ВАТАН ҲИМОЯСИ УЛКАН ШАРАФДИР

988

        Мамлакатимизда 14 январ-Ватан ҳимоячилари кунини миллий байрам сифатида нишонлаш анъанага айланди. Ҳаётимизнинг тинч ва осойишта бўлишига сабабчиси ва ҳимоячилари мана шу ҳарбийларимиздир. Ана шундай масъулиятли бурчни чин кўнгилдан адо этаётган ўғлонларимиз ҳаққига ҳар қанча тасаннолар айтсак арзийди.

         Тарихдан маълумки, ҳар давр ва ҳар замонда ҳалқнинг тинчлик- фаровонлигини таъминлаш, ҳудудларни ҳимоя қилиш учун ўша юртнинг ўғлонлари сафарбар этилган. Расулуллоҳ Соллаллоху аълайҳи васаллам даврларида ҳам бир жамоа кишилар сафарларда  тунлари қўриқчилик қилиб чиққанлар. Абу Райҳона р.а. ривоят қилади: “Биз Расулуллоҳ Соллаллоху аълайҳи васаллам билан бирга ғазотда эдик. Тунлардан бирида баланд жойга келдик. Ўша кечада ҳаво қаттиқ совиб, бизга қаттиқ совуқ етди. Ҳаттоки баъзи шерикларимиз ерни ўзи сиғадиган даражада ковлаб, унга кириб тешикни оғзига қалқонларини беркитиб олишди. Пайғамбаримиз бу ҳолатни кўриб: “Ушбу кеча бизларни душманлардан ким қўриқлайди? Мен бизни қўриқлайдиган кишини фазилатли дуо билан дуо қиламан”, дедилар. Ансорлардан бир киши: “Ё Расулуллоҳ, мен”, деди. У зот алайҳиссалом: “Яқинроқ кел”, дедилар. У киши яқинлашди. Пайғамбаримиз алайҳиссалом: “Сен кимсан?” деб сўрадилар. У ўзини “Ансорийлардан”, деб таништирди. Расулуллоҳ соллаллоху аълайҳи васаллам дуони бошладилар ва уни кўп дуо қилдилар. Абу Райҳона айтади: “Пайғамбаримиз унинг ҳаққига қилган дуони эшитдим-да: “Мен ҳам борман, дедим. “У зот менга яқинроқ  кел”, дедилар. Мен яқинроқ бордим. У зот: “Кимсан?” деб сўрадилар. Мен: “Абу Райҳонаман”, дедим. У зот алайҳиссалом ансорийнинг ҳаққига қилган дуоларидан ўзгачароқ қилиб дуо қилдилар. Сўнгра: “Аллоҳдан қўрқиб ёш тўккан кўзни ва Аллоҳ йўлида тунлари посбонлик қилиб мижжа қоқмаган кўзни дўзах ўти куйдирмайди”, (Имом Термизий ривояти). дея элу юрт ҳимоясида турган баходир ўғлонларимизга бериладиган мукофотлар ҳақида баён қилинган.

        Инсон дунё ва охиратда солиҳ амаллари, Ватан, имон, дин ҳимояси, ободлиги билан роҳатга эришади. Ҳақиқатан, ватанни қўриқлаш ва унинг остонасини ғанимлар ҳамласидан ҳимоя қилиш бу инсон ўзининг уйини, оиласини, қариндош уруғини ва айниқса, динини ҳимоя қилиш деганидир. Зеро, ватан тинч бўлсагина, келажак авлод тинч осойишта яшайди ва юртда тараққиёт ҳамда ривожланиш бардавом бўлади.

       Аллоҳ таоло мустақил юртимизни тинчлиги ва осойишталигини сабабчилари бўлмиш ҳарбий аскар ва зобитларимизни Ўзининг ҳифзу ҳимоясида сақлаб, жаннатмакон диёримизни ёмон кўзлардан, ёвуз кучлардан ҳамда барча офатлардан асрасин!

Хонобод шаҳар

бош имом-хатиби

Рахимов Мансурбек