ДУО ИЖОБАТ БЎЛАДИГАН ЖОЙЛАР

1908

Дуо ислом суннатларидан биридир. Аллоҳ таоло Қуръонда, “Ғофир” сурасининг 60 оятида дуо қилишга амр қилган. Пайғамбаримиз алайҳиссалом “Дуоибодатдир”, деганлар. Бошқа бир ҳадисда эса “Дуо ибодатнинг илигидир!”, дейилган.

Дарҳақиқат, дуо ибодатни ибодат қиладиган асосий воситадир. Банда чин қалбдан дуо қилар экан, Аллоҳга маънавий яқинлик хосил қилади. Чунки дуо вақтида Аллоҳдан бошқа ҳамма нарсадан узилади. Шунинг учун ҳам дуо ибодатнинг илиги дейилган.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилади: У зот айтдилар:“Сизларни душманларингиздан ҳимоя этувчи ва ризқларингизни мўл-кўл қилувчи бир нарсага йўллаб қўяйми?! Кечаю кундуз Аллоҳга дуо қилинг, чунки дуо мўминнинг қуролидир!”.

Дуогўйнинг дуоси қабул бўлиб, ҳожати раво бўлиши учун бир қанча шартлар, дуонинг одоблари бор. Қачонки шу шартларга амал қилинганда дуо самарали бўлади. Шунингдек, ер юзида шундай табаррук жойлар борки, у ерда қилинган дуо ҳам ижобат бўлиши ҳақида ишончли маълумотлар мавжуд.

Тобеъинларнинг улуғларидан Ҳасан ал-Басрий раҳимаҳуллоҳ Макка аҳлига ёзган мактубида Макка ва унинг атрофида 15 табаррук макон бўлиб, у ерда дуо ижобат бўлади деган. Ва қуйидагиларини номмма-ном қатор келтириб ўтган:

  • Каъбанинг атрофи. Яъни, тавоф қилинадиган жойлар;
  • Мултазам. Рукни яманий билан Каъба эшиги оралиғи.
  • Ҳажар ал-асвад яқинидаги жой;
  • Каъбанинг ичи;
  • Зам-зам булоғининг олди;
  • Сафо ва Марва;
  • Сафо ва Марва оралиғидаги ҳудуд;
  • Мақоми Иброҳимнинг орқа тарафи;
  • Шайтонга тош отиладиган 3 та жой;
  • Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қабри шарифлари.

Мулла Али қори раҳматуллоҳи алайҳ қуйидаги жойларни ҳам шу рўйҳатга қўшган:

  • Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам дунёга келган хонадон;
  • Дор ал-арқам. Исломнинг дастлабки даврида саҳобалар мушриклардан яшириниб, шариат аҳкомларини ўрганган ҳовли.
  • Хадижа розияллоҳу анҳо онамизнинг ҳовлиси;
  • Ҳиро ва Савр ғорлари.
  • Каъбани биринчи бор қаердан туриб кўрсангиз ўша ер;

Аллома Сафориний ҳам қуйидаги жойларни санаб ўтган;

  • Масжид ал-ҳаром;
  • Масжид ан-набий;
  • Масжид ал-ақсо;
  • Масжид ал-аҳзоб;
  • Арафот тоғи;
  • Муздалифа;
  • Мино;

Аллоҳ таоло барчамизни шу табаррук жойларни зиёрат этиб, унда чин ихлос билан дуо қилиш бахтига мушарраф қилсин!

Нодирбек домла КЕНЖАЕВ,

Андижон шаҳар “Бува таваккул” жоме масжид имом-хатиби