РАСУЛ ВА НАБИЙ

1197

Ақидавий мавзуга доир манбаларда “расул” ва “набий” калималарига кўп дуч келамиз. Масалан: Расулуллоҳ ёки набиюллоҳ. Яъни Аллоҳнинг расули ва Аллоҳнинг пайғамбари деган маънода. Умумий тушунчамизда бу икки термин бир ҳил маънодаги икки ҳил сўз бўлсада аслида уларнинг орасида фарқ бор.
Расул. Расулга илоҳий ваҳий нозил бўлади. Лекин набийдан фарқли ўлароқ рисолат – яъни ақида ва шариат аҳкомларини қамровчи дин нозил қилинади ва уни ўз қавмига етказиш вазифаси юклатилади. Буни қуйидаги оятдан англаш мумкин:

يَا أَيُّهَا الرَّسُولُ بَلِّغْ مَا أُنزِلَ إِلَيْكَ مِن رَّبِّكَ وَإِن لَّمْ تَفْعَلْ فَمَا بَلَّغْتَ رِسَالَتَهُ

Эй Расул! Сизга Роббингиздан нозил этилган нарсани етказинг. Агар шундай қилмасангиз, Унинг рисолатини етказмаган бўласиз. (Моида сураси 67 оят).
Шунингдек, Аллоҳнинг Расули Солиҳ алайҳис-саломдан ҳикоятан айтилган ушбу оятга эътибор қаратамиз:

فَتَوَلَّى عَنْهُمْ وَقَالَ يَا قَوْمِ لَقَدْ أَبْلَغْتُكُمْ رِسَالَةَ رَبِّي وَنَصَحْتُ لَكُمْ وَلَكِن لاَّ تُحِبُّونَ النَّاصِحِينَ

Кейин, У улардан юз ўгирди ва: “Эй қавмим, батаҳқиқ, мен сизга Роббимнинг рисолатини етказдим ва насиҳат қилдим. Лекин сиз насиҳат қилувчиларни севмас экансиз”, деди.(Аъроф сурси 79 оят).

Набий. Набийга ҳам раслуда бўлгани каби илоҳий ваҳий нозил бўлади. Аммо унга нозил этилган ваҳий янги шариат эмас, балки ўзидан олдин ўтган расулнинг шариатига тобелик, ва ҳамда уни ўз қавмига етказиш, унинг шариати бўйича қавми орасида ҳукм юритиш вазифалари бўлади. Масалан ҳазрати Мусо ва Ҳорун алайҳимас-саломни Аллоҳ Бани Исроилга расул қилиб юборди. Улардан кейин келган пайғамбарларга эса шу икковининг шариатига эргашган ҳолда ҳукм амал қилиш ва уни асҳобларига етказишни буюрди. Мана бу оятга диққат қиламиз:

إِنَّا أَنزَلْنَا التَّوْرَاةَ فِيهَا هُدًى وَنُورٌ يَحْكُمُ بِهَا النَّبِيُّونَ الَّذِينَ أَسْلَمُواْ لِلَّذِينَ هَادُواْ وَالرَّبَّانِيُّونَ وَالأَحْبَارُ بِمَا اسْتُحْفِظُواْ مِن كِتَابِ اللّهِ وَكَانُواْ عَلَيْهِ شُهَدَاء

Биз Тавротни нозил қилдик. Унда ҳидоят ва нур бор. У(Таврот)билан У зотга таслим бўлган Пайғамбарлар, Аллоҳнинг китобини муҳофаза қилишга мукаллаф бўлган роббонийлар ва аҳборлар яҳудий бўлганларга ҳукм юритарлар. Улар бу китобга гувоҳ қилинганлар.(Моида сураси 44 оят).
Бу ояти каримада ҳазрати Мусо ва Ҳорун алайҳимас-саломдан кейин келадиган Бани Исроил набийларининг вазифаси белгилаб берилгани баён этилмоқда. Яъни, яҳудийлар орасида Мусо ва Ҳорун алайҳимас-саломга нозил этилган шариат аҳкомлари бўйича ҳукм юритиш.
Демак, расул шариат соҳиби бўлади. Набий эса ўзидан олдин келган расулнинг шариатини одамларга етказувчи бўлади.

Авазбек домла МЎМИНОВ,
Андижон шаҳар “Чинор” жоме масжид имом-хатиби