بسم الله الرحمن الرحيم
Мусулмон ёлғон гапирмайди
Аллоҳ таоло инсонларга сон саноқсиз неъматларни берган. вужуднинг соғ саломат бўлиши энг улуғ неъматлардан биридир. Бу вужуд инсонларга берилган омонат ҳисобланиб, уни хайрли ишларда ишлатишга ва гуноҳ амал ва гап-сўзлардан сақлашга динимиз буюради.
Бугунги мавизамиз ёлғончилик ҳақида бўлади. Инсонлар учун энг ёмон сифатлардан бири ёлғончиликдир. Ёлғон сўзлаш, одамларни алдаш барча разолатнинг боши, у киши ҳурмати ва обрўсини тўкади. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло ёлғончи, йўлдан озган ва адашганларни:
إِنَّ اللَّهَ لَا يَهْدِي مَنْ هُوَ مُسْرِفٌ كَذَّابٌ
яъни: “Албатта, Аллоҳ ҳаддан ошувчи ва ёлғончи кимсаларни ҳидоятга йўлламас” деб, баён қилган (Ғофир сураси, 28-оят).
Шунингдек, ёлғон гувоҳлик бериш бузғунчиликларга сабаб бўлади. Ёлғон гувоҳлик бериш кишиларнинг жабру жафо тортиши, уларнинг ҳақ-ҳуқуқлари поймол бўлишига олиб келади. Шунинг учун ҳам ёлғон гувоҳлик беришни Аллоҳ таолога ширк келтириш каби катта гуноҳлар қаторида зикр қилинган.
عَنْ أبي بَكْرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: أَلَا أُنَبِّئُكُمْ بِأَكْبَرِ الْكَبَائِرِ؟ ثَلاَثًا قُلْنَا : بَلَى يَا رَسُولَ اللهِ، قالَ: الإشْرَاكُ بالله، وَعُقُوقُ الوَالِدَيْنِ وَكَانَ مُتَّكِئًا فَجَلَسَ، وَقَالَ: ألَا وَقَوْلُ الزُّورِ، وَشَهَادَةُ الزُّورِ، فَمَا زَالَ يُكَرِّرُهَا حَتَّى قُلْنَا: لَيْتَهُ سَكَتَ
(مُتَّفَقٌ عَلَيْهِ)
яъни: Абу Бакра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам “Сизларга катта гуноҳлар ҳақида хабар берайми?”, деб уч марта сўрадилар. Биз: “Ҳа, айтинг, эй Аллоҳнинг расули”, дедик. Шунда у зот: “Аллоҳга ширк келтириш, ота-онага оқ бўлиш”, деб, суяниб турган эдилар, ўтириб олдилар. “Огоҳ бўлинглар, ёлғон сўз ва ёлғон гувоҳлик бермоқ”, деб такрорлайвердилар. Биз ҳатто: “Қанийди сукут қилсалар”, деб айтдик” (Муттафақун алайҳ).
Муқаддас динимиз ростгўйликни тарғиб қилувчи, ёлғончилик ва алдамчиликдан қайтарувчи диндир. Ростгўйлик борасида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан кўплаб ҳадислар ривоят қилинган. Ана шундай ҳадиси шарифлардан бирида Набий алайҳиссалом ростгўй инсоннинг Аллоҳ таоло ҳузуридаги мақомини баён қилиб берганлар.
عن ابن مسعود رضي الله عنه قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: عَلَيْكُمْ بِالصِّدْقِ فَإِنَّ الصِّدْقَ يَهْدِي إِلَى الْبِرِّ وَإِنَّ الْبِرَّ يَهْدِي إِلَى الْجَنَّةِ، وَمَا يَزَالُ الرَّجُلُ يَصْدُقُ وَيَتَحَرَّى الصِّدْقَ حَتَّى يُكْتَبَ عِنْدَ اللَّهِ صِدِّيقًا ، وَإِيَّاكُمْ وَالْكَذِبَ فَإِنَّ الْكَذِبَ يَهْدِي إِلَى الْفُجُورِ وَإِنَّ الْفُجُورَ يَهْدِي إِلَى النَّارِ، وَمَا يَزَالُ الرَّجُلُ يَكْذِبُ وَيَتَحَرَّى الْكَذِبَ حَتَّى يُكْتَبَ عِنْدَ اللَّهِ كَذَّابًا
(رَوَاهُ الامَامُ البُخَارِيُّ وَالامَامُ مُسْلِمٌ)
яъни: Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Доимо рост гапиринг. Зеро, ростгўйлик яхшиликка олиб боради. Яхшилик эса жаннатга етаклайди. Киши рост гапиришда бардавом бўлаверса, Аллоҳнинг ҳузурида у “сиддиқ” (фақат рост сўзловчи) деб ёзилади. Ёлғончиликдан сақланинг. Чунки ёлғон бузуқликка етаклайди. Бузуқлик дўзахга олиб боради. Киши давомли ёлғон гапираверса, Аллоҳнинг ҳузурида у “каззоб” (ёлғончи) деб ёзиб қўйилади”, дедилар” (Имом Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).
Ростгўй инсон жаннатга кириши ва у Аллоҳ таоло ҳузурида “сиддиқ”деган мақом билан сифатланишини эшитган ҳар бир мусулмон, шубҳасиз, ростгўй бўлишга интилади. Ҳамма ростгўй бўлса, жамият ҳаёти ижобий томонга ўзгаради. Уламоларимиз: “Ростгўйлик дилингдаги ҳақиқатни тилингга чиқаришингдир”, дейишган. Демак, ибодатда, инсонлар билан муомалада, олди-сотди, никоҳ ва бошқа масалаларда кишининг дили билан тили бир бўлиши лозим.
Мазкур ҳадиси шарифда ростгўйлик ва унинг мукофоти баён этилгач, унинг акси бўлган ёлғончиликдан қайтарилади ва унинг оқибати ҳақида хабар берилмоқда: “…Ёлғончиликдан сақланинг. Чунки ёлғон бузуқликка етаклайди. Бузуқлик дўзахга олиб боради. Киши давомли ёлғон гапираверса, Аллоҳнинг ҳузурида у “каззоб” (ёлғончи) деб ёзиб қўйилади”.
Ҳозирги глобаллашув даврида энг асосий муаммога айланган иллатлардан бири ёлғон ахборотдир. Айниқса, ижтимоий тармоқларда турли асоссиз маълумотларни тарқатиш, турли бўҳтонлар ва уйдирмаларни асоссиз равишда урчитиш ҳолатлари учрамоқда. Айрим соддадил мусулмонлар мана шундай уйдирмаларга ишониб, ёлғон ва бўҳтонга шерик бўлиб қолмоқдалар. Энг ачинарлиси бунинг оқибатида инсонларнинг обрў ва шаънлари топталмоқда, мусулмон инсон номига номаъқул гаплар айтилмоқда, таъна тошлари отилмоқда, шариатимизда қайтарилган улкан бузуқликларга йўл очилмоқда. Ўша бузғунчилар, агар вақтида тавба қилиб, манфур қилмишларини тўхташмаса, борар жойлари ҳам ҳадисда аниқ баён этилган: “Бузуқлик дўзахга олиб боради!”. Ҳадиси шарифда ёлғоннинг қаттиқ қораланиши сабаби мана шу ўринда ҳам яққол ойдинлашади.
Одамлардан эшитган нарсасини суриштирмай гапиравериш гуноҳ эканига қуйидаги ҳадис яққол далил ҳисобланади:
عن أبي هريرة رضي الله عنه أن النبي صلى الله عليه وسلم قال: كَفَى بِالْمَرْءِ إِثْمًا أَنْ يُحَدِّثَ بِكُلِّ مَا سَمِعَ
(رَوَاهُ الامَامُ مُسْلِمٌ وَالامَامُ أَبُو دَاوُدَ)
яъни: Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Кишига гуноҳбўлиши учун эшитган нарсасини гапиришининг ўзи кифоядир”, дедилар”
)Имом Абу Довуд ва Имом Муслим ривоят қилган(.
Бошқа бир ривоятда эса ёлғончиликнинг нақадар жирканч амал эканини очиқ баён этилган:
عَنْ ابْنِ عُمَرَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا أَنَّ النَّبِيَّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: “إِذَا كَذَبَ العَبْدُ تَبَاعَدَ عَنْهُ الْمَلَكُ مِيْلاً مِنْ نَتْنِ مَا جَاءَ بِهِ”
(رَوَاهُ الامَامُ مُسْلِمٌ)
яъни: Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Агар банда ёлғон гапирса, ёлғонисассиғидан фаришта ундан бир мил нарига узоқлашади”, дедилар” (Имом Муслим ривояти).
Бошқа бир саҳиҳ ривоятда эса ёлғончилик мунофиқларнинг белгиларидан бири экани таъкидланади.
عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: “آيَةُ الْمُنَافِقِ ثَلَاثٌ: إِذَا حَدَّثَ كَذَبَ، وَإِذَا وَعَدَ أَخْلَفَ، وَإِذَا اؤْتُمِنَ خَانَ”
(رَوَاهُ الامَامُ البُخَارِيُّ وَ الامَامُ مُسْلِمٌ)
яъни: Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Мунофиқнинг белгиси учтадир: гапирса, ёлғон гапиради, ваъда берса, хилоф қилади, (унга) омонат топширилса, омонатга хиёнат қилади” (Муттафақун алайҳ).
Қайс ибн Абу Ҳозимдан ривоят қилинади: Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг: “Ёлғондан эҳтиёт бўлинглар, ёлғон албатта имондан четлатувчидир” – деганини эшитдим.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан қилган ривоятда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким бир гўдак болага, мана буни ол, деса-ю, ҳеч нарса бермаса, у одам ёлғончи бўлади”, дедилар (Имом Муслим ва Имом Абу Довуд ривоят қилишган).
Фарзанд тарбиясида ота-оналар ва устозлар болаларга умуман ёлғон гапирмасликлари зарур. Агар ўзлари ёлғон гапирсалар-у яна улардан ростгўйликни талаб қилсалар ҳеч қандай фойдаси бўлмайди. Ёлғон ва алдовни кўрган болада ўзининг тарбиячиларига ва қолаверса жамиятга бўлган ишончи ва эътибори йўқолади, тарбиячиларининг панд – насиҳатлари қадрли бўлмай қолади.
Ҳазил-мутойибаларда ҳақиқатга зид гаплар билан кишиларни кулдириш каби ишлар ҳам ёлғоннинг айни ўзидир. Бу ҳақда ҳадисда шундай келгандир:
عَنْ بَهْزِ بْنِ حَكِيمٍ عَنْ أَبِيه، عَنْ جَدِّه، قَالَ: قالُ رَسُولَ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: “وَيْلٌ لِلَّذِي يُحَدِّثُ فَيَكْذِبُ لِيُضْحِكَ بِهِ الْقَوْمَ وَيْلٌ لَهُ وَيْلٌ لَه“
(رَوَاهُ الامَامُ التِّرْمِذِيُّ وَالامَامُ أَبُو دَاوُدَ)
яъни: Баҳз ибн Ҳаким отасидан, у эса бобосидан ривоят қилган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Одамларни кулдириш учун ёлғон гапирадиган киши ҳолига вой, ҳолига вой бўлсин”,дедилар (Имом Термизий ва Имом Абу Довуд ривоят қилишган).
Демак, ушбу ҳадисдан маълум бўладики, ҳазил-мутойиба ўринларда ҳам ёлғон гапириш гуноҳ, унга рухсат йўқ экан.
Муҳтарам азизлар! динимизнинг мазкур кўрсатмалирига жиддий эътибор берайлик! Шариатимизни ўрганиб, ҳаётимизга татбиқ қилайлик! минг афсуски, ҳозирда кўча-куйда, бозорда, уловда, маъракаларда, қаерда бўлманг эътиборсизлик билан гапирилаётган ёлғонга дуч келиб турамиз.
Баъзилар ёлғон эшитишга ва гапиришга шунчалар кўникиб кетишганки, гапираётган киши ҳам, эшитаётган ҳам, ёлғонлигини била туриб бир-бирини бу гуноҳдан қайтаришга ҳаракат қилмайди, гўёки худди шундай бўлиши керакдек, одатий ҳолга айланган.
Ёлғончилар кўпаяверса жамиятга тегадиган зарар унданда улкан бўлади. Одамлар орасида бир-бирига ишонч йўқолади, ваъдага вафосизлик, хиёнат, туҳмат, ёлғон гувоҳлик бериш оддий ҳолга айланади. Оилаларда ва жамиятда бир-бирига ишончсизлик ортса, аҳиллик йўқолади. Бу нарсалар келгуси авлодларга ҳам таъсир кўрсатмай қолмайди ва маънавий қашшоқликка олиб боради.
Муҳтарам жамоат! Мавъизамизнинг ҳанафий мазҳабимиздаги фиқҳий масалалар қисмида намоздаги сатри аврат ҳақидаги баъзи масалалар ҳақида суҳбатлашамиз.
Намознинг дуруст бўлиш шартларидан бири авратни (намозда ёпилиши фарз бўлган аъзоларни) беркитишдир. Эркак кишининг аврати киндикдан тиззага қадар бўлган аъзоларидир. Тизза ҳам авратдан саналади. Аёлларнинг барча аъзолари аврат ҳисобланиб, бундан фақат юзи, икки кафти, икки қадами мустасно.
Аслида мусулмон киши аврат жойларини беркитиши фарз. Ҳозирги кунда баъзи ёш йигитлар калта кўйлак, футболка, жемфер, шёртик каби кийимларни кийишга одатланишган. бундай кийимдаги кишилар рукуъ ва саждага борганларида, ташаҳҳудда ўтирганларида баъзи аврат жойлари очилиб қолади. Ўзлари ортларини кўра олмаганлари учун рукуъ ва саждада хунук манзара намоён бўлганини сезмай қоладилар. Энг ачинарлиси, бундай ҳолатда намозда авратни беркитиш шарти топилмай, ўзлари билмаган тарзда намозлари зиммаларидан соқит бўлмай қолади.
Мўмин-мусулмон банда ўзи учун қулай, авратини тўлиқ ёпиб турадиган, намозни тўкис адо этишга имкон берадиган кийим кийиши лозим. Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади:
يَا بَنِي آدَمَ خُذُواْ زِينَتَكُمْ عِندَ كُلِّ مَسْجِدٍ
яъни: “Эй, Одам авлоди! Ҳар бир масжид (намоз) олдидан зийнатларингиз (пок кийимларингиз)ни (кийиб) олингиз” (Аъроф сураси, 31-оят).
Мазкур ояти каримага кўра яшаётган ерида қандай кийим кийиш жорий бўлса, ўшани кийиб, намоз ўқиш мустаҳаб, уни тарк қилиш эса макруҳ саналади.
Одатда аврат очилиб қоладиган кийимларни кийиш макруҳи таҳримий ҳисобланади. Агар намоз ўқиш вақтида аврат аъзосининг тўртдан бир қисми узрсиз бир муддат (яъни, намоз ичидаги фарзлардан бирини адо этиш муддатича) очилиб турса, намоз бузилади.
Аллоҳ таоло барчаларимизни сўз ва амалда содиқлар жумласидан айлаб, ёлғон ва беҳуда гаплардан узоқда юрадиган Ўзининг севимли бандалардан қилсин! Омин.
Эслатма: Муҳтарам имом домла! Ҳар жума маърузасининг охирги 5-6 дақиқасини фиқҳий масаланинг баёнига ажратишингиз ҳамда жума иш куни бўлганлиги учун намозхонларни кўп ушланиб қолишларига йўл қўймаслигингиз сўралади!