни кўриб қолса ёки намоз ўқиш учун ҳеч қандай тўшамасиз намозхонни кўрса дарҳол унга бўйра тўқиб совға қилар эди. Бир куни ажиб бир туш кўрди. Тушида умуртқасидан ток новдаси ўсиб чиқиб бир бош узум солибди. Кишилар келиб у бош узумдан ейишаётган эмиш. Аммо бир бош узум ҳеч тугамас эмиш. Туш бир неча бор такрорлангач бир шайхнинг ҳузурига бориб таъбирини сўради.
Шайх ундан:
– Фарзандингиз борми? – деб сўради.
Халил:
– Ҳа, ўғлим бор. Ёши иккида, – деди.
Шайх:
– Уни Азҳарда таҳсил олгизинг. Диний билимларни ўргансин. Иншааллоҳ буюк инсон бўлади, -деди.
Шундай ҳам бўлди. Отаси уни Азҳарда ўқитди. Саккиз ёшида қуръонни ёд олди. Дунёда биринчи бўлиб мусҳафи шарифни магнит тасмасига Имом Осимдан Ҳафснинг ривояти асосида ёздирди. Шу сабабми Аллоҳ унинг бу меҳнатига машҳурлик ато қилди. У бутун дунёга тарқалди.
Кейинчалик бошқа қироатларни ҳам магнит тасмасига туширди. У “Ўргатувчи ” услубида қуръонни биринчи бўлиб магнит тасмасига ёздирди. У биринчи бўлиб Бирлашган миллатлар ташкилотида қуръон ўқиди ва пешин вақтида азон айтди. У биринчи бўлиб Америка конгресида қуръон ўқиди. У қуръон қироатига бағишланган бир қанча асарлар битди. Унинг қарийб эллик беш йиллик қуръон билан қилган сафари 1980 йил 23 ноябрда ниҳоясига етди. Бу улуғ қироат соҳиби Маҳмуд Халил Ҳусорий раҳимаҳуллоҳдир.
Биз ҳали ҳам ўша бир бош узумдан баҳраманд бўлаяпмиз. У ҳали ҳам тугагани йўқ.
Отаси Халил намозхонларга бўйра тўшаб яхши иш қилди. Аллоҳ унинг ўғлининг овозини бутун дунёга “Ҳусорий” (бўйрачи) номи ила таратди.
Биз ҳам ҳозирги бўш қолган олтин вақтимиздан оқилона фойдаланиб, фарзандларимизга диний – дунёвий билимларни бериб, уларда инсонийлик фазилатларини ривожлантирсак айни муддаодир.
Зора биздан ҳам инсонларга наф тегса, зора бир бош узумдан биз ҳам етиштирсак. Азизлар вақтни қадрли билиб ундан тўғри ва оқилона фойдаланайлик. Халқимизга яхши ҳулқли, зукко фарзандлар керак. Уларни эса биз ота – оналар устозлар тарбиялашимиз керак. Шу йўл билан халқимиз учун катта фойдамиз тегади. Келинг бунга ҳаммамиз киришайлик. Аллоҳ розилиги учун қиладиган амалимизни катта –кичкиги бўлмайди.
Зиёдуллоҳ Зияиддинов
Ҳўжаобод тумани
“Кўфа”
жомеъ масжиди имом ҳатиби