Аллоҳ таоло дунёни ер юзини яратиб, уни обод қилиш, асраб-авайлаш учун инсонни пайдо қилди. Шу сабаб инсон зоти ер юзи учун зийнат бўлса, одоб деб аталмиш фазилат инсонга зийнат қилиб белгиланди. Одобу ахлоқларни бандаларга мукаммал ва комил суратда етказиш учун пайғамбарларни танлади. Хусусан, барча оламлар узра раҳмат қилиб юборилган зот Муҳаммад алайҳиссалом шундай марҳамат қиладилар:
“Мен гўзал хулқларни мукаммал тарзда маромига етказиш учун юборилдим”.
Динимиз ахлоқий тарбияни инсон камолотининг ажралмас қисми деб ҳисоблайди. Зеро, Ислом дини инсонларни ҳамиша эзгуликка чақириб, ёмон хулқ ва ёвузликлардан қайтариб келган.
Аллоҳ таоло аввалидан сўнггига қадар одоб-ахлоқ ўчоғи бўлган муқаддас Қуръони каримда:
“Қачон сизларга бирор саломлашиш (ибораси) билан салом берилса, сизлар унданда чиройлироқ қилиб алик олингиз ёки ўша (ибора)ни қайтарингиз. Албатта , Аллоҳ ҳар бир нарсани ҳисобга олувчи зотдир” (Нисо, 86-оят).
Ушбу оятда одобнинг бир жиҳати тилга олиниб, миллатимизнинг ўчмас қадриятига айланган саломлашишнинг тартиби айтиб ўтилмоқда. Кундалик, шу билан бирга оддийдек туйилган бу салом қанчалик одобимизни равнақ топишига сабаб бўлишини юқоридаги оят ҳам тасдиқламоқда. Бинобарин, салом – одоб уйининг эшиги дейилса, муболаға қилинмаган бўлади.
Шунингдек, ҳадис шарифларда инсонларнинг яхшиси, гўзал хулқли ва чиройли одоб соҳиби экани таъкидланади. Жумладан, қуйидаги ҳадисда: “Албатта, сизларнинг яхшиларингиз, яхши хулқлиларингиздир”, дейилган.
Қайси хонадонда таълим тарбия юксак бўлса, шу жойда хотиржамлик бор. “Аллоҳ ҳар бир ишда мулойимликни яхши кўради”, дейилади муборак ҳадис шарифларда. Расулуллоҳ алайҳиссалом ҳам мулойимлик сифати билан саҳобаларни ўзларига жалб қилганликларига тарих гувоҳ. Демак, Расулуллоҳ алайҳиссаломнинг мулойим, раҳмдил бўлишлари ўзлари учун ҳам, умматлари учун ҳам Аллоҳнинг раҳмати экан.
Фарзанд мулойимлик фазилати билан ахлоқини безаб, ёмон ахлоқлардан йироқ бўлсин. Одамлар орасида шу фазилати билан тўлин ойдек кўриниб турсин. Мулойимлик хулқий ва нафсий фазилатларнинг энг буюгидир. У инсонни баркамоллик чўққисига олиб чиқади. Мулойимлик соҳиби билан суҳбатлашган киши унга муҳаббатли бўлади. Биз учун намуна бўлган Пайғамбаримиз алайҳиссалом ҳам тарбиялаган атрофларидаги асҳобларни мулойимлик сифатлари билан безадилар, муҳаббатли қилдилар. Умар ибн Хаттоб (розияллоҳу анҳу): «Аввал одоб, сўнг таълим беринглар», дедилар. Абу Абдуллоҳ Балхий: «Нафснинг одоби илмнинг одобидан кўпроқ, илмнинг одоби илмнинг ўзидан каттароқ», деганлар.
Муҳатарам президентимиз ушбу сўзларида: “Одобли, билимдон ва ақлли, меҳнатсевар, иймон-этиқодли фарзанд нафақат ота-онанинг, балки бутун жамиятнинг энг катта бойлигидир”, дея биз ёшлар тарбияси ва баркамол авлод бўлиб камол топишимизда қанчалар аҳамиятли экани таъкидланади.
Отабек Хусанов
Олтинкул туман
“Жалабек ота”
жоме масжиди имом-хатиби