Германиялик профессор: “Ислом цивилизацияси ва Имом Бухорий марказлари таҳсинга сазовор лойиҳа”

984

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ва Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази вакилларидан иборат делегация Германиянинг нуфузли университетлари, исломшунослик соҳасига ихтисослашган илмий марказлар, музей ва маданий муассасаларда учрашувлар ўтказди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.

Ўзбекистон делегацияси Лейбницдаги замонавий шарқшунослик марказида бўлиб, германиялик ҳамкасбларига Ўзбекистонда кечаётган ижобий ўзгаришлар, турли конфессияга мансуб фуқароларга эътиқод эркинлигини тўлиқ кафолатлаш, ўзларини жамиятнинг тўлақонли аъзоси сифатида ҳис қилиб яшаши, ибодатларини эмин-эркин адо этишини таъминлашга қаратилган чора-тадбирлар ҳақида маълумот берди. Дунёнинг айрим мамлакатларида кўп миллатлилик, турли конфессияларга мансублик ижтимоий муаммоларни келтириб чиқарувчи салбий омил сифатида қаралаётган бир вақтда этник хилма-хиллик Ўзбекистоннинг чинакам бойлиги экани, халқнинг яратувчилик кучи ва қудратини оширадиган муҳим мезонлиги қайд этилди.

Эътиборингизга германиялик етакчи исломшунос, шарқшунос олимларнинг Ўзбекистонда амалга оширилаётган фаол ислоҳотлар ҳақидаги фикр-мулоҳазаларини тақдим этамиз.

Гудрун Крэмер, Берлин эркин университети Исломшунослик институти директори:
– Мен асосан Яқин Шарқда, хусусан, араб дунёсидаги замонавий ислом мавзусида изланишлар олиб бораман. Ўзбекистон делегациясининг университетимизга ташриф буюрганидан жуда хурсандман. Бугунги учрашувда ўзбекистонлик мутахассислар билан ҳамкорликни йўлга қўйиш борасида ўзаро фикр алмашдик. Дарҳақиқат, Германияда Ўзбекистон учун муҳим аҳамиятга эга бўлган кўплаб қўлёзмалар мавжуд. Биз мана шу қўлёзмаларни биргаликда ўрганиш борасидаги илмий ҳамкорлик бўйича маслаҳатлашдик.

Ҳамкорликнинг яна бир йўналиши сифатида талабалар ва ёш олимлар учун махсус ўқув курслари ташкил этиш ҳам мақсадга мувофиқдир.

Мен Ўзбекистонга кўп маротаба саёҳат қилиш бахтига муяссар бўлганман. Хусусан, 2000-2006 йиллар оралиғида Самарқанд ва бошқа шаҳарларда ўтказилган халқаро анжуманларда иштирок этганман. Сафарларим давомида мамлакатингиз билан яқиндан танишиб, ўзбек халқининг маданий-маърифий мероси ва урф-одатлари ҳақида кўп маълумотга эга бўлдим. Ўзбекистон исломшунослари билан яқин алоқалар ўрнатиш ва илмий ҳамкорликни йўлга қўйишдан жуда мамнунман.

Конрад Ҳиршлер, Берлин эркин университети исломшунослик бўйича профессори, Мусулмон жамиятлари ва маданиятлари Берлин Олий мактаби директори:

– Ўзбекистон делегациясининг Берлинга ташрифи самарали бўлди, деб ўйлайман. Бугунги кунда мамалакатингизда исломшунослик марказларининг ташкил этилгани ва соҳани ривожлантириш борасида республика ҳукумати томонидан амалга оширилаётган чора-тадбирлар таҳсинга сазовор. Ушбу йўналишда олиб борилаётган ишлар кўлами мени жуда ҳайратлантирди ва ўзаро ҳамкорликка бўлган қизиқишим янада ошди. Тарихий қўлёзмаларни ўрганиш борасидаги алоқаларни катта истиқболга эга, деб ҳисоблайман. Келажакда мазкур йўналишда ўзбек олимлари билан кенг кўламли тадқиқот ишлари олиб борамиз, деб умид қиламан.

Улрике Фрайтаг, Замонавий шарқшунослик маркази директори, профессор:
– Ўзбекистонда исломшуносликка кенг йўл очилганлиги ва ҳукумат томонидан марказлар ташкил этилишини ижобий баҳолайман. Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ва Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази вакилларининг Германиядаги тегишли илмий-тадқиқот марказлари ҳамда олий ўқув юртлари билан ҳамкорлиги бизни жуда қувонтиради. Биз бугун Ислом маданиятининг тарихий илдизларини ўрганиш ва ислом динида бағрикенглик мавзуси бўйича биргаликда илмий тадқиқотлар олиб боришдан манфаатдормиз.

Ҳайке Лиебау, Замонавий шарқшунослик маркази илмий тадқиқотлар раҳбари:
– Мен бундан 30 йил аввал Тошкент давлат университетининг Шарқшунослик факультетида ўқиганман. Талабалик йилларим ўтган ўша дамларни, устозларим ва бирга ўқиган дўстларимни соғинч билан эслайман. Шунинг учун ҳам Ўзбекистондан келган меҳмонларни катта қувонч билан кутиб олдим. Самимий кечган суҳбат чоғида Ўзбекистонда ташкил этилган Ислом марказлари ҳақида батафсил маълумотга эга бўлдик. Тошкент ва Самарқанддаги Ислом марказлари фаолияти Лейбниц номидаги Замонавий шарқшунослик маркази тадқиқот йўналишларига ҳамоҳанг эканини инобатга олган ҳолда, тез орада марказларимиз ўртасида мазмунли ва самарали ҳамкорликни амалга оширамиз, деган умиддаман.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати