Янги рукн бошланмоқда! Икки дунё бахт-саодат омили

1048

Маълумки, ислом динини ниқоб қилиб олган турли ақидапараст оқимлар иддаоларига илмий даражада, асосли тарзда раддия беришлик учун аввало, ўз соф ақидамизни билиб олишимиз зарур бўлади. Яъни, Аҳли сунна вал-жамоанинг эътиқодий қарашларини назарда тутмоқдамиз. Аллоҳ ҳақ субҳанаҳу ва таолодан ёрдам сўраган ҳолимизда бугундан эътиборан Сиз азизларга “Ақида” рукни остида Аҳли сунна вал-жамоанинг ҳанафий мазҳаби Мотуридийлик ақидасини туркум мақолалар билан ёритиб борамиз.

“Ақида” сўзи арабча ақада сўзидан олинган бўлиб, бир нарсани иккинчисига маҳкам боғлаш маъносини англатади. Бу сўзнинг кўплик шакли “ақоид” бўлади. Уламоларимиз ақоид илмини турлича таъриф қилганлар. Ақоид илмининг баҳс олиб борадиган мавзулари кўп бўлгани сабабли унга бир-бирига яқин маънодаги кўплаб таърифлар берилган. Муҳаммад Анвар Бадаҳшоний “Талҳийсу шарҳи ақидатит-Таҳовий” китобида турли олимларнинг ақоид илмига берилган таърифларидан саккизтасини келтирган. Ушбу таърифлардан бири      Мулла Али ал-Қорий томонидан ақоид илмига берилган таъриф бўлиб у: “Ақоид илми, эътиқод қилиш зарур бўлган нарсаларни ўрганиладиган илмдир”.

Ақоид илмининг асосий мақсади динга бўлган ишончни, диний ақидаларни қатъий далиллар билан исботлаб, улар тўғрисидаги шубҳаларни рад этишдир. Ақида инсонни бошқаларга эргашиб, тақлид қилиб юриш даражасидан фикр қилиш ва аниқ ишонч даражасига юксалтиришдир. Бундан ташқари тўғри йўлни сўровчиларга ҳақиқатни тушунтириш ва ҳақиқатга қарши чиқувчиларга далил ҳужжатлар келтириш, Муқаддас динимизни беҳуда сўзловчиларнинг шубҳа ва фирибларидан муҳофаза қилиш, Энг асосий мақсадларидан бири эса, барча шаръий илмлар каби “Икки дунё бахт-саодатини ҳосил қилишдир”. Зеро, ақоид илми диний илмлар асоси ва пойдевори бўлган мўътабар илмдир.