Жунайд Бағдодий ҳазратлари денгиз соҳилида кезар эканлар, бир мажусий кўпгина ем-озуқа олиб денгизга, балиқларга ташларди. Буни кўрган Жунайд ҳазратлари:
— Нима қилганинг бу? — дедилар.
— Савоб умидида балиқларга ем ташлаяпман.
— Сен мусулмон эмассан-ку, қанақа савоб ҳақида гапиряпсан? Савобдан умид қилиш учун, аввало Аллоҳга иймон келтиришинг керак.
— Хўп майли, унда айт-чи, сен айтаётганинг Аллоҳ менинг балиқларга ем ташлаётганимни кўряптими?
— Албатта, Унинг кўрмайдиган, билмайдиган нарсаси йўқдир.
— Шу менга етади.
Орадан 4-5 йил ўтди. Жунайд ҳазратлари Ҳаж ибодати учун Маккага кетдилар. Каъбани тавоф қилиб турар эканлар, рўпараларида балиқларга ем ташлаган мажусий ҳам тавоф қиларди. Ҳазрати Жунайд:
— Бу ерда сени нима ишинг бор?
— У (Аллоҳ) мени кўрди.
— Қандай кўрди?
— Сен кетганингдан сўнг, ичимда бир ёруғлик, нур порлади. Қарасам, ҳамма балиқлар оғзини очиб, шаҳодат калимасини айтяпти. Мен ҳам балиқларга қўшилиб шаҳодат калимасини айтдим. Сенинг Роббинг мени кўрди. У кўргани учун мен шу ердаман. Сенга бир насиҳатим бор: яхшилик қил, денгизга от — балиқ билар, балиқ билмаса — Холиқ билар.
Демак АЛЛОҲ кўриб турганини хис қилиб яшаш инсонни яхши оқибатларга етишига сабаб бўларкан,имкон борида мана шундай УЛУҒ ойларда атрофимиздаги инсонлар,қолаверса кам таминланган қўшниларимиз холидан хабар олиб, ажру мукофотини Аллохдан кутсак шояд Аллохни рахмати етса.
Азизов домла Миродилжон
Шахрихон тумани “Понсод” масжиди имом хатиби