Ўчмас хотира

1511

Инсон хотираси – муқаддас. “9-май Хотира қадрлаш куни”, мустақилллик йилларида бу кун том маънода инсон хотираси ва қадрига нисбатан адолатни тиклаган, асл ҳақиқатни ўзида мужассам этган муҳим тарихий санага айланди. Хотира ва қадрлаш – инсон ақл-заковатининг бетакрор маънавий неъматлари, тирикликнинг азалий мезонларидир. Саховат ва ҳиммат, меҳр ва мурувват фазилатлари хотира ва қадр тушунчалари билан ўзаро уйғунлик касб этади. Зеро, қалби саховатга, меҳр-муҳаббатга, шафқат-шафоатга тўла инсонларгина ўз тарихини, аждодларини доимо хотирлайди ва фидойи юртдошлари, ёруғ келажак йўлида меҳнат қилаётган кишиларнинг қадрига етади.  Бинобарин, Иккинчи жаҳон урушидаги тарихий ғалабани таъминлашда юртдошларимизнинг ҳам жасорат ва хизматлари беқиёс бўлган.  Ёшларимиз онгу-шуурида ўтганларни хотирлаш, тирикларни қадрлашдек инсоний фазилатлар тобора мустаҳкам муҳрланмоқда. Кечаги кун сабоқларини, халқимиз келажаги йўлида жонини фидо қилган инсонларни хотирлаш бугунги ва эртанги кунимизни қадрлашга ўргатади. Уруш майдонлари ва фронт ортида миллионлаб одамлар кўрсатган жасорат ва матонат тарихимизда, халқимиз хотирасида сақланиб қолади.  Башарият ўз тарихида уруш ҳеч қачон ҳеч кимга енгиллик, ёруғлик олиб келмаганига қайта-қайта гувоҳ бўлганига қарамай, ер юзида урушни хоҳловчилар камаймаётгани ачинарлидир.   Шундай экан, урушларнинг олдини олиш учун нима қилиш керак, деган савол туғилиши табиий албатта. Бунинг учун, аввало, жаҳонда, минтақамизда тинчлик ва барқарорликка асосланган бугунги ва эртанги ҳаётни таъмин этиш керак. Бу йўлда ҳар қандай муаммо тинчлик йўли билан, дипломатия орқали ҳал этилиши лозим. Мамлакатимизнинг бу йўлдаги саъй-ҳаракатлари алоҳида аҳамиятга эга.  Энг муҳими, ҳар биримиз ҳар доим огоҳ, сезгир ва ҳушёр бўлишимиз даркор. Шу билан бирга, ҳаётда воқеаларни бефарқ ва лоқайд кузатувчи сифатида эмас, уларга бевосита дахлдор, тинчлик ва осойишталик, фаровон ҳаёт ва тараққиёт курашчилари бўлиб яшашга ўрганишимиз зарур. Аввало, ёшларимиз тарихни чуқур ўрганишлари лозим,  Негаки, ўз тарихини билмаган жамият истиқболга элтувчи йўлни топа олмайди. Тарихга беписанд халқнинг келажаги йўқ. Кўп асрлик тарихи мобайнида Ўзбекистон қанча босқинларни кўрмади, Марказий Осиё минтақаси қандай бўронлар ичида қолмади, кимлар бизни тобе ва қарам қилишга интилмади. Ана шу тарихдан сабоқ чиқармасак, эртага кечаги кун кўргуликлари қайтадан бошимизга тушиб қолиши ҳеч гап эмас. Бошқача айтганда, кечаги кунидан тўғри хулоса чиқариб иш тутган жамият келажакка ишонч беради. Шуни ҳам унутмайликки, бугунги кишиларга, хусусан, буюк келажагимиз бунёдкорларига фақат тарихимиз билан фахру ғурур этиб яшаш кифоя қилмайди. Ғурурли, мард ёшларимиз буюк тарихни яратган аждодларнинг ворислари сифатида “Мен келгуси авлодга ўзимдан нималар қолдираяпман?”, деган тушунча ва интилишни онгу-шуурига жойлаб яшаши шарт. Эришилган ютуқларимизни янада ривожлантириш билан бирга, бошқалардан ўзишга интилмоқ керак. Ана шунда буюк келажагимизни таъмин этган бўламиз.

Ўтганларнинг хотираси олдида таъзим бажо келтириш, инсонни тириклик чоғида қадрлашдек ана шу ҳаётий қарашлар эл-юртимизнинг қон-қонига сингиб бораётгани ва бугунги кунда ҳар бир юртдошимиз умрининг узвий қисмига, барчамиз учун муқаддас қадриятга айлангани катта воқеадир.

Отабек домла Ҳусанов, 

Олтинкўл тумани “Жалабек ота” жоме масжиди имом-хатиби