ИККИ НЕЪМАТ

926

Ибн Аббос (р.а)дан ривоят қилинган ҳадиси шарифда айтилганидек, “Икки энг азиз неъмат бору, кўплар бунинг қадрига етишмайди, булар саломатлик ва тинчлик-хотиржамликдир”
(Имом Бухорий ва Имом асолТермизий ривояти).
Тинчлик қарор топган юртда хотиржамлик ҳукм суради, фарзандлар эмин-эркин камолга эришади, оқибатда, жамиятда ҳар томонлама юксалиш ва ривожланиш рўй беради. Демак, дунёда ҳаётнинг бир маромда давом этиши, халқнинг Ҳақ таоло буюрган ишларини мукаммал ва хотиржам адо этишлари учун тинчлик ва осойишталик лозим. Яратган Парвардигор Қуръони каримда ана шу тинчликни сақлаш ва қадрлаш вазифасини инсон зиммасига юклаб, Ислом дини тинчликка тарғиб қилишини, шайтоний йўлларга эргашмаслик лозимлигини таъкидлаб, шундай дейди:
“Эй, имон келтирганлар! Ёппасига итоатга киришингиз ва шайтоннинг изидан эргашмангиз! Албатта, у сизларга аниқ душмандир”.
(Бақара, 208).
Ҳар бир инсон учун тинчлик зарурлиги борасида Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: “Қайси бирингиз тонгда уйқудан уйғонганда оиласи тинч, тани соғ ва уйида бир кунлик егулиги бўлса, билсинки, унда дунёдаги барча неъматлар мужассам экан”
(Имом Бухорий ривояти).
Эътибор қилинг, Набий алайҳиссалом ўта муҳим бўлган учта нарсани таъкидлаяптилар: тинчлик, саломатлик ва таъминот.
Тинчлик ва хотиржамлик Аллоҳ таолонинг буюк неъматларидан биридир. Барча эзгу ишлар рўёбга чиқишининг асоси ҳам осойишталикдадир. Бу неъмат бебаҳо экани тўғрисида Ислом дини манбаларида ҳам такрор-такрор айтилган. Қуръони каримнинг юздан ортиқ оятларида тинчликка чақирилган. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “Аллоҳ ризосини топишга интилганларни Қуръон билан тинчлик ва саломатлик йўлларига йўллаб, Ўз изни билан уларни зулматлардан нурга чиқарур ва тўғри йўлга ҳидоят қилур”
(Моида, 16).
Тинчлигини йўқотган юрт юлдузсиз осмон кабидир. Қанча унумдор ерлари, боғлари бўлмасин фойда ололмайди. Шунга кўра, тинчликни сақлаш мақсадида, барчамиз жипслашиб, ҳамжиҳатликда иш тутишимиз зарур.
Абу Ҳурайра (р.а) дан ривоят қилинади:
Расулуллоҳ (сав):
“Жоним қўлида бўлган зотга қасамки,
сизлар мусулмон бўлмагунингизча жаннатга кирмайсизлар.
Бир-бирингизга муҳаббат қилмагунингизча мусулмон
бўлмайсиз.
Саломни кенг тарқатинг-ўзаро муҳаббат қўясизлар.
Бир-бирингизни ёмон кўришдан сақланинглар, чунки бу қирувчи нарсадир.
Мен у сочни қиради демайман. Балки у динни қиради”, -дедилар.
Абу Бакр Сиддиқ (р.а) :
“Аллоҳга тоатлар ила тақво қилгин.
Унга тақво қилиш билан итоат қил.
Қўлингни мусулмонлар қонидан, қорнингни молларидан ва тилингини уларни обрўларига тил текизишидан сақлагин» – дедилар.
Ислом тинчлик динидир! Мусулмонлар эса тинчликсевар, инсонпарвар, меҳнаткаш ва ҳалол кишилардир. Улар ҳеч кимга, на инсонга, на хайвонга, парандаю- даранда хатто ўсимликка ҳам зулм қилмайдилар, ёлғон гапирмайдилар, манфаат учун алдамайдилар, ёлғон гувоҳлик бермайдилар.

Аллоҳ юртимизни тинч осмонимизни мусаффо айласин!
Юртимиз тинчлигига кўз тегмасин!

Ш. Орипов

Улуғнор тумани
“Овулмат”

жоме масжиди
(в.б) имоми