Қадр кечаси фазилати

1112

Муборак Рамазон ойининг сўнгги ўн кунлиги “дўзахдан озод бўлиш” кунларидир. Рамазоннинг раҳмат ва мағфират кунларида қўлимиздан келганича ибодатлар ва хайру эҳсонлар қилдик. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда  Қадр сурасининг 3-оятида шундай марҳамат қилади: “Қадр кечаси минг ойдан яҳшироқдир”. Бу муборак кечанинг қадри улуғдир. “Қадр” сўзи икки ҳил маънода-“қадри улуғ”, иккинчиси, “миқдор” яъни бандаларнинг тақдирини белгилашдир. Биринчиси-Қуръони Карим нозил бўла бошлаган ниҳоятда қадрли кеча. Иккинчиси-Аллоҳ таоло томонидан ушбу кечада Ўзи хоҳлаган кишига ризқ-насиба белгиланиши ва бу ишлар тақсимотини тадбир қилувчи фаришталарга топшириш кечаси. Ушбу кунлар  ва кечаларни ғанимат билишимиз жуда зарур.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Рамазоннинг охирги ўн кунида ибодатларга кўпроқ эътибор қилганликлари ҳақида кўплаб ҳадислар ривоят қилинган. Жумладан: Оиша онамиз айтадилар: “Рамазон ойининг охирги ўн куни бошланса, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ибодатларга қаттиқ киришардилар, кечаларни бедор ўтказар ва аҳлларини ҳам (ибодат учун) ўйғотар эдилар” Оиша онамиздан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: “Қадр кечасини охирги ўн кунликнинг тоқ кунларидан қидиринглар!”. Қадр кечасини яширинишдаги ҳикмат шуки, инсонлар Рамазон кечаларини ғафлатда ўтказиб юбормасдан, бугун Қадр кечаси бўлиши мумкин деган умид билан кечаларни бедор ўтказишлари лозим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бизларга қулайлик бўлиши учун охирги ўн кунни ва унинг ичида охирги етти кунни ҳамда унинг ичидан тоқ кечаларни тайин қилдилар.

Аксар уламолар “Қадр” сурасини тафсир қилиб, “Қадр кечаси” 27-кеча эканлигига иттифоқ қилганлар. Чунки бу сурада “лайлатул-қадр” сўзи уч марта такрорланган ҳамда 9 ҳарфдан иборат, жами 27 бўлади. Шунингдек “Қадр” сураси 30 сўздан иборат, шулардан “ҳия”, яъни “у кеча” сўзи 27-сўздир. Демак, Рамазоннинг 27-кечаси Қадр кечасидир.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу  ривоят қиладилар: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “Кимики Лайлатул Қадр кечасини имон ва ихлос билан бедор ўтказса, унинг шу кечагача қилган гуноҳлари мағфират қилинади” (Муттафақун алайҳ).

Ривоят қилинишича, бир куни Мусо алаҳйис-салом Аллоҳ таъолога нидо қилиб: “Илоҳо, сенинг яқинлигингни билишни истайман”,-деди. Аллоҳ таъоло: “Мен Қадр тунида уйғоқ бўлганларга яқиндирман”,- деди. Мусо (а.с.) яна: “Илоҳо, сенинг раҳматингнинг орзусидаман”,-деди. Аллоҳ таоло: “Менинг раҳматим Қадр кечасида мискинларга раҳм қилганларгадир”-деди. Мусо (а.с.): “Илоҳо, сирот кўпригигидан яшиндек ўтишни истайман”-деганларида, Аллоҳ таоло: “Қадр кечасида фақирларга садақа берганларни олдинроқ ўтказаман”-деди. Мусо (а.с.) нидоларини давом этиб: “Илоҳо, жаннат боғларида бўлишни ва уларнинг мевасидан тановул қилишни истайман”-деди. “Қадр кечасида тасбеҳ айтиб, Мени зикр этиш билан машғул бўлганлар жаннат боғларига сазовор бўлишади”-деди Аллоҳ. Мусо (а.с) “Илоҳо, дўзахдан нажот топишни истайман”-деганларида, Аллоҳ таъоло “Қадр кечасида истиғфорни кўп айтганлар дўзахдан нажот топадилар”-деди. Мусо (а.с.) яна илтижо қилиб: “Илоҳо, сенинг розилигингни топишни истайман”-деганларида, Аллоҳ таоло: “Эй Мусо, Менинг розилигимни қадр кечасида икки ракъат нафл намоз ўқиганлар топадилар”-деди (Зубдатул воъизин” китобидан).

Оиша онамиз айтдилар: “Ё Росулаллоҳ! Агар Қадр кечаси қачон бўлишини билсам, у кечада қандай дуо қилман?” Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам жавоб бердилар: “Эй Аллоҳ! Сен авф қилгувчи зотсан ва авф қилишни яҳши кўрасан. Менинг гуноҳларимни авф қилгин”,-деб дуо қилгин дедилар.

Аллоҳ таъоло ўша кечанинг баракотидан минг ойлик ибодатнинг ажру савобидан кўра яҳшироқ ажру савоб беришидан умидвор бўлиши керак. Қадр кечанинг ва ундаги бедорлик, ибодат, намоз, Қуръон тиловати ҳамда илтижо, дуолар фазлидан ўтган гуноҳларни кечиришидан умидвор бўлиши керак. Кўпроқ дуолар қилиб дуоларда жаннатмакон ватанимизни тараққиёти ва равнақи ва юксалишини ва доимо тинчлик хотиржамлик бўлишини сўраб қолишимиз зарур. Қадр кечаси жорий йилнинг 11-июнъ душанба куни кун ботгандан бошлаб то субҳи содиқ киргунча давом этади.  Илоҳо, барчаларимизни Лайлатул Қадр кечасининг файзу футуҳидан бахраманд қилгайсан!.

Олтинкўл туман бош имом-хатиби

Муҳаммадюсуф Тўрақулов.