Бугунги кунда бизнинг энг катта бахтимиз нимада, деган саволга ҳеч иккиланмай шундай жавоб бера оламиз: Мамлакатимизда ҳукм сураётган тинчлик ва осойишталик – беқиёс бахтимиздир.
Глобаллашув шароитида терроризм ва экстремизм минтақамиз ҳамда халқаро ҳамжамиятнинг мураккаб ижтимоий, сиёсий, жиноий-ҳуқуқий муаммоси ҳисобланади.
Жаҳонда юз бераётган турли шаклдаги террорчилик ҳаракатлари барчани яна бир бор ҳушёр бўлишга ундайди. Бугунги кунда диний-экстремистик жиноятчилар ислом давлатчилиги таълимотига мутлақо қарши ғояни – мусулмон дунёси ягона макон – халифалик давлатига бирлашиши зарур, деган ғояни тарғиб қилиб, шариатдаги умуминсоний қадриятларга уйғунлашган нормаларни рад этиш билан жамият ва давлатни демократик усуллар билан бошқаришдан халқни воз кечишга мажбурлаш орқали мутлақ ҳокимиятга эга бўлишга интилмоқдалар .
Шундай экан, вояга етмаганларни терроризм, экстремизм сингари ёт ғоялар таъсиридан асраш кундалик фаолиятимиздаги энг муҳим вазифа бўлиб қолади. Вояга етмаган шахслар юртимиз аҳолисининг аксарият қисмини ташкил этишини инобатга оладиган бўлсак, ёшларни терроризм ва экстремизм хавфидан ҳимоя қилиш нақадар долзарб аҳамият касб этишини англаш қийин эмас.
Вояга етмаганларни терроризм ва экстремизмдан ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий асослари сифатида, аввало, Ўзбекистон Республикасининг Конституциясини келтириш ўринли. Жумладан, Асосий Қонунимизнинг 18-моддасида барча фуқаролар бир хил ҳуқуқ ва эркинликларга эга бўлиб, жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахси ва ижтимоий мавқеидан қатъи назар, қонун олдида тенг эканликлари мустаҳкамланган. Шунингдек, 57-моддага кўра конституциявий тузумни зўрлик билан ўзгартиришни мақсад қилиб қўювчи, республиканинг суверенитети, яхлитлиги ва хавфсизлигига, фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқ ва эркинликларига қарши чиқувчи, урушни, ижтимоий, миллий, ирқий ва диний адоватни тарғиб қилувчи, халқнинг соғлиғи ва маънавиятига тажовуз қилувчи, шунингдек ҳарбийлаштирилган бирлашмаларнинг, миллий ва диний руҳдаги сиёсий партияларнинг ҳамда жамоат бирлашмаларининг тузилиши ва фаолияти тақиқланади.
Маълумки, мамлакатимизда ёшларни ижтимоий ҳамда маънавий камол топиши учун шарт-шароит яратиб беришга қаратилган ёшларга оид сиёсат ишлаб чиқилган ҳамда у узлуксиз амалга ошириб борилади. “Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатининг асослари тўғрисида”ги қонуннинг 6-моддасида ёшларни ҳуқуқий муҳофаза қилиш ва уни таъминлашнинг ҳуқуқий асослари мустаҳкамлаб қўйилган .
Қонун ҳужжатлари такомиллаштирилиши муносабати билан тегишли Жиноят ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексларга қўшимча ва ўзгартиришлар киритилди. Улар вояга етмаганларни терроризм ва экстремизм сингари зарарли ғоялар таъсиридан ҳимоя қилишга хизмат қилади.
Жумладан, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг
184-моддасида жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибига таҳдид соладиган материалларни тайёрлаш ёки тарқатиш мақсадида сақлаганлик учун,
1842-моддасида диний мазмундаги материалларни қонунга хилоф равишда тайёрлаш, сақлаш, олиб кириш ёки тарқатганлик учун, 1843 –моддасида миллий, ирқий, этник ёки диний адоватни тарғиб қилувчи материалларни тайёрлаш, сақлаш ёки тарқатганлик учун, 2021-моддасида эса ғайриқонуний нодавлат нотижорат ташкилотлари, оқимлар, секталарнинг фаолиятида қатнашишга ундаганлик учун, 241-моддасида диний таълимотдан сабоқ бериш тартибини бузганлик учун тегишли маъмурий жазо чоралари қўлланилиши назарда тутилган.
Жиноят кодексининг 2161-моддасида ғайриқонуний жамоат бирлашмалари ва диний ташкилотлар фаолиятида қатнашишга ундаганлик учун, 2292-моддасида диний таълимотдан сабоқ бериш тартибини бузганлик учун, 2441-моддасида жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибига таҳдид соладиган материалларни тайёрлаш ёки тарқатганлик учун, 2443-моддасида эса диний мазмундаги материалларни қонунга хилоф равишда тайёрлаш, сақлаш, олиб кириш ёки тарқатганлик учун жиноий жазо чоралари қўлланилиши белгиланган.
2010 йил 29 сентябрда қабул қилинган “Вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликларнинг профилактикаси тўғрисида”ги Қонуннинг 8-моддасида вояга етмаганлар ишлари бўйича комиссиялар, ички ишлар органлари, таълимни бошқариш органлари ва таълим муассасалари, васийлик ва ҳомийлик органлари, соғлиқни сақлашни бошқариш органлари ва соғлиқни сақлаш муассасалари, меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш органлари ҳамда бошқа ташкилотларнинг вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликларнинг профилактикасига доир фаолиятининг асосий вазифалари:
– вояга етмаганлар назоратсизлиги, қаровсизлиги, улар томонидан ҳуқуқбузарликлар ёки бошқа ғайриижтимоий хатти-ҳаракатлар содир этилишининг олдини олиш, уларга имкон берадиган сабаблар ва шарт-шароитларни аниқлаш ҳамда бартараф этиш;
– вояга етмаганларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари ҳимоя қилинишини таъминлаш;
– вояга етмаганларда қонунга итоаткорлик хулқ-атворини шакллантириш;
– ижтимоий жиҳатдан хавфли аҳволда бўлган вояга етмаганлар ва оилаларни ижтимоий-педагогик реабилитация қилиш;
– вояга етмаганларни ҳуқуқбузарликлар ёки бошқа ғайриижтимоий хатти-ҳаракатларни содир қилишга жалб этиш ҳолларини аниқлаш ва уларга барҳам беришдан иборат эканлиги мустаҳкамланган.
2014 йил 14 майда қабул қилинган “Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тўғрисида”ги Қонуннинг 27-моддасида ҳам вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тўғрисида сўз юритилган .
1998 йил 1 майда янги таҳрирда қабул қилинган “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги Қонуннинг 3-моддасига мувофиқ вояга етмаган болаларни диний ташкилотларга жалб этиш, шунингдек уларнинг ихтиёрига, ота-оналари ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар ихтиёрига зид тарзда динга ўқитишга йўл қўйилмайди .
Ўзбекистон Республикаси алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари давлат қўмитасининг 2014 йил,
19 мартдаги 79-мҳ сонли “Жамоат фойдаланиш жойларида Интернет тармоғидан ахборот олиш имконини бериш тартиби тўғрисидаги Низомга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қарорига мувофиқ интернет хизмати кўрсатувчи муассасалар кузатув камералари билан жиҳозланиши, шунингдек, фойдаланилган Интернет тармоғи веб-ресурсларини қайд қилишни ташкил этиш ва уларни 3 ой давомида сақлаш лозимлиги белгиланди . Бу каби чоралар ҳам замонавий технологияларни қўллаш орқали Интернет тармоғи воситасида вояга етмаганлар ўртасида террористик ва экстремистик ғоялар тарқатилишига қарши курашда ёрдам беради.
огоҳ бўлайлик азизлар, гўзал, осойишта, жаннатмакон юртимизни жонимиздек асрайлик. Биз тинчмиз, эмин-эркин яшамоқдамиз, ўқиш, ишларда кўнглимиз тўқ. Айрим мамлакатлардаги каби ҳар дақиқамиз қўрқув, даҳшат исканжасида, талвасада эмас. Нега энди бу бахтни асрамайлик? Ватанимизни ёвлардан ҳимоя қилаётган жасур, мард ҳимоячиларимиз орқали юртга фойда келтирайлик. Огоҳ одам! У ким? У- мен. У – сиз. У- бу олам осойишталигини истаган ҳар бир инсон.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадисларининг бирида тинчлик-хотиржамлик энг катта неъмат эканлигини таъкидлаб шундай деганлар: яъни: “Икки неъмат борки, кўпчилик инсонлар унинг қадрига етмайдилар. У- хотиржамлик ва сиҳат-саломатлик”. (Имом Бухорий ривоят қилган).
Демак, тинчлик ва хотиржамлик Аллоҳ таъолонинг беҳисоб бўлган буюк илоҳий неъматларидан бири экан. Қолаверса, барча эзгу ишлар рўёбга чиқишининг боиси ҳам осойишталикка боғлиқ. Шундай экан, биз инсонлар нафақат мавжуд тинчликни қадрига етиб, шукрини адо этишимиз балки, унга ношукрлик қилиб путур етказишдан ҳам сақланишимиз лозим.
Аллоҳ таоло жонажон ўлкамизни турли хил фитна-фасод ва бало-офатлардан Ўз ҳифзу ҳимоясида сақласин, халқимизнинг тинч-хотиржам ва фаровон ҳаётига кўз тегмасин!
Манбалар асосида Хўжаобод туман “Етти чинор” жоме масжиди имом ноиби Мухаммадкуддус Абдулманнон тайёрлади.