Буюклик ортидаги АЁЛ

938

Аёл киши оиланинг фариштаси дейдилар, агар ҳақиқатан ҳам ўз аёллик мақомида бўлса. Аёл зоти оилада ҳар томонлама ўз мавқеъига эга. У бизнинг табаррук онамиз, ғамхўр опамиз, жигаргўша синглимиз ва “дадасининг қизи” бўлган кўз қувончимиз, аллақачон ўз фарзандларининг ташвишларига шўнғиб кетган бўлса ҳам, улардан ошиниб бизнинг ғамимизда югуришга улгурган амма ва холамиз, кийимларимизни покиза ва замон талабида тайёрлаб берган меҳрибон янгамиз ва ниҳоят бизнинг бир умрлик ажралмас қисмимиз – жуфти ҳалолимиз.
Тарихга назар ташласак ҳар қандай буюк шахслар ортида аёл зоти борлигини эътироф этмай иложимиз йўқ. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламдек буюкларнинг буюгининг ҳаётида ҳам бу эътироф ўз аксини топади. Яъни башарият орасида Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳақиқатан Аллоҳнинг элчиси эканига биринчи бўлиб имон келтирган, Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам илк бора ваҳий келишидан саросимага тушганларида далда бўлган, бор давлати ва имконини Ислом йўлида фидо қилган Халичайи кубро разияллоҳу анҳо ҳам аёл жони билан кўплаб эркаклардан кўра кўпроқ жасорат кўрсатган.
Тақдир тақозосига кўра Исломни дунё бўйлаб ёйила бошлаганини кўрмаса-да, иншооллоҳ, охиратда эксак мақом – Аллоҳнинг ҳабибининг суюклик жуфти ҳалолидек мартабага муносиб бўлган.
Олтмиш беш ёшга бориб қувватдан қолган замонларида мушрикларнинг жафо ва таъқиб қилишлари онамизнинг тинка мадорини қуритди. Натижада кўрпага ётиб қолганлари учун Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ёнларидан жилмай қолдилар. Шу ҳолатда уч кун ётганларидан сўнг Охират сафари яқинлашиб қолганини сезиб қолдилар. Аммо Хадича разияллоҳу анҳонинг Ислом дини нажот ва зафар қозониб гуллаб яшнашига иштиёқи жуда ҳам баланд эди.
Кўзининг қувончи бўлган қизи Умму Гулсумга шивирладилар:
– Қанийди умрим етиб, машаққатларимизнинг роҳатини лоақал бир бора кўриб қолсам эди, кўзларим қувончга тўлиб, армоним қолмай рози бўлган ҳолатда жонимни топширар эдим.
– Ундай деманг онажон! Ташвишланишга ҳожат йўқ, – деди Умми Гулсум разияллоҳу анҳо.
Мўминларнинг онаси ҳаёт балан видолашар экан “Ҳа, қизгинам, Аллоҳга қасамки, менга ташвишланишга ҳожат йўқ. Қурайш аёлларидан ҳеч бири мен кўрган мўл кўлчиликни кўрмади. На фақат Қурайш, балки дунё аёлларидан ҳеч бири Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи ва салламга етишганимдек улуғ бахтга мушарраф бўлмади. Менинг Ҳабибул Мустафога хотин бўлишлигим дунёлигим учун кифоя. Охиратим учун эса, энг аввал имон келтирганим ва мўминларга она бўлганим кифоя!” деди.
Кўзлари юмила бошлар экан лаблари пичирлади: “Эй Аллоҳ! Мен Сенга сано айтиб адо қила олмайман. Эй Аллоҳ! Мен Сенга рўбарў бўлишдан ташвишланмайман, ва лекин хоҳлар эдимки, фидойилигим яна давом этса, шоядки менга берган неъматларингга муносиб бўлсам!”
Дунёни тарк эта бошлади. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам онамизга жон топшириш аччиқлигини енгиллатиб, Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло мўминларнинг онасига мустаҳкам имони учун, Ислом динига ёрдам қилгани ва бор мол мулкини Аллоҳ йўлида саҳоват ила нисор қилиб юборганлиги учун жаннатда неъматлар ҳозирлаб қўйганлигининг башоратини берар эдилар.
إِنَّ الْمُتَّقِينَ فِي جَنَّاتٍ وَعُيُونٍ * آخِذِينَ مَا آتَاهُمْ رَبُّهُمْ إِنَّهُمْ كَانُوا قَبْلَ ذَلِكَ مُحْسِنِينَ * كَانُوا قَلِيلًا مِّنَ اللَّيْلِ مَا يَهْجَعُونَ * وَبِالْأَسْحَارِ هُمْ يَسْتَغْفِرُونَ * وَفِي أَمْوَالِهِمْ حَقٌّ لِّلسَّائِلِ وَالْمَحْرُومِ *
“Албатта, тақводорлар жаннатлар ва булоқлардадир. Роббилари берган нарсаларни олувчилардир. Чунки улар бундан олдин эҳсон қилувчилардан бўлганлардир. Улар кечалари оз ухлар эдилар. Ва улар саҳарларда истиғфор айтар эдилар. Ва молу мулкларида, сўровчи ва бечораларнинг ҳақи бордир”. (Зариёт сураси, 15 – 19 оятлар)

Улуғбек қори Йўлдошев