Саҳобалар бу сура Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг вафотлари хабарини берувчи эканига иттифоқ қилишди.
Ривоят қилинишича, бу сура нозил бўлганида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам хутба айтиб: “Албатта, бандага Аллоҳ дунё билан охиратга йўлиқиш орасида ихтиёр берди. Банда Аллоҳга йўлиқишни ихтиёр қилди”, деганлар.
بسم الله الرحمن الرحيم
إِذَا جَاءَ نَصْرُ اللَّهِ وَالْفَتْحُ (١)
وَرَأَيْتَ النَّاسَ يَدْخُلُونَ فِي دِينِ اللَّهِ أَفْوَاجًا (٢)
فَسَبِّحْ بِحَمْدِ رَبِّكَ وَاسْتَغْفِرْهُ إِنَّهُ كَانَ تَوَّابًا (٣)
Меҳрибон ва Раҳмли Аллоҳ номи билан (бошлайман).
«(Эй Муҳаммад!) Қачонки Аллоҳнинг нусрати (мадади) ва ғалаба келганида, одамлар тўп-тўп бўлиб, Аллоҳнинг дини (Ислом)га кираётганларини кўрганингизда, дарҳол Раббингизга ҳамд билан тасбеҳ айтинг ва Ундан мағфират сўранг! Зеро, У тавбаларни қабул этувчи Зотдир» (Наср сураси).
Суранинг аввалида “ан-Наср” сўзи келгани учун, “Наср”, яъни ғалаба деб номланган. Наср улкан ғалаба, Маккаи мукаррама фатҳидир. Бундан ташқари, суранинг “Тавдийъ” – «видолашув» деган номи ҳам бор.
Мадинада нозил бўлган бу сурада Макканинг фатҳ этилиши, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг мушриклар устидан ғалаба қозонишлари, Араб яриморолида Ислом динининг ёйилиши, ширк ва санамларнинг йўқ бўлиши билдирилган.
Шунингдек, бу сурада Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг вафотлари яқинлашгани ҳақида хабар ва Аллоҳ таолога тасбеҳ, ҳамд ва истиғфор айтишга буюрилган.
Имом Байҳақий раҳматуллоҳи алайҳ қилган ривоятда: “Наср сураси Қуръоннинг тўртдан бирига тенгдир”, дейилган.
Имом Насоий Убайдуллоҳ ибн Абдуллоҳ ибн Утбадан ривоят қилади: «Ибн Аббос розийаллоҳу анҳумо менга: “Қуръондаги охирги нозил бўлган сурани биласанми?” деганида, мен: “Ҳа, биламан, у “Иза жаа а-насруллоҳи…” сурасидир”, дедим, у зот: “Тўғри айтдинг”, дедилар».
Имом Бухорий раҳматуллоҳи алайҳ ривоят қилади: «Ибн Аббос розийаллоҳу анҳумо айтади: “Умар ибн Хаттоб мени Бадрда иштирок этган катта ёшли кишилар билан бирга (ҳузурларига) киритар эдилар. Бундан уларнинг баъзилари таажжубланишар эди. Кунларнинг бирида уларни ҳузурларига чақиртириб, мени ҳам улар билан бирга таклиф қилдилар. Буни фақат (кичик бўлсам ҳам) қандай эканимни кўрсатиш учун қилганлар, деб ўйладим. У куни Умар ибн Хаттоб: “Иза жаа а-насруллоҳи валфатҳу…” сураси ҳақида нима дейсизлар, деб улардан сўрадилар. Улардан баъзилари: “Агар ғалаба қозониб, бизга зафар берилса, Аллоҳга ҳамд ва истиғфор айтишимизни буюрган”, дейишди. Баъзилари ҳеч нарса дейишмади. Умар ибн Хаттоб мендан сўради: “Эй Ибн Аббос, сен ҳам шундай дейсанми?” Мен: “Йўқ”, дедим. У зот: “Унда нима дейсан?” дедилар. Мен: “У Расулуллоҳнинг ажалларидир. Аллоҳ таоло у зотга билдирган”, дедим. Парвардигорингизга ҳамд айтинг ва ундан мағфират сўранг. Зеро, У тавбаларни қабул қилгучи Зотдир”. Ҳазрат Умар: “Мен ҳам сен айтган нарсанигина биламан холос”, дедилар».
«(Эй Муҳаммад!) Қачонки, Аллоҳнинг нусрати (мадади) ва ғалаба келганида…»
Оятдаги “Аллоҳнинг нусратида”дан мурод шуки, албатта, нусрат Аллоҳ томонидан бўлади. Нусрат, мадад ва ғалаба У зотдан бошқа бирор махлуққа муносиб эмас. Фақат Унинг ҳикмати билан амалга ошади. Шунинг учун бу нусрат улуғланмоқда. Яъни, у ҳақиқатда воқе бўлувчидир.
Имом Аҳмад, Имом Байҳақий ва Имом Насоийлар Ибн Аббос розийаллоҳу анҳумодан қилган ривоятда келтирилишича, “Иза жаа а-насруллоҳи…” нозил бўлганида, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Менинг жоним (тез кунларда) вафот этиши ҳақида хабар берилмоқда. Мана шу йил жоним узилади”, дедилар».
«…одамлар тўп-тўп бўлиб, Аллоҳнинг дини (Ислом)га кираётганларини кўрганингизда…» Яъни, араб ва бошқаларни сизга юборилган динга жамоат-жамоат бўлиб киришаётганининг шоҳиди бўлсангиз… дейилмоқда. Чунки дастлаб инсонлар битта-битта ёки иккита-иккита бўлиб динга киришар эди. Бора-бора қабилалар ёппасига Исломни қабул қиладиган бўлди.
Бу ерда ҳамд ва тасбеҳ ораси бирлаштирилмоқда. Чунки нусрат ва фатҳ Аллоҳга ҳамд айтишни тақозо этади. Бу Аллоҳнинг улуғ фазли ва марҳаматидир.
Аллоҳ таоло бу сурага Ўзи учун кўп намоз ўқиб, тасбеҳ айтиб, зафар ва фатҳлар пайти Аллоҳга ҳамд айтиш, зикрда бардавом бўлиб, мағфират сўрашни буюриш ила хотима ясамоқда. Чунки Аллоҳ таоло тасбеҳ ва истиғфор айтувчи бандаларининг тавбаларини қабул этади.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам маъсум (гуноҳлардан йироқ) бўлишларига қарамай, истиғфор айтишга буюрилмоқда. Демак, умматларига ҳам бу нарса жуда зарур экани ойдинлашади.
Имом Муслим Оиша онамиздан ривоят қилади. «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Субҳоналлоҳи ва биҳамдиҳи астағфируллоҳа ва атубу илайҳи”, деб кўп айтардилар. Шунда мен: “Ё Аллоҳнинг расули, Сиз, “Субҳоналлоҳи ва биҳамдиҳи, астағфируллоҳа ва атубу илайҳи”, деб кўп айтаётганингизни кўрмоқдаман”, десам, у зот: “Раббим менга тез орада умматим орасида ажойиб нарсаларни кўришимнинг хабарини берди. Агар ўша аломатни кўрсам, “Субҳоналлоҳи ва биҳамдиҳи, астағфируллоҳа ва атубу илайҳи”, деб кўп айтаман. Ҳақиқатан, мен уни “Наср” сурасида кўрдим. У Макканинг фатҳ этилиши ва одамларнинг тўп-тўп бўлиб Аллоҳнинг динига киришларидир», дедилар.
Аллоҳ ҳузурида ҳақ дин Исломдир. Бу ҳақида Аллоҳ таоло Оли Имрон сурасининг 19-оятида: «Албатта Аллоҳ наздидаги (мақбул бўладиган) дин Ислом динидир» ва яна шу суранинг 85-оятида: «Кимда-ким Исломдан ўзга дин истаса, бас (унинг дини Аллоҳ ҳузурида) ҳаргиз қабул қилинмайди ва у охиратда зиён кўргувчилардандир», деб огоҳлантирган.
Аллоҳ таоло аввал тасбеҳ, кейин ҳамд, сўнгра истиғфор айтишга буюрди.
Улуғ рамазон ойларида СУБХАНАЛЛОХ, АЛХАМДУЛИЛЛОХ, АСТАҒФИРУЛЛОҲ ни кўпайтирайлик.
Анваржон домла Ибайдуллаев,
Олтинкўл тумани “Уйшин”
жоме масжиди имом-хатиби.