Заҳри қотил

824

Исломда гиёҳвандликнинг зарар ва офати ҳақида уламолар кўплаб асарлар ёзишган, чунончи Имом Саноний шундай дейди: “Гиёҳвандлик нима нарсадан бўлишидан қатъи  назар маст қилдими ёки афюн каби нарса бўлиб истеъмол қилинишида кайф бердими – у мутлоқ ҳаромдир”. Имом Аъзам (раҳмутулоҳи алайҳ) мазҳабларидаги охирги мужтаҳид уламолардан Ибн Обидин ҳазратлари Ибн Ҳажардан нақл этиб шундай дейди: “Банг-афюн истемол этишда 120 хил диний ва дунёвий зарар, офатлар бўлади”. Гиёҳвандлик – инсоннинг гиёҳванд моддага ўрганиб қолишига айтилади. Аҳоли, айниқса баъзи бир ёшлар орасида маълум бир кишилар ўзларининг интизомсизлиги, фойдали меҳнат билан шуғулланишни истамаслиги, ўз-ўзини назорат қила олмаслиги, ота-оналарнинг назоратидан четда қолганлиги ва шундай моддаларга қизиққанлиги учун гиёҳванд бўлиб қолмоқдалар. Баъзилар гиёҳванд моддани истеъмол қилиш одатини  кейинчалик ташлаш осон деб ўйлайди. Бу хато фикрдир, мутахассисларнинг таъкидлашича, одам бу моддага жуда тез ўрганиб қолади. Тананинг бунга эҳтиёжи кескин ортиб боради. Тананинг фаоллиги сусайиб, қарамлик-мутелик ҳолати юзага келади. Бундай касалликка дучор бўлмаслик учун аввало, соғлом турмуш тарзига риоя қилиш лозим. Баъзи бировларнинг алдовларига ишонмаслик, бу йўлга ундовчилардан  узоқроқ юриш, заҳри қотилнинг қандай мудҳиш оқибатларга олиб келишини мудом унутмаслик керак.

Гиёҳвандликка ружу қўйган одам оиласини, шунингдек жамиятни ҳам издан чиқариши мумкин. Қарийб ўттиз йил давомида гиёҳванд моддаларни истеъмол қилувчи ўнта оилани кузатган француз олими Демманинг ўрганишича, мазкур оилаларда дунёга келган болаларнинг деярли аксарияти ногирон бўлиб туғилган. Тинимсиз заҳри қотилни истеъмол қилганларнинг аксарияти эса ўпка саратони, асаб, бўғма касалликлари билан оғриб, ҳаётдан эрта кўз юмган. Гиёҳвандлар ўз-ўзини эҳтиёт қилиш қобилиятини йўқотадилар. Кўпчилиги ўзини-ўзи ўлдиришга ҳаракат қилади    Ҳазрати Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар:  яъни: “Ҳар бир маст қилувчи нарса хамрдир, ҳар бир хамр эса ҳаромдир”, дейилади (Имом Муслим ривояти). Бошқа бир ҳадисда яъни: “Пайғамбар (с.а.в.) ҳар қандай маст қилувчи, баданни бўшаштирувчи ва сусайтирувчи нарсаларни истеъмол қилишдан қайтардилар”, дейилади(Аҳмад ва Абу Довуд ривояти). Мазкур ҳадиси шариф ҳар қандай турдаги гиёҳвандлик ҳаром эканига далолат қилади. Шу сабаб ҳам уни истеъмол қилиш шаръан ножоиз. Инсон сиҳат-саломатлиги ва ақлига зарар қиладиган гиёҳвандликнинг ҳар қандай кўриниши шаръан ҳаром қилинган.

Аллома ибн Ҳажар ал-Маккийнинг “Фатовои Кабир”ида айтилишича, “Гиёҳвандлик моддаларини истеъмол қилишда бир қанча диний ва дунёвий зарарлар мавжуд: у инсон тафаккурини ўтмаслаштиради, тананинг турли касалликларга чидамлилигини йўқотади, хотирани сусайтиради, бош, юрак, сил, истисқо хасталикларини юзага келтиради, ибодатдан тўсади, шарму ҳаёни кетказади, инсоний муносабатлар ва мурувватга зарар етказади”.

Гиёҳвандликка мубтало бўлган киши атроф-муҳитда бўлаётган воқеаларга бепарво бўлиб қолади. Унинг гирдобига тушган бемор нафақат ўз яқинлари, балки юртини ҳам танимайдиган манқуртга айланади. Мана шунинг ўзиёқ гиёҳвандликнинг нақадар тубанликка олиб боришини англатади. Гиёҳвандлик инсонга ҳар томонлама улкан зарар беради. Буни дунё тиббиёт мутахассислари бир овоздан тасдиқлашмоқда. Гиёҳвандлик оқибатида ўнлаб тузалмас касалликларга йўлиқиш, бевақт ўлим ҳолатлари, мажруҳ, ақли ноқис фарзандлар туғилиши исботланган. Бу эса инсоннинг ўз жонига қасд қилиш қилиш билан баробардир.  Зеро, инсон ўз жонига қасд қилиши улкан гуноҳлиги барчамизга маълум. Бундан ташқари, бу зарарли иллат инсонни ўта ялқов, камғайрат, оилага бепарво, ҳамиятсиз, жинсий заиф қилиб қўяди, кўзни хиралаштиради, тишларни тўкиб юборади. Яна фатволарда келишича, “Гиёҳванд моддаларини истеъмол қилиш, уни сотиш ва унинг тижорататидан келган фойда ҳам ҳаром саналади”.

Таъкидлаш жоизки, гиёҳванд моддаларни ёшларимиз ичида тарқатаётганлар жамиятимизнинг ҳам динимизнинг ҳам душманлари бўлиб,  уларнинг охиратлари барбод бўлади.

Муҳтарам азизлар! Сизу биз ота-оналар, ёши улуғлар панду насиҳатларимизни, ҳаётий тажрибаларимизни ўсиб келаётган жондан азиз фарзандларимиздан аямаслигимиз, уларни гиёҳвандлик йўлига кириб қолмаслиги учун доимо назорат қилиб боришимиз, илм-ҳунар ўргатишимиз, жисмоний меҳнат ҳамда спорт билан шуғулланишига алоҳида эътибор қаратишимиз лозим бўлади. Аллоҳ таоло барчаларимизни пок неъматлардан истеъмол қилишни насиб айлаб, умр заволи-гиёҳвандлик, каби иллатлардан Ўзининг ҳифзу-ҳимоясида сақлашини сўраб илтижо қиламиз.

Пахтаобод туман бош имом-хатиби Абдуманноб домла Усмонов