Ҳозирги вақтда кишилик жамиятидаги шиддатли ўзгаришлар инсонларни ўз оиласига эътиборлироқ бўлишни таақозо этмоқда.
Кўпчилигимиз аҳли оилам нафақаси учун кўчага чиқаяпман, ишлаяпман, ижтимоий фойдали меҳнат билан бандман, деб ўзимизга таскин бериб, оила аъзоларимиздан узоқлашиб кетаяётганимизни, қолаверса кунлар кетидан, ойлар, йиллар ҳам бир зумда ўтиб, фарзандларимиз боғча, мактабни битириб вояга етиб қолганлигини сезмай ҳам қолаяпмиз.
Анас ибн Молик (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: “Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи вассаллам) айтдилар: “Аллоҳ таоло мўминни яхши кўради. Унинг оиласини ва фарзандини ҳам яхши кўради. Аллоҳга энг севимли нарса кишининг аёли ва болалари билан дастурхон устида бирга еб ўтирганини кўришдир. Агар улар дастурхон устида йиғилсалар, уларга раҳмат назари билан қарайди ва жойларидан тарқалмасдан гуноҳларини кечиради” дейилган.
Энди яшин тезлигида ўтиб бораётган ҳаётимизни таҳлил қилиб кўрайликчи, ҳафта мобайнида неча маротаба фарзандимиз билан бир дастурхонда бирга ўтирдик, унинг қандай шахсий муаммолари бор экани, кундалик дафтаридаги баҳолари қай даражада экани, қайси фанларга ва қайси спорт турига қизиқиши борлиги, кимлар билан дўстлашиб юргани, телефонида ҳамда интернет орқали қайси домлаларни маърузаларини тинглаётгани билан қизиб кўрдикми?
Жобир (розияллоҳу анҳу) ривоят қиладилар: “Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи вассаллам) айтдилар: “Фарзандларни яхши кўриш дўзахдан пардадир. Улар билан бирга овқатланиш дўзахдан паноҳ топиш ва уларга икром кўрсатиш жаннатга ўтишга рухсатномадир” дедилар”.
Шундай экан келинг оиламизга эътиборли бўлайлик. Ҳозирдан фарзандларимизнинг муаммо ва қизиқишларини ўрганиб, уларга ёрдам берайликки келажакда жамиятимизга, Ватанимизга, элимизга, юртимизга хизмат қила оладиган етук шахслар бўлиб етишсин, токи, ўзимиз ҳам уларнинг келажагидан ҳурсанд бўламиз ва кейин афсус надомат чекмаймиз. Сир эмаски, тарбияси оғир, жиноят йўлига кириб қолаётган ёшларни оиласини ўргансангиз, ота сафарда ишлагани кетган, онага бола қулоқ солмайди, чунки, уни муаммоларини она ечиб бера олмайди, натижада бола ўз муаммоларини ўзича ечишга интилади ва кетма-кет ҳатоларга йўл қўйиб, жиноятчи ёки тарбияси оғир болалар рўйхатидан жой олади. Мана шунинг учун ҳам қуйидаги ривоятда эътибор дастурхон атрофидаги йиғинга қаратилади.
Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу) Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи вассаллам) дан ривоят қиладилар: “Қайси бир мўмин фарзандлари билан овқат ейишни яхши кўрса, аршнинг тагидан ўнта фаришта: “Эй Аллоҳнинг бандаси, амалингни бошла, Аллоҳ гуноҳларингни кечирди”, деб нидо қилади” экан. Аллоҳ билгувчироқдир.
Албатта, юқорида келтирилган ривоятлар замирида катта ҳикмат борлигини ақлли одам дарров англайди. Демак меҳр берган,меҳр кўради экан. Аллоҳ таоло барчамизга оила аъзоларимиз билан доимо бирга бўлишимизни ва уларга меҳрли бўлишлигимизни муяссар айласин !
Искандарбек домла Ортиқов,
Олтинкўл тумани “Далварзин”
жоме масжиди имом-хатиби