ҒИЙБАТДАН САҚЛАНАЙЛИК!

1900

Улуғ неъматлардан бири бўлган тил инсонга Аллоҳни зикр этиш, Қуръон тиловат қилиш, одамларни ҳидоят йўлига чақириш, қисқа қилиб айтганда, Аллоҳ рози бўладиган ўринда ишлатиш учун берилган. Тилни қандай сўзларга ишлатса ҳам, инсондан охиратда ҳисоб сўралиши ҳақида Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади: “У бирор сўзни талаффуз қилса, албатта, унинг олдида ҳозиру нозир бўлган бир кузатувчи (сўзни ёзиб олувчи фаришта) бордир” (Қоф сураси, 18-оят).

Тил билан қилинадиган улкан гуноҳлардан бири ғийбатдир. Ҳадисда шундай дейилган: “Расулуллоҳ с.а.в “Ғийбат нима эканлигини биласизларми?”-дедилар. “Аллоҳ ва унинг Расули билгувчироқдир”, деб жавоб беришди саҳобийлар. Расулуллоҳ с.а.в: “Бир биродарингнинг орқасидан ўзи эшитса, ёмон кўрадиган сифат билан гапиришингдир”, дедилар. Шунда улардан бири: “Агар биродаримда мен айтган ўша сифат бор бўлса ҳам ғийбат бўладими?”-деб сўради. Расулуллоҳ с.а.в: “Унда бор айбни айтган бўлсанг, ғийбат қилган бўласан. Агар сен айтган сифат бўлмаса, бўҳтон қилган бўласан”, деб жавоб бердилар”.

Аллоҳ таоло ғийбатнинг ҳақиқий моҳиятини Қуръони каримда баён қилиб, инсонларга хитоб қилиб айтадики: “…(Ўзгалар айбини қидириб) жосуслик қилманглар ва бирингиз бирингизни ғийбат қилмасин! Сизлардан бирор киши ўлган биродарининг гўштини ейишни хоҳлайдими?! Уни ёмон кўрасиз-ку, ахир! Аллоҳдан қўрқингиз! Албатта, Аллоҳ тавбаларни қабул қилувчи ва раҳмли зотдир” (Ҳужурот сураси, 12-оят).

Ғийбатнинг жазоси ҳам шубҳасиз даҳшатлидир. Бунга Анас ибн Молик р.а.дан ривоят қилинган ҳадис мисол бўла олади: “Расулуллоҳ с.а.в Меърож кечасида бир қавмнинг олдидан ўтдилар. Уларнинг тирноқлари қўрғошиндан бўлиб ўзларининг юзлари ва куракларини тирнаётган эдилар. Буни кўриб ажабланган Расулуллоҳ с.а.в: “Эй Жаброил а.с булар кимлар? –деб сўрадилар. Жаброил а.с: “Булар одамларнинг гўштини ейдиган (ғийбат қиладиган) ва уларнинг обрўларини тўкадиган кишилар”, деб жавоб бердилар”(Абу Довуд ривояти).

Ғийбат сўзларга қулоқ солиб турган киши ҳам ғийбатчининг гуноҳига шерик бўлади. Зеро, ҳадисларда ғийбат эшитувчи ҳам ғийбатчининг бири эканлиги баён қилинган. Шунинг учун мусулмон бошқа мусулмон биродарининг обрўсини ҳимоя қилиши ва ғийбатни тўхтатишга ҳаракат қилиши лозим. Бу ҳақда Абу Дардо р.а.дан ҳадис ривоят қилинади: “Расулуллоҳ с.а.в. айтдилар: “Кимки бир мусулмоннинг обрўсини ҳимоя қилса, қиёмат кунида Аллоҳ таоло унинг юзидан дўзахни даф қилади”.

Лекин баъзи ўринларда одамларнинг айбини гапиришга изн берилган. Масалан: мазлум киши золим устидан шикоят қилиб, унинг айбини гапириши; бир одамни тўғри йўлга солиш ва ёмон йўлдан қайтариш мақсадида бошқалардан маслаҳат ва ёрдам сўраш; маслаҳат сўраган кишига тўғри маслаҳат бериш (яъни, уй олишда қўшнилар ҳақида, оила қуришда йигит ёки қиз ҳақида сўралса, уларнинг камчиликларини айтиш мумкин); олим кишилардан фатво сўраш ниятида гапириш (яъни “фалончи менга шундай муомала қилди, мен нима қилишим керак?” каби саволларни бериш мумкин); гуноҳни ошкора қиладиган ва шу гуноҳи билан мақтаниб юрадиган одамнинг айбини айтиш ғийбат ҳисобланмайди.

Шундай бўлса ҳам, ғийбатдан сақланиш фойдалироқдир. Бу гуноҳнинг каффорати икки қисм: афсус-надомат ва тавба билан Аллоҳнинг ҳаққи адо этилган бўлади. Кейин эса ғийбат қилинган одамни кўрганда ундан кечирим сўраш, ўша кишининг ҳаққига доимо истиғфор айтиб юриш лозим. Чунки бу муомала охиратга қолса, оқибати оғир бўлади. Зеро, Расулуллоҳ с.а.в шундай деганлар: “Кимнинг зиммасида бир биродарининг обрўси ёки молига тегишли бирор ҳаққи бўлса, динор ва дирҳамлар ўтмайдиган (қиёмат) кун келишидан олдин ҳаққини адо қилсин. Чунки у кунда бунинг ҳасаноти ҳақдорга олиб берилади. Агар бунинг савоблари бўлмаса, унинг гуноҳларига қўшиб қўйилади”.

Аллоҳ таоло ўзи барчаларимизни ғийбат ва унинг ёмон оқибатларидан асраб, тўғри йўлга бошласин!

Мансурбек домла Раҳимов,

Хонобод шаҳар бош имом-хатиби