Юртимиз бўйлаб ҳар йили рабиъул-аввал ойи киришлиги жуда катта шукуҳият ила нишонланади. Бу йилги рабиъул-аввал ойи киришлиги ҳам барчага хурсандчилик, хушкайфият, қалбларга эса сурурлик бағшида этди. Зеро бу ойнинг биз мусулмонлар ҳаётида улкан аҳамияти бор. Бу ой шундай ойки, бутун оламларга раҳмат қилиб юборилган Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам туғилган ойларидир. Бу ойда Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломнинг туғилган саналарини шарафлани, байрам қилинади. Бу ойда барчаларимиз оламлар сарвари, бутун инсониятга охирзамон пайғамбари этиб юборилган суюкли Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломнинг сийратларини, ҳаётларини янада кенгроқ ўрганиш, ҳар ишда, ҳар кунимизда, ҳар бир амалимизда у зотга эргашиш, суннатларига мувофиқ ҳаёт кечиришни бир-биримизга янада кўпроқ тарғиб қилишимиз керак бўлади.
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламга муҳаббат қўйиш вожибдир. Пайғамбаримиз алайҳиссаломни таниган, У зотга муҳаббат қўйган одамгина ҳақиқий имон эгаси, нажот топгувчи кишига айланади. Пайғамбаримиз алайҳиссалом ўзларининг муборак ҳадиси шарифларида:
“Сизлардан бирортангиз мен унга боласидан, ота-онасидан ва одамларнинг ҳаммасидан маҳбуброқ бўлмагунимча, мўмини комил бўла олмайди”, – дедилар (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламни яхши кўриш имон аҳлларининг сармояси ва Ислом аҳкомларининг татбиқидир.
Дарҳақиқат, Муҳаммад алайҳиссалом Аллоҳ таолонинг сўнгги пайғамбари, пайғамбарларнинг энг улуғи ва хотималовчиси, Парвардигор бутун оламга раҳмат қилиб юборган элчиси, инсоният фахри, одамларнинг энг яхши хулқлиси ва комили эдилар.
Мавлид ойи Пайғамбар алайҳиссаломнинг ҳаётларини, муборак сийратлари ва суннати санийяларини янада чуқурроқ ўрганиш ойидир. Бу ойда ҳам, бундан кейин ҳам биз, мўмин-мусулмонлар, ҳар бир ишда, ҳар бир амалда у зотнинг суннатларига мувофиқ йўлда юришимиз, У зотга эргашишимиз зарур.
Гўзал ва бетакрор бўлган Андижонимизда ҳам бугун жума куни жума намозларидан аввал барча жоме масжидларимизда Ўзбекистон мусулмонлари идораси фатво ҳайъати томонидан юборилган “Мавлидун набий муборак!” мавзусидаги тезис асосида мавъизалар қилинди. Дуои хайрлар қилинди. Бир қанча масжидларимизда эса Мавлиди шариф ўқиш маросимлари ўтказилди.
Масжидларимизда янграган Мавлиди шарифда Пайғамбаримизнинг васфлари, сийратлари, шамоиллари ўрганилди. Бундан эса биргина мақсад Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга муҳамматларимизни изҳор қилиш ва шу муҳаббат ила У зотнинг шафоатларидан насибадор бўлишликдан иборатдир.
Намоздан сўнг эса барча масжидларда эл-юрт тинчлиги ва мамлакатимиз ободлиги, деҳқончиликка барака ҳамда ҳаётимиз янада фаровон бўлишини тилаб, дуои хайрлар қилинди.
[su_custom_gallery source=”media: 4187,4188,4189,4190,4191,4194,4193″ limit=”7″ link=”lightbox” width=”200″ height=”150″ title=”never”]
Барча юртдошларимизга мавлидун Набий муборак бўлсин!
ЎМИнинг Андижон вилоят вакиллиги
ходими Нуруллоҳ Қодиров