Юртбошимиз мурожаатномаси – келажакка умидворлик

662

Муҳтарам Президентимизнинг куни-кеча Олий Мажлисга қилган Мурожаатномаси халқимизга тараққиётнинг янги эшикларини очиб берди. Айниқса тараққиётнинг асл негизи бўлмиш илм ва маърифатга берилган эътибор ҳеч биримизни бефарқ қолдирмалиги керак. Ҳолбуки, динимиз таълимотларида илмга ниҳоятда катта эътибор қаратилган. Чунки илм ва маърифат инсонни ва бутун жамиятни юқори мартабаларга олиб боради. Бунинг акси бўлмиш илмсизлик ва саводсизлик эса инсониятни тубанлик сари етаклайди.
Қайси юртда, қайси элда илмга рағбат ва эътибор юқори бўлса, бу юрт ва эл ўша давр мобайнида бутун оламда пешқадам бўлган. Шунинг учун Ўзбекистон фуқаросиман деган ҳар бир инсон илм йўлини маҳкам тутмоғи даркор, токи Президентимиз айтганидек бу бизнинг ҳаётий эҳтиёжимизга айлансин:
“Нафақат ёшлар, балки бутун жамиятимиз аъзоларининг билими, савиясини ошириш учун аввало илм-маърифат, юксак маънавият керак. Илм йўқ жойда қолоқлик, жаҳолат ва албатта, тўғри йўлдан адашиш бўлади. Шарқ донишмандлари айтганидек, “Энг катта бойлик – бу ақл-заковат ва илм, энг катта мерос – бу яхши тарбия, энг катта қашшоқлик – бу билимсизликдир”! Шу сабабли ҳаммамиз учун замонавий билимларни ўзлаштириш, чинакам маърифат ва юксак маданият эгаси бўлиш узлуксиз ҳаётий эҳтиёжга айланиши керак”.
Ҳар қандай жамиятда нафақат диний таълим, балки дунёвий илмларга ҳам жиддий эътибор қаратиш зарур. Аслини олганда ҳар қандай дунёвий илм – у физика бўладими, математика ёки тарих бўладими, ҳаммасининг негизи Қуръони карим таълимотларига етиб боради.
Қуръони карим шундай илоҳий Китобки, унда барча фанларнинг асоси жамланган. Демак зотан олганда дунёвий ёки диний илм деб ажратишнинг иложи йўқ. Биз фақатгина эътибор даражаси нуқтаи назаридангина шартли равишда таъкидлашимиз мумкин. Президентимиз шунинг учун бунга ҳам алоҳида эътибор қаратди:
“Жамиятимизда аҳоли, айниқса, ёш йигит-қизларимизнинг маънавий ва маърифий савиясини доимий юксалтириш – биринчи даражали аҳамиятга эгадир. Шу боис, “Миллий тикланишдан – миллий юксалиш сари” деган дастурий ғоя асосида, ёшларни она юртга садоқат руҳида тарбиялаш, уларда ташаббускорлик, фидойилик, ахлоқий фазилатларни шакллантириш – ўта шарафли вазифадир”.
Ҳа, келажакка умид билан қараш вақти келди:
“Мамлакатимизда “жаҳолатга қарши – маърифат” деган эзгу ғоя асосида ислом динининг инсонпарварлик моҳиятини, тинчлик ва дўстлик каби олижаноб мақсадларга хизмат қилишини тарғиб этиш кун тартибимиздаги доимий масалалардан бири бўлиб қолади. Жорий йилда ҳадис илмининг султони Имом Бухорий, калом илми асосчиси Абу Мансур Мотуридий ва унинг давомчиси Абу Муин Насафийнинг ҳаёти, илмий меросига бағишланган ҳамда диний бағрикенглик мавзуларида халқаро илмий-амалий конференциялар ва бошқа тадбирлар ташкил этилади”.

Шаҳобиддин Парпиев

Асака туман бош имом-хатиби