Ёлғон сўзлашдан ва қийлу-қолдан сақланайлик!

1189

Одамларни яхшиликка ундовчи, ҳидоятга чорловчи, ахлоққа чақирувчи сўзлар сўзларнинг энг гўзалидир. Аксинча, ўзгаларга озор етказувчи, ғийбат, ёлғон, фисқ-фужур ва фаҳш сўзлар уларнинг энг ёмони ва қораланганидир.
Абдурроҳман ибн Абу Бакра(р.а)дан, у отаси розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уч марта:«Сизларга гуноҳларнинг каттаси хабарини берайми?» дедилар. «Ҳа, эй Аллоҳнинг Расули!» дейишди. «Аллоҳга ширк келтириш. Ота-онага оқ бўлиш», дедилар ва ёнбошлаб турган эдилар, тик туриб, ўтириб:«Огоҳ бўлинглар, ёлғон гап!» дедилар. Ана шу гапни қайта-қайта такрорладилар, қўрқиб кетганимдан «сукут сақласайдилар» дедим». Мана бу ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳга ширк келтиришдек буюк, ота-онага оқ бўлишдек дунёдаги энг катта гуноҳлардан бири ёлғон гап эканини айтяптилар. Демак, Аллоҳга ширк келтиришдан, ота-онага оқ бўлишдан инсон қанчалик қўрқса ёлғон гапиришдан, тўқима бўҳтонлардан ҳам шунчалик даражада эҳтиёт бўлиши лозим экан. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ҳадисда энг катта гуноҳлар ҳақида хабар бермоқдалар. Ана шу учта катта гуноҳнинг бири ёлғон гапириш экан.
Муғийра ибн Шўъба(р.а)нинг котиби Варрод(р.а)дан ривоят қилинади:«Муовия (р.а)Муғийра ибн Шуъба(р.а)га хат ёзиб, менга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан эшитганларинг ҳақида бир мактуб ёзиб юбор», деди.«Бас, у менга имло қилди. Мен қўлим билан ёздим:«Мен у зотнинг кўп саволдан, молни зое қилишдан ва қийлу қолдан қайтарганларини эшитдим», деди». Ушбу ҳадиси шарифда ман қилинаётган нарсалардан бири, «қийлу қол», яъни одамлар орасида уларнинг гапларини «деди, деди» шаклида беҳуда гапириб юриш. Яъни, ўзи аниғини билмайдиган, бефойда, ғийбатдан иборат ва тўғри бўлмаган ёлғон гапларни нақл қилиб юриш. Аммо гап аниқ, ишончли кишидан содир бўлган рост ва фойдали бўлса, инсонларин вахимага тушишига сабаб бўлмаса уни гапириш жоиз.
Муоз(р.а)дан ривоят қилинган ҳадисда: «Пайғамбаримиз алайҳиссалом тилларига ишора қилиб: «Сен тилингни тий», дедилар. Шунда мен: «Гапирган нарсаларимиздан ҳам сўраламизми?» десам, у Зот: «Онанг сени йўқотиб қўйсин, кишиларнинг дўзахга юзтубан ёки кўксилари билан ағдарилишлари фақат тиллари орқали қилган гуноҳлари сабабидандир», дедилар» (Имом Термизий).
Одам тили билан ҳайвондан устун, аммо уни нолойиқ сўзлардан тиймаса ҳайвондан тубан бўлади.
Инсонлар ортиқча сўзлашдан, беҳуда ва фисқ сўзларни айтишдан қайтарилган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ким Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган бўлса, яхши сўз айтсин ёки жим турсин» деганлар (Имом Бухорий).
Сўзларнинг энг фойдалиси Аллоҳ таолонинг зикри, кишиларни яхшиликка чақириш ва ёмонликдан қайтаришдир.
Абулқосим Замахшарий(р.а)бундай деган: «Агар тилингни ортиқча сўзлашдан тия олмасанг, унинг жиловини шайтонга топширган бўласан».
Сўзнинг офатлари кўп: бемаъни, бефойда сўзларни гапириш, ботил, гуноҳ ишларни сўзлаш, сергаплик ва одамларга ёқиш учун сўзамоллик қилиш, фаҳш, сўкиш, одобсиз, ахлоқсиз ва шунга ўхшаш сўзларни айтиш, ўзгаларни мазахлаш ва устидан кулиш, сирни ошкор қилиш, ёлғон сўзлаш, ғийбат ва бошқалар сўз офатларидир. Буларнинг ҳаммаси қораланган ва инсонлар булардан қайтарилган. Чунки бу сўзларнинг манбаи ёмонлик ва маломатдир.
Ўтмишдошларимиз оз сўзлашни, кўп фикрлашни, сўзаганда ҳам фақат зарур, рост, фойдали сўзлашни одат қилишган, бошқаларни ҳам шунга чорлашган. Бугунги кунда бизлар эшитган гапларимизни рост-ёлғонига эътибор бермай тарқатиб юрибмиз. Бу қилаётган ишимизни қанчалик катта гуноҳ эканини ўйлаб ҳам кўрмаймиз. Молнинг, вақтнинг, неъматнинг исрофи бўлганидай, сўзнинг ҳам дунё ва охиратада жавоби бор.
Абдуллоҳ ибн Масъуд (р.а): «Тилимдан бошқа узоқ вақт ҳибс этишга лойиқ ҳеч нарса йўқ» деганлар, Зеро, Аллоҳ тилни ўттиз икки тиш билан иҳоталаб қўйган.

Динимизда кўп сўзлашдан қайтарилган, чунки сўз кўпайганда мақсад унутилади. Ёлғон, фаҳшни билдирувчи сўзларни айтиш эса қаттиқ қораланган. Пайғамбаримиз алайҳиссалом фақат рост сўзни айтардилар ва умматни шунга чақирганлар.
Абулҳасан Занжоний(р.а):
«Тил фақат тўғри сўзни айтиш ва Аллоҳни зикр қилиш учундир», деганлар.
Абу Дардо(р.а) айтдилар: «Оғзингга қараганда қулоғингга инсоф қил.  Гапиришингдан кўра кўпроқ эшитишинг учун сенга икки қулоқ ва бир оғиз ато этилган».
Ким асосий бойлиги бўлган вақт қадрини билса, тилини бемаъно сўзларни айтишдан тияди, зеро ким Аллоҳ зикрини тарк қилиб, бемаъни сўзларни айтиш билан машғул бўлса, гавҳарни олишга қодир одамнинг кесакни олганига ўхшайди. Бу абадий надоматдир.

Шохимардон Орипов
Улуғнор тумани
“Овулмат” жоме масжиди
(в.б) имом хатиби