ОДАМ САВДОСИ

734

Одам савдоси бугунги кунда кўп ишлатиладиган иборалардан бир бўлиб турибди. Кимлардур бу ҳақда надомат билан эсласа, кимлардур ўша надоматнинг олдини олиш илинжида сўзламоқда.
Ўқувчилик давримизда тарих дарсидан қулдорлик тузуми ҳақида ўқиб, бу нарсалар бари мозийда қолиб кетган деб тасаввур ҳосил қилган эдик. Аммо бугунга келиб ўша тузум ҳамон давом этаётганлигининг гувоҳи бўлиб турибмиз. Аслида қулдорликка қарши биринчи булиб Ислом дини кураш олиб борган. Қул озод қилишлик ибодат даражасигача кўтарилган. Ҳатто баъзи гуноҳларнинг каффороти учун ҳам қул озод қилишлик шарт қилинганки, булар ҳаммаси инсон ҳуқуқларининг ҳимояси эди.
У пайтларда-ку, уруш ва жангларда асир тушган инсонлар мажбурий тарзда қул қилинган эди. Бироқ бугунги кунда инсонлар ўз ихтиёрлари билан мўмай даромад илинжида оқибатини ўйламай ўзларини қулчилик тўрига уриб қўймоқдалар.
Маълумотларга кўра, инсоният тараққиётининг қулдорлик расман ҳукм сурган тўрт асрида қуллар сони 12 миллионга яқин бўлган. Кейинги ўттиз йил ичида фақат Осиёда жинсий қулликка маҳкум этилган аёллар ва болалар (расмий ҳисоб-китобларда 18 ёшга етмаган қурбонлар ҳам болалар сафига киритилади) 30 миллиондан ошган.
Бирлашган Миллатлар ташкилоти ва Қочоқлар бўйича халқаро ташкилотлар экспертларининг хулосасига кўра, сўнгги йилларда бу хилдаги жиноятчилик шиддат билан ўсиб бормоқда. Одам савдоси бозори наркотик ва қурол савдосидан кейинги, учинчи ўринни эгаллайди.
Бу муаммо бугунги кунда бутун жаҳон оммасининг ташвиши бўлиб қолмоқда. Одам савдосига қарши қатор тадбирлар ишлаб чиқарилмоқда. Жумладан Республикамизда ҳам ҳуқуқни ҳимоя қилиш бўлимлари ва маҳалла йиғинлари ҳамкорликда тинмасдан фаолият олиб бормоқда.
Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, 22-моддасига мувофиқ “Ўзбекистон Республикаси ўз ҳудудида ҳам, унинг ташқарисида ҳам ўз фуқароларини ҳуқуқий ҳимоя қилиш ва уларга ҳомийлик кўрсатишни кафолатлайди”.
Баъзи бир субутсиз ва ориятсиз кимсалар ўз хотинлари ва қизларини ҳам сотилиб кетишлигидан ор қилмай, улардан келадиган даромад иштиёқида ўзлари уйда қолиб уларни ноқонуний йўллар билан чет элга жўнатиб юборишлиги миллатимиз учун ҳам юртимиз учун ҳам улкан хиёнат дейишимиз тўғрироқ бўлур эди.
Бундан ташқари ҳар бир мусулмон боласи уйланар экан, никоҳ пайтида келиннинг “Бағишладим” лафзидан сўнг “Қабул қилдим” деганда бўлажак турмуш ўртоғи олдидаги барча масъулиятларни ўз зиммасига олар экан, жумладан уни боқиб олишни, ҳимоя қилишни ҳам бўйнига олади. Бундан ташқари эркак киши оила бошлиғи эканлиги Қурон ояти билан собит бўлган илоҳий ҳукм. Бироқ бунинг шарти ҳам мазкур оятнинг давомида баён этилган. Яъни эрканинг оилада раҳбар бўлишлигининг сабабларидан бири – мол дунёсидан нафақа қилиб хотинни таъминлашдур.
Шунинг учун эркакларимиз, ҳам хотиннинг ҳақини поймол қилиб, ҳам қиёмат куни Яратганнинг олдида шарманда бўлишдан сақланишларини хоҳлар эдик.
Шунингдек латофат соҳибалари бўлган покдомон қизларини ўз қўллари билан қабоҳат гирдобига топшириб, азиз юртимизнинг шаънига, миллатимиз шаънига доғ туширмайлик. Ҳолбуки, биз фарзандларимиз учун ҳам жавобгармиз!

Шаҳобиддин Парпиев.

Асака туман бош имом-хатиби