Ота-онага яхшилик қилинг

651

    Уламолардан бирлари айтадилар: Мен тушимда бир жамоат ўликларни кўрдим. Улар жуда ҳам ҳурсанд эдилар. Лекин уларнинг орқаларида бир кекса киши жуда маҳзун ҳолатда келар эди. Мен ундан маҳзунлигининг сабабини сўрадим. У менга: ана у ҳурсанд кетаётган жамоатнинг оила аҳллари уларнинг номидан садақа ва ҳар хил хайриялар қиладилар. Менинг эса, садақа қиладиган ҳеч кимим йўқ, деди. Сизнинг номингиздан садақа қиладиган зурриётингиз йўқми?-деб сўрадим. У: менинг биргина ўғлим бор. У дарё бўйида одамларнинг кирини ювиб кун кўради, деди.
Уйқумдан уйғониб дарё қирғоғига бордим, марҳумнинг ўғлини топдим. У тошнинг устида кир юваётган экан. У доим: танг, танг деб, бир гапни такрорлар эди. Мен ундан: танг, деганинг нимани англатади?-дедим. У: менинг ва оиламнинг ризки танг ва оз, деди. Марҳум отанг учун оз бўлса ҳам садақа қил, дедим. У: мени қўлимда ҳеч қанча молим йўқ, деди. Арзимас нарсани бўлса ҳам садақа қил, дедим унга. Унинг жаҳли чиқиб, оқаётган сувдан бир неча ховучни олиб сочиб юборди ва: мана бу мени отам учун қилган хайриётим, бандан бошқа нарса қила олмайман, деди.
Эртаси тунда йигитнинг отасини яна тушимда кўрдим. Кўринишидан жуда ҳам ҳурсанд эди. Хурсандлигининг сабабини сўраган эдим: ўғлим сочиб юборган ўша озгина сув менга фойда берди ва маҳзунлигимни кетказди. Мен Аллоҳдан ўғлимнинг ризқини мўл қилишини умид қиламан, деди. Мен: сочиб юборган сув бирор кишини чанқоғини босадиган даражада кўп бўлмаган, арзимас нарса эдику, дедим. Шунда у: сувни сочиб юборган вақтда дарёнинг қирғоғида бир кичкина балик сувсизликдан ўлаёзган эди. Сачраган сувнинг озгинаси балиққа тегиб, уни дарёга тушириб юборибди ва балиқни ўлимдан асраб қолибди. Ўғлимдан содир бўлган шу яхшиликнинг эвазига Аллоҳ таоло мени икром қилди. Мен Аллоҳ таолодан фарзандимга дунё ва охиратда яхшиликлар беришини сўраб дуо қилдим, деди.
Бир қанча вақт ўтгандан кейин йигитнинг мол-давлати кўпайиб, бой кишилардан бирига айланди.

     Эй, биродар! Озгина нарсани бўлсада садақа қилишдан уялманг. Зеро, оз нарса ҳеч нарсадан яхшироқдир. Садақа қилувчи инсон Раҳмонга яқин бўлади. Ота-онага яхшилик қилиш орқали жаннат йўлини ўзингизга яқинлаштиринг. Ота-онага яхшилик қилиш уларнинг вафоти билан ниҳоясига етмайди. Балки, Аллоҳ таоло бизга уларнинг вафотларидан кейин ҳам яхшилик қилиш имкониятини бериб қўйган.

Отабек домла Хусанов

Олтинкўл тумани “Жалабек ота” жоме масжиди имом хатиби