Ҳанафийликдаги мотам ва таъзия маросимларининг тавсифи

1736

Диний таълимотларнинг жамиятда бажарадиган муҳим вазифаларидан бири йўналтириб турувчилик-регуляторлик ҳисобланади. Ушбу функция мазкур динга эътиқод қилувчилар томонидан  диний урф-одат ва маросимларни ўз вақтида ҳамда белгиланган тартибда бажарилиши лозимлигини ифода этади. Диний урф-одатларнинг энг муҳимларидан бири мотам маросимлари ҳисобланади. Ислом дини, хусусан, ҳанафий мазҳабида ҳам бу турдаги маросимлар ўзига хос тартибда ишлаб чиқилган.

         Вафот этган инсон дафн қилингандан кейин ўтказиладиган маросимларни шартли равишда иккига: мотам ва таъзия маросимларига ажратиш мумкин. Ҳанафий мазҳаби таълимотида ҳар икки турдаги маросимлар шариатнинг бош манбалари асосида тартибга  солинган.

         Мотам борасидаги ҳукмлар орасида унинг муддати тўғрисидаги кўрсатмалар алоҳида аҳамиятга эга. Ҳанафий мазҳабининг фиқҳ илми бўйича мўътабар манбаларидан бири ҳисобланган Мулла Али Қори Ҳанафий(а.р.) бу борада қуйидагича фикр билдирганлар: “Мусибат учун уч кун ўтириш жоиз, лекин у хилофи авло(энг муносиб, энг яхши йўлга зид)дир”.    

         Ҳанафий мазҳаби уламолари мазкур ҳукмни Пайғамбар(а.с.)нинг бир неча ҳадиси шарифларидан олганлар. Жумладан, Зайнаб бинти Абу Салама(р.а.)дан ривоят қилинган қуйидаги ҳадисда шундай дейилади:  “Умму Ҳабиба (р.а.)нинг олдига кирдим. У: “Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг бундай деганларини эшитганман”, деди: “Аллоҳга ва Охират кунига имон келтирган аёлга маййит учун уч кундан ортиқ мотам тутиши ҳалол эмас. Фақат эрига мотам тутиши бундан мустасно. Вафот этган эри учун тўрт ойу ўн кун мотам

тутади”. (Имом Бухорий, Имом Муслим ва Имом Термизий ривояти).[1]

         Юқорида келтирилган ҳадисдан марҳум учун аза тутишнинг муддати уч кун эканлиги очиқ-ойдин кўриниб турибди. Шу ўринда аёллар эри вафот этганида тўрт ой-у ўн кун аза тутишлари шариатда тайин қилинган “идда”[2] сабабидан эканлигини ҳам таъкидлаб ўтиш лозим. Аллома ибн Обидин(а.р.)нинг “Роддул-мухтор ъала дуррил-мухтор” китобида баён қилинишича, таъзиянинг уч кун қилиб белгиланиши аслида таъзия билдирувчилар учундир. Жанозага кела олмаган одам шу уч кун ичида келиб ҳамдардлик билдирсин, кейин келиб маййит соҳибларининг ярасини янгиламасин. Шундагина ваъда қилинган савобларга эга бўлади.[3]

         Ислом динида яқин кишисидан айрилган инсонга таъзия билдириш юксак инсоний фазилатлардан саналади. Бу борада “Шарҳу мухтасарил-виқоя”да таъзия билдириш мустаҳаб[4], дея таъкидланган. Ҳанафийларнинг бу масала юзасидан таянадиган далилларига мисол сифатида қуйидаги ҳадисни келтириш мумкин. Абдуллоҳ ибн Масъуд(р.а.)дан қилинган ривоятда Пайғамбар(а.с.): “Ким мусибат етган одамга таъзия билдирса, унга у(азадор)нинг савоби миқдорича савоб бўлур”,[5]дея марҳамат қилганлар.

         Мазкур ҳадисдан таъзия билдириш исломда буюрилган амаллардан эканлиги келиб чиқади. Ҳамдардлик изҳор қилувчилар марҳумнинг яқинларини сабрга, Яратгандан савоб умидида бўлишга чақирадилар. Ҳадиси қудсийда: “Мўмин бандаларимдан бирортасининг дунё аҳлидан бўлган севимли кишисини олиб қўйсам, сўнгра савоб умидида сабр қилса, уни фақат жаннат билан тақдирлайман”,[6] дейилади. Ислом динида мусибат пайтида “айтиб” йиғлаш, кийимларни йиртиш, юзига уриш, ўзига ўлим тилаш каби, айниқса, аёллар орасида кўп учрайдиган шариатга зид одатлардан қайтарилади.  

         Ҳанафий мазҳабида маййит чиққан уйдан мотам кунлари таом тановул қилиш макруҳ ҳисобланади. Аксинча, мусибат аҳлига яқин қариндошлар ва қўшниларнинг таом тайёрлаб беришлари ва агар ейишдан бош тортса, қаттиқ туриб ейишга ундашлари тавсия этилади.[7] Мазкур фикрни ҳанафий мазҳаби олимларидан Анваршоҳ Кашмирий ҳам ўзининг “Сунани Термизий”га ёзган “Ал-арф аш-шазий шарҳ сунан ат-Тирмизий” номли китобларида билдириб ўтган.[8] Ҳанафий мазҳабининг бу борадаги далили Пайғамбар(а.с.)нинг Жаъфар(р.а.) вафот этганда айтган қуйидаги ҳадислари ҳисобланади: “Жаъфарнинг аҳлига таом қилиб беринглар, уларни машғул қиладиган нарса келиб қолди”.[9]

         Юқоридагилар мотам муносабати билан таом тайёрлаб, одамларни чақириш мутлақо мумкин эмаслигига далолат қилмайди. Ислом шариатида бундай маросим мавжуд. “Ал-мубдиъ шарҳул-муқниъ” китобида бу борада: “Таом тайёрлаб, одамлар чақириладиган маросимлар ўнтадир”, дейилган. Улардан бири “вазима” бўлиб, “мотам таоми ҳисобланади”.[10] Уламоларнинг таъкидлашича, вазиманинг ўтказиладиган вақти, ҳажми, таомининг тури тайин қилинмаган. Уни ташкил қилувчи вояга етмаган меросхўрларнинг ҳаққини аралаштирмасдан, оиласининг эҳтиёжидан ортган маблағи ҳисобидан, бидъатлардан ҳоли равишда ўтказиши лозим. 

         Мамлакатимиз аҳолисининг аксариятини ҳанафий мазҳабига эътиқод қилувчи мусулмонлар ташкил этади. Улар ўзларининг диний анъана ва маросимларини мазкур мазҳаб кўрсатмаларига мувофиқ амалга оширадилар. Бироқ диний удумлар орасига исломга мутлақо ёт бўлган турли хурофотлар кириб, ўрнашиб қолганлигини ҳам қайд этиш лозим. Хусусан, сўнгги йилларда расм-русумлар, шу жумладан, мотам маросимларининг ташкил этилиши ва ўтказилишида бу ҳолат яққол кўзга ташланмоқда. Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан чиқарилган фатвода мазкур ҳолатлар муолажа қилиниб, марҳумлар хотирасига атаб ўтказиладиган 7, 20, 40, “йил оши”, икки ҳайит кунларидаги фотиҳахонлик каби удумларнинг ҳеч қандай шаръий асоси йўқлиги, катта харажатлар эвазига қилинадиган маъракалар ўрнига ўша маблағни хайрли ишларга сарфлашнинг афзаллиги, Рамазон ва Қурбон ҳайитлари мусулмонлар учун байрам бўлганлиги боис бу кунларда хонадонларда шод-у хуррамлик бўлиши лозимлиги, гуруҳ-гуруҳ бўлиб фотиҳахонликка бориб хурсандчиликни азага айлантириш мумкин эмаслиги белгилаб қўйилди.[11]      

         Юқорида баён қилинган фикрлардан келиб чиққан ҳолда хулоса сифатида айтиш мумкинки, ислом динини, хусусан, ҳанафий мазҳаби таълимотини илмий асосда ўрганиш, диний урф-одат ва маросимлар, шу жумладан, мотам ва таъзия маросимларини мўътабар мазҳабимиз кўрсатмалари доирасида ўтказиш, маросимларни ўтказишда исрофгарчиликка йўл қўймаслик мақсадга мувофиқдир.             

 Абдулло Ғуломов

Андижон “Саййид Муҳйиддин махдум”

ўрта махсус ислом билим юрти мударриси