ЯХШИ КИТОБ

1009

Илм инсон учун ғоят олий даражада бўлган бир фазилат ҳисобланади. Чунки, илм кишига ўз ҳолатини, ҳаракатини ойна каби кўрсатиб туради. Зеҳнни, фикрни ўткир килади. Шунингдек, илм инсонни жаҳолат коронғулигидан қутқариб қолиш қудратига эга.

Илмсиз инсон эса мисли мевасиз дарахт кабидир. Умуман, илмнинг фойдаси шу қадар кўпки, таърифлашга сўз етмайди.

…Кичик бир даврага йиғилганлар орасида ҳам айнан илмнинг қадри хусусида суҳбат борди. Шунда бир киши яхши китоб ҳақидаги, мутола хусусидаги бир воқеа устида тўхталиб ўтди.

– Хонадонимизга янги келин туширганмиз, – дейди у сўз бошлаб. – Қаршилигимизга қарамай, келин тарафдан ҳар байрамларда куёв-қайлиққа аталган ҳадялар келиб турарди.

Бир куни қудаларим қизига байрамга деб, яна совға-салом юборибди. Кейин билсам, совғалар орасида “Бахтиёр оила”, деб номланган китоб ҳам бор экан. Шунда фаросатим панд берди: қудаларим устидан кулдим…

“Ҳеч жаҳонда китоб ҳам совға қиладими?” – дея ҳаёлимда уларни мазаҳ қилиб юбордим.

Орадан кунлар ўтди. Бир куни аёлим қулимга ўша китобни тутқазар экан: “Китоб орасини вароқланг, дадаси, юрагингиз яшнаб кетар экан” – деб қолди.

Тўғриси китобни қўлимга олиб, ҳафсаласизлик билан варақлар эканман, у ер-бу ерини эринчоклик ила ўқиб кўрдим. Бироқ, китоб мени шу даражада ўзига тортди-ки, ўқиганим сайин очиғи… ўзимдан ҳижолат булиб кетдим. Сабаби, анчагина билимсиз эканимни англаб етдим.

Мазкур китобда ҳар қандай оиланинг бахтиёр бўлиши учун бир олам илм жамланган бўлиб, тўрт кунлик дунёда беҳаловат юрган одам қалби имон нури билан мунаввар бўлса, кўнгилдан зулмат чекинаркан!

Аёлим, келиним, қизларим ушбу “қимматбаҳо совға” дан баҳра олганларидан сўнг, оиламда ажойиб тартибли интизом ҳукм сураётганининг гувоҳи бўлдим. Беихтиёр, юрагимнинг туб-тубидан зиёли қудаларимга нисбатан хурмат уйғонди ва бутун ҳаётимиз, саломатлигимиз, баҳтимиз, ғайратимиз илмга боғлик эканига яна бир карра иқрор бўлдим, деб ўзининг бошдан ўтганини сўзлаб берди.

Ҳа, илм – дунёнинг иззатидир! Илм инсонни ёмон феъллардан, нопок ишлардан қайтаради ҳамда яхши ҳулк ва одоб соҳибига айлантиради. Бу борада эса яхши бир китобнинг ўрни беқиёс!

 

Андижон шаҳар

“Пистамозор” жомеъ масжиди имом-хатиби

Хайруллоҳ ҳожи Сулаймонов