Миллатлараро тотувлик ва динлараро бағрикенглик

1345

Аллоҳ таоло ер юзида турли миллат ва элатларни, турли ҳил тилларда сўзлашувчи халқларни яратишининг хикматларидан бирини бундай баён этади: “Эй, инсонлар! Дарҳақиқат, Биз сизларни бир эркак (Одам) ва бир аёл (Ҳавво) дан яратдик ҳамда бир-бирларингиз билан танишишингиз учун сизларни (турли-туман) халқлар ва қабила (элат) лар қилиб қўйдик. Албатта, Аллоҳ наздида (энг азизу) мукаррамроғингиз тақводорроғингиздир. Албатта, Аллоҳ билувчи ва хабардор зотдир” (Ҳужурот сураси 13-оят).

Аллоҳ мазкур оятда “Эй, инсонлар!” дея бутун инсониятга мурожаат қилиб, “Сизларнинг ота-онангиз бир” – яъни барчангиз Одам Ато ва Момо Ҳаводан тарқалгансизлар. Шундай бўлсада сизларни турли миллат, элат, халқ ва қабилаларга ажратиб қўйдик деб марҳамат қилди.

Ислом динида бошқа дин вакилларига нисбатан бағрикенглик тамойиллари белгилаб берилган, унга кўра, инсон дини, ирқи, миллатидан қатъий назар мукаррам қилиб яратилган. Бу ҳақда Қуръони каримда: “Дарҳақиқат, (Биз) Одам фарзандларини (азиз ва) мукаррам қилдик”, дейилган (Исро сураси 70-оят).

Ушбу мукаррамлик ҳар бир инсонни инсонлиги учун ҳам ҳурмат қилиш ҳаққини келтириб чиқаради. Исломда ҳар бир тирик жоннинг ҳурмати ва ўрни бор. Инсонларни турли эътиқодда бўлишлари Аллоҳнинг ҳоҳшига кўра бўлган ишдир. Аллоҳ инсонларга танлаш эркинлигини берган. Ҳар бир инсон Аллоҳнинг иши бехикмат эмаслигини яхши билиши керак.

Муқаддас ҳадисларда миллатлараро можаролар, қонли тўқнашувлар қораланган. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам “Ким бекордан-бекорга муоҳид (исломни қабул қилмасдан ислом диёрида келишув асосида яшовчи одам)ни ўлдирса, Аллоҳ унга жаннатни харом қилади”, – деб марҳамат қилганлар.

Ҳар хил миллат вакиллари гарчи динлари ва диний эътиқодлари ўзаро фарқ қилсада, бир-бирларининг тиллари, тарихлари, маданиятлари, миллий урф-одатлари ва қадриятларини билиш ва хурматлашга, ўзаро тотув бўлиб яшашга даъват этилган.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам  ҳадисларидан бирида дини бошқа бўлган қўшнига ҳам инсонийлик юзасидан яхши ва чиройли муомалада бўлишга буюрганлар.

Диний бағрикенглик – бу турли эътиқодларга эга бўлган кишиларнинг бир замин, бир Ватанда олижаноб ғоя ва ниятлар йўлида ҳамкор, ҳамжиҳат бўлиб яшашини ифодалайди.

Диний бағрикенглик маданияти – шахснинг диний қадриятларни ҳурмат қилиши, бошқа динлар, урф-одатлар, диний урф-одатлар, ўзга диний қадриятлар, эътиқодлар ва турмуш тарзига нисбатан сабр-бардошлик, чидамлилик, виждон поклиги ҳамда руҳий покланишдир.

Бугун юртимизда 130 дан ортиқ миллат ва элат вакиллари бир оила фарзандларидек, тенг ҳуқуқлилик ҳамда ўзаро ҳамжиҳатлик шароитида яшаб, Ватанимизни янада равнақ топтириш йўлида меҳнат қилиб келишмоқда. Уларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатларини таъминлаш, таълим олишлари, қизиқиш ва лаёқатлари бўйича касб-ҳунар эгаллашлари, маданиятлари, анъана ҳамда қадриятларини сақлаш, ривожлантиришлари учун барча зарурий шарт-шароитлар яратиб берилган. Бундай эътибор натижасида кўп миллатли халқимизнинг бой тарихий-маданий мероси қайта тикланди, қадр топди.

Давлатимиз раҳбари эътироф этганидек “Ўзбекистоннинг бойликлари кўп, лекин бизнинг энг катта бойлигимиз, энг юксак қадриятимиз – жамиятимизда ҳукм сураётган тинчлик, миллатлараро дўстлик ва ҳамкорликдир”.

 Олтинкўл тумани бош имом-хатиби

Муҳаммадюсуф Тўрақулов