ҚУРЪОН ЁДЛАШ ФОЙДАЛАРИ

1815

Қуръони Каримни ёд олиш, уни қалбига жо қилиш фазилатлари тўғрисида оятлар ва кўп ҳадислар ворид бўлган. Аллоҳ таоло айтади:
«У (яъни  Қуръон) илм ато этилган зотларнинг қалбларида (ёд бўлувчи) аниқ-равшан оятлардир. Бизнинг оятларимизни фақат золимларгина инкор қилади»  (Анкабут, 49).
«Биз Қуръонни зикр-эслатма олиш учун осон қилиб қўйдик. Бас, бирон эслатма-ибрат олувчи борми?»  (Қамар, 17)

Усмон ибн Аффон (розияллоҳу анҳу) Набий (соллаллоҳу алайҳи васаллам) шундай деганларини ривоят қилади: «Қуръонни ўрганиб, сўнг уни (бошқаларга) ўргатганлар сизларнинг яхшиларингиз».

Абу Саид Худрий (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким Қуръон ўқиб, уни ёдламасидан олдин вафот этса, бир фаришта келиб, қабрида унга Қуръонни ўргатади ва у Аллоҳга Қуръонни ёдлаган ҳолида йўлиқади», деганлар» (Абу Ҳасан ибн Башрон ва Ибн Нажжор ривояти).
Яхши ният − ярим давлат. Банда доим яхши ният қилиши, солиҳ амалларни бажаришни дилига тугиб юриши керак. Хусусан, Қуръони Каримни ўрганишни, ёд олишни бошлаганда уни охиригача етказиш ҳаракатида бўлиш лозим. Агар фурсат етиб, Қуръонни тўлиқ ёд олса, нур устига нур. Аммо вақт етмаса ёки имкони бўлмаса ёки бошқа сабаблар билан Қуръонни тўлиқ ёдламасдан олдин вафот этса, Аллоҳ ўша банданинг қабрига бир фариштани юборади ва у бандага Қуръоннинг қолган қисмини ёд олдиради. Натижада банда Аллоҳ билан Қуръонни тўлиқ ёдлаган ҳолида юзлашади.

– Қуръон ёдлаш хотирани кучайтиради;

– зеҳнни ўткир қилади;

– идрок этиш, фаҳмлаш қобилиятини ўстиради, киши дунёқарашини кенгайтиради;

– руҳий барқарорлик, хотиржамлик бағишлайди;

– паришонхотирликка, фикрни бир жойга жамлай олмасликка барҳам беради;

– дилга қувонч бағишлайди;

– инсоннинг ўзига бўлган ишончини оширади;

– иммунитетни кучайтиради;

– мактаб ёшидаги ўқувчилар Қуръон ёдлашлари дарсларни яхши ўзлаштиришларига ёрдам беради.

Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, инсон ҳаётида Қуръоннинг ўрни беқиёс. Ҳаёт мазмуни у билан, Охират саодати айнан у билан. Шундай экан, умримизнинг ҳар бир они Қуръон билан ўтсин!

Манбалар асосида Муҳаммад Қуддус Абдулманнон тайёрлади.

Хўжаобод туман “Етти чинор” жоме масжиди имом ноиби