Барчаларимизга маълумки ҳар қандай нотинчлик, уруш-жанжаллар фитна туфайли содир бўлади. Бугунги кунда ана шундай улкан фитналарнинг бошида адашган турли террористик гуруҳлар турибди. Аллоҳ таоло Қуръони каримда: “Фитна қотилликдан ҳам қаттиқроқдир”-дея марҳамат қилган. (Бақара сураси 191-оят)
Ислом динида ноҳақ қон тўкиш фитна чиқариш оғир гуноҳ ҳисобланади. Ана шундай адашган тоифаларнинг фитналари оқибатида қанчадан-қанча бегуноҳ инсонлар қони тўкилмоқда. Муқаддас динимизни номини булғаб, ўзларини қабиҳ ғаразли мақсадларига етишда динимиздан фойдаланишмоқда.
Ҳозирги кунда турли адашган фирқалар томонидан амалга оширилаётган ишлар фитнани ўзи эканлигини ҳадиси шарифлардан ҳам билиб олсак бўлади.
Динимизда фитна, фасод қилиш ҳам улкан гуноҳлар сирасига киради. Ҳазрати Расули акрам (с.а.в.): “Охирзамонда дажжоллар, (фирибгарлар) ёлғончилар (жамоаси) бўлади. Улар сизлар ҳам, ота-боболарингиз ҳам эшитмаган гапларни гапирадилар. Бас, сизлар улардан ўзларингизни узоқлаштиринглар ва ўзларингиздан ҳам уларни узоқ қилинглар. Сизларни адаштириб ва алдаб фитнага солиб қўймасин”, дедилар (Имом Муслим ривояти).
Нофеъ (р.а)дан ривоят қилинади: “Ибн Зубайр фитнаси пайтида икки киши Ибн Умарни олдига келиб: “Одамлар нима ишлар қилишяпти, сиз бўлсангиз Пайғамбаримизнинг яқин саҳобалари бўлатуриб индамай ўтирибсиз, уларга қарши курашишингизга нима монеълик қилади?” дейишди. Ибн Умар: “Аллоҳ таолонинг ўз биродарларим қонини тўкишдан қайтаргани монеълик қилади”, дедилар. Боягилар: “Ахир, Аллоҳ таоло: “Фитна босилиб, бутун дин Аллоҳгагина бўлмагунича улар билан урушинглар”, демаганмиди?!” дейишди. Ибн Умар: “Биз фитна қолмагунича ва Аллоҳ таоло дини қоим бўлмагунича урушдик. Нима энди сизлар яна фитна содир бўлиб, Аллоҳ таолонинг дини барбод бўлгунича уруш қилмоқчимисизлар?!” дедилар” (Имом Бухорий ривояти)
Азизлар мана шундай фитналар сабаб қанча-қанча бегуноҳ инсонлар қони тўкилмоқда. Абу Ҳурайра р.а дан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Жоним қўлида бўлган зотга қасамки, ўлдирувчи нима учун ўлдирганини, ўлдирилган нима сабабдан ўлдирилганини билмайдиган кун келмагунча қиёмат бўлмайди”.
–Бу қандай содир бўлади?- деб саҳобалар сўрашди.
-Сабаби фитна! – дедилар Расулуллоҳ (с.а.в.). Сўнг қўшиб қўйдилар: –
Ўлдирувчи ҳам, ўлдирилган ҳам дўзахдадир” (Имом Муслим ривояти).
Аллоҳ таоло Қуръони каримда: Яна бир оятда “…Бирор жонни ўлдирмаган ёки Ерда (бузғунчилик ва қароқчилик каби) фасод ишларни қилмаган инсонни ўлдирган одам худди ҳамма одамларни ўлдирган кабидир” (Юнус сураси 81-оят) “Кимки ёмонлик қилса, ўша (ёмонлик) билан жазоланур. Ўзига Аллоҳдан ўзга на бирор дўст топади ва на бирор ёрдамчи” (Нисо сураси 123-оят), дейди. Юқоридаги оятларда Аллоҳ таоло мусулмонни эмас балки, умумий қилиб инсонни деб зикр қилмоқда. Инсон қайси дин вакили бўлишидан қатъий назар уни ноҳақ ўлдиришга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Одам ўлдириш динимизда улкан гуноҳ ҳисобланиб, гуноҳкор охиратда жаҳаннам азобига дучор бўлиши алоҳида таъкидланади. Ҳадиси шарифда пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.): “Мўмин кишини ҳақорат қилиш гуноҳ, у билан жанг қилиш эса куфрдир”, дея марҳамат қилганлар(Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоятлари).
Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.) ҳаёт вақтларида асло вужудга келмаган, аммо келажакда пайдо бўлиши мумкин бўлган, ҳалқлар ва миллатлар бирлиги ҳамда осойишталигига таҳдид солувчи фитна-фасод, бузғунчиликлар ҳақида хабар бериб: “Умматимдан қайси бири умматимга қарши чиқса, унинг яхши ва ёмонини фарқига бормаса, мўминга зиён етказишдан ўзини тиймаса, берган ваъдасига вафо қилмаса, у менинг умматим эмас!” деб огоҳлантирган эдилар. (Имом Муслим ва бошқалар ривояти).
Гўёки, ҳозирги кунда дунёнинг турли нуқталарида яшаётган мусулмонлар адашган тўғри йўлда эмас, фақатгина улар тўғри йўлда эмиш. Ҳаттоки уларга эргашмаганларни кофирга чиқаришгача бориб етишмоқда. Бирор шахс ёки бутун бошли жамиятни куфрда айблаш ёки кофирга чиқариш ўта қалтис иш бўлиб, бунга кўр-кўрона муносабатда бўлиш ярамайди. Чунки бунинг ортида куфрга чиқараётган ёки чиқарилаётганлардан бири учун даҳшатли оқибат ётибди. Имом Бухорий Абу Ҳурайра р.а.дан ривоят қилган ҳадисларида Расулуллоҳ шундай деганлар: “Киши ўз биродарига: “Эй кофир!”деса, (куфр) иккисидан бирига қайтади”. Ҳадисдан кўриниб турибди, ўзгани кофирга чиқариш оддий ҳақорат сўзи эмас, аксинча, ўз охиратини бой бериб қўйиш эҳтимолини туғдирадиган хатарли масаладир. Шунинг учун ҳам ҳанафийлик мазҳаби уламолари бошқа мазҳабларнинг олимларидан кўра такфир (куфрда айблаш, кофирга чиқариш) масаласига кўпроқ аҳамият беришган.
Масаланинг яна ташвишланарли томони шуки, Адашган фирқаларнинг қўштирноқ ичидаги раҳбарларининг асоссиз даъватларига алданиб, гўёки “ҳижрат” қилиб, ёшлигини хазон қилаётган ёшлар орасида бизнинг диёрларимиздан ҳам фуқаролар борлигидир. Зеро, Пайғамбаримиз (с.а.в.) айтганлар: “Фатҳ яъни (Макка фатҳи) дан сўнг ҳижрат йўқдир!” (Имом Бухорий ва Муслим ривояти). Аксинча, Расулуллоҳ (с.а.в.) дедиларки: “Фитна замонида (фитнага аралашмай) ибодатда бардавом бўлишлик менга қилинган ҳижрат кабидир” (Имом Муслим, Имом Термизий, Ибн Можа ва Имом Аҳмад ривоятлари). Яъни мусулмонлар фитнага аралашиб, ўзаро уруш қилиб турган вақтда фитнадан ўзини асраб, Аллоҳ берган неъматларга шукр қилиб, У ҳаром қилган нарсалардан, айниқса, ноҳақ қон тўкишдан ўзини сақлаб ватан, дин учун хизмат қилиб юрган мусулмонгина Аллоҳ ва Унинг расули учун қилинган ҳижратни савобини топади иншааллоҳ.
Жаҳондаги барча ҳалқлар қатори мусулмонлар ҳам, улар қаерда ва қандай мазҳабда бўлишларидан қатъий назар, фитна ва бузғунчилик йўли билан амалга ошириладиган ҳар қандай амални кескин рад қиладилар ва уни бегуноҳ инсонлар ҳаётига тажовуз қилиш деб баҳолайдилар. Фитна ва бузғунчиликнинг ҳар қандай кўриниши охир-оқибатда тинч ҳаётни бузиш, қонуний давлат тузумига қарши чиқиб уни пароканда қилиш, бегуноҳ инсонлар қони тўкилиши ва аёллар тул, болалар етим қолишига олиб келади. Албатта, бу ишлар Аллоҳ наздидаги энг оғир гуноҳлардан ҳисобланади.
Бугунги таҳликали даврда барчаларимиз мана шундай фитналардан эҳтиёт бўлиб, фарзандларимизни ҳам турли бузғунчи оқимларга кўр-кўрона билиб-билмай адашиб кириб қолишлигидан асрашлигимиз ва уларга бузғунчиларни фитнасидан доимо огоҳ бўлишлигини уқтиришимиз лозим. Ҳозирги кунда Салафийлар, Хизбут-таҳрир ва бошқа турли террористик гуруҳлар ўзларини нотўғри асоссиз ғояларини тарқатишда интернетдаги ижтимоий тармоқлардан фойдаланишмоқда. Шундай экан сизу-биз ота-оналар ҳамиша фарзандларимизни компютер ва қўл телефонларини назорат қилайлик, агар интернетга кираётган бўлсалар қайси сайтларга кираётганлиги билан ҳам қизиқиб турайлик, уларга бир лаҳза бепарво бўлмайлик.
Дарҳақиқат, инсон огоҳ бўлсагина ўзининг келажагига ақл билан теран назар ташлайди, келиши ёки содир бўлиши мумкин бўлган фитна-фасод, хавф-хатарнинг олдини олиш ва бартараф қилиш ҳаракатида бўлади. Аксинча ғофил, бепарво ва лоқайд кимса атрофида нималар бўлаётганига эътибор бермай, охир-оқибат турли бало ва мусибатларга дучор бўлади.
Мансурбек домла Рахимов
Хонобод шаҳар бош имоми