РАМАЗОН  РЎЗАСИНИНГ ФАЗИЛАТИ

252

   Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм

Саҳл ибн Саъд Соъидий (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Жаннатнинг бир эшиги бор: у Раййон деб аталади. Қиёмат куни ундан фақат рўзадорлар киришади, улардан бошқа ҳеч ким кирмайди. «Рўзадорлар қаерда?» дейилади. Рўзадорлар турадилар. У эшикдан улардан бошқа ҳеч ким кирмайди. Улар киргач, эшик беркитилади, (сўнг у эшикдан) бошқа ҳеч ким кирмайди», дедилар. (Имом Бухорий, Муслим ва Насоий ривояти).

   Ривоят қилинишича, Абу Умома ал-Боҳилий розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан “қайси амал энг афзал?”, деб сўради. Шунда Ул зот: “Рўза тут! Зеро, унинг тенги йўқдир!”, дедилар. (Имом Аҳмад, Насоий ва Байҳақий ривоятлари).

    Рўзадор киши ҳатто ҳеч нарса қилмасдан ётоғида ухлаб ётган пайтида ҳам ажр-савоблар қўлга киритади. Абул Олия айтадилар: «рўзадор гарчи тўшагида ухлаб ётган бўлсада ибодат ичра бўлур». Ҳафса онамиз (разияллоҳу анҳо): «Ётоғимда уйқуда бўлсам ҳам давом этадиган қандай ҳам яхши ибодат экан бу (рўза)?!», дер эдилар.

    Ибн Ҳассосия (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинган ҳадиси қудсийда ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деганлар: «Аллоҳ айтди: «Рўза оловдан қалқондир, рўза Менинг учундир, унинг мукофотини Мен бераман. Зеро, рўзадор емоғини, ичмоғини, нафсоний истакларини Менинг учун тарк этади. Рўзадор оғзининг ҳиди Аллоҳ наздида мушк ҳидидан ҳам ёқимлироқдир» (Бағавий ва Табароний ривояти).

    Абдуллоҳ ибн Масъуд (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинган ҳадиси қудсийда келтирилишича, Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деганлар: «Аллоҳ айтади: «Ҳар кимсанинг аъзолари ҳаромдан, гуноҳлардан тийилмаса, емоқ-ичмоғини тарк этишига аҳамият бермайман» (Абу Нуайм ривояти).

    Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳ)дан ривоят қилинади. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деганлар: «Рўза (дўзах ўтидан асровчи) қалқондир. Рўза тутган киши ёмон сўзларни сўзламасин, қўполлик қилмасин. Агар бирор киши уни уришса ёки ҳақорат қилса, икки марта «мен рўзадорман», десин. Аллоҳга қасамки, рўзадор оғзининг ҳиди Аллоҳ наздида мушк-анбар ҳидидан ҳам хушбўйроқдир. Чунки Аллоҳ таоло: «Рўзадор Менинг учун емайди, ичмайди ва шаҳватини тарк қилади. Рўза холис Менга ибодатдир, унга Ўзим ҳисобсиз савоб бераман. Ваҳоланки, ҳар бир яхшиликка ўн баробар яхшилик бордир». (Имом Бухорий ривояти).

    Абдуллоҳ ибн Аббос (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: «Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам инсонлар ичида хайр қилишда энг сахийи эдилар. У зотнинг яна ҳам сахий бўлишлари Рамазон ойига тўғри келар эди. Рамазоннинг ҳар кечасида у зотга Жаброил алайҳиссалом келиб учрашар эди. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ундан Қуръонни ўтказиб олар эдилар. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Жаброил келган пайтда сахийликда тез эсган шамолдек бўлиб кетар эдилар» (Имом Бухорий ривояти).

    Мана шундай синовли кунларда муборак РАМАЗОН ойига етказаётган Холиқимизга беадад шукрлар бўлсин, Пайғамбаримиз Мухаммад мустафо соллалоҳу алайҳи васалламнинг сахийликларидан бизлар ҳам ўрнак олишимизни, бу муборак ойнинг рўзасини, ибодатларини қолдирмасдан адо қилишликни насиб айласин . Роббимиз, Холиқимиз муборак РАМАЗОН ойининг хурматидан бу офатдан, вабо (каронавирус)дан ҳар биримизни, оила-аъзоларимизни, барча ер юзидаги инсонларни муҳофаза қилсин. Бу вирусдан касалланганларга мукаммал шифо берсин. Амин.

Анваржон домла Ибайдуллаев

Андижон вилояти Олтинкӯл тумани  «Уйшин» жоме масжиди имом хатиби