Банда ҳар бир ўтган куни ва туни учун ҳар қанча шукр қилса ҳам камдир. Ҳолбуки кеча тирик бўлганларнинг орасида кимлардир бугунга етиб кела олмади. Бугун биз билан бир ҳавода нафас олаётганларнинг қай бири эртага соғ қолиши ҳам мавҳум.
Аслини олганда бизлар тўла шукр қилиш қувватига ва имконига эга эмасмиз. Бироқ куфрона қилмаслик имкони берилган.
Аллоҳ субҳонаҳу ва таъоло бизлар тўлиқ шукронадан ожизлигимиз мазмунида шундай марҳамат қилган:
وَإِن تَعُدُّواْ نِعْمَةَ اللّهِ لاَ تُحْصُوهَا إِنَّ اللّهَ لَغَفُورٌ رَّحِيمٌ
Яъни: “Агар Аллоҳнинг неъматларини санасангизлар, саноғига ета олмайсизлар. Албатта, Аллоҳ ўта мағфиратли ва раҳмли зотдир”. (Наҳл. 18)
Шунинг учун имкон қадар шукр қилмоқ керак. Акс ҳолда ношукурлар қаторида бўлиб қолишимиз турган гап. Ношукрлар ҳақида Қуръонда шундай дейилади:
إِنَّ الْإِنسَانَ لِرَبِّهِ لَكَنُودٌ * وَإِنَّهُ عَلَى ذَلِكَ لَشَهِيدٌ
Яъни: “Албатта, инмон Раббисига ношукурдир ва у шунга гувоҳдир”. (Одиёт)
Абдуллоҳ ибн Аббос разияллоҳу анҳу: “Шукр қилишлик имоннинг яримидир” деган.
Яна бир ривоятда “Имон — сабр ва шукрдан иборат” дейилади.
Аллоҳ азза ва жалла мўминларни Ўзининг ризқ қилиб берган неъматларига шукр қилишга буюриб, шундай дейди:
يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آَمَنُوا كُلُوا مِنْ طَيِّبَاتِ مَا رَزَقْنَاكُمْ وَاشْكُرُوا لِلَّهِ إِنْ كُنْتُمْ إِيَّاهُ تَعْبُدُونَ
яъни: “Эй имон келтирганлар! Аллоҳгагина ибодат қилувчи бўлсангиз, сизларга Биз ризқ қилиб берган покиза нарсалардан еб, Унга шукр қилингиз”. (Бақара. 172)
Аллоҳ таоло Луқмон сурасида шукр айтиш нақадар фазилатли бир ҳол эканини таъкидлаб шундай дейди:
وَلَقَدْ آَتَيْنَا لُقْمَانَ الْحِكْمَةَ أَنِ اشْكُرْ لِلَّهِ وَمَنْ يَشْكُرْ فَإِنَّمَا يَشْكُرُ لِنَفْسِهِ وَمَنْ كَفَرَ فَإِنَّ اللَّهَ غَنِيٌّ حَمِيدٌ
яъни: “Биз Луқмонга ҳикмат ато этдик (ва унга дедик): «Аллоҳга шукр қилгин! Кимки шукр қилса, фақат ўзи учун шукр қилур. Кимки ношукурлик қилса, бас, албатта, Аллоҳ беҳожат ва ҳамд эгасидир”. (Луқмон. 12)
Бундан ташқари, Аллоҳ таоло неъматларига шукр айтувчиларни албатта мукофотлаши ва уларга улуғ ажру савоблар беришини ҳам кафолатлагандир. У зот айтди:
…وَسَنَجْزِي الشَّاكِرِينَ
яъни: “Шукр қилувчиларни эса, албатта, мукофотлаймиз”. (Оли Имрон. 144)
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар:
» مَنْ لَمْ يَشْكُرِ النَّاسَ لَمْ يَشْكُرِاللهَ»(رواه أحمد و الترمذى)
“Ким одамларга шукр айтмаса, Аллоҳ таолога ҳам шукр қилмаган бўлади”.
Шукрона борасида қанча ёзсак кам. Фақат манбаларни кўриб қўйиш билан кифояланиш ҳам бўлмайди. Шукронани амалда қилмоқ керак. Чунки биз шунчалар неъматларга бурканиб қолдикки, ношукурлик кўрнамаклик бўлур.
Отабек домла Хусанов
Олтинкўл тумани “Жалабек ота” жоме масжиди имом хатиби