- Юртимизда сўнгги йилларда оммавий ахборот воситалари, айниқса ижтимоий тармоқларда барча соҳалар каби диний соҳага оид кўплаб мавзулар бўйича фирк-мулоҳазалар билдирилмоқда. Афсуски, айрим ҳолатларда маълумотлар тўлиқ текширилмай муносабатлар билдирилмоқда.
Хусусан, Асака туманидаги “Холид ибн Валид” жоме масжиди атрофидаги маълумотлар ҳам шулар жумласидандир. Бугунги кунда масжид атрофида кенг кўламли ободонлаштириш ишлари олиб борилмоқда. Масжиднинг маъмурий бинолари том қисмлари замонавий кўркам зангори тунука билан ёпилмоқда. Масжидга келувчи намозхонлар учун янада қулайлик яратиш мақсадида кўп йиллардан буён муаммо бўлиб келаётган автотураргоҳ учун жой ажратиш режалаштирилган.
Маълумки, масжидимиз атрофи қурилишлар билан тўсиб қўйилгани жамоатчиликка ҳавола қилинган ва ижтимоий тармоқларда эълон қилинган эди. Ҳозирги кунларда масжидимиз рўпарасидаги бинолар бузиб ташланиб, ўртадан ўтган ариқ устига кўприк қурилмоқда.
Қайд этиш жоизки, ижтимоий тармоқларда масжидга тегишли бўлган автотураргоҳ кимларгадир сотиб юборилиб, ўрнига маиший бинолар қурилгани айтилган. Ҳолбуки, ушбу ер ҳудуди кадастр ҳужжатларига кўра, масжидга тегишли ҳисобланмайди. Шунга кўра, ушбу масжид тасарруфида алоҳида автотураргоҳ мавжуд эмас.
Ижтимоий тармоқларда келтирилган ушбу ер майдони Асака деҳқон бозорига тегишли бўлиб, тадбиркорларга фойдаланиш учун берилганлигини айтиб ўтиш жоиздир.
Шаҳобиддин домла Парпиев.
Асака туман бош имом хатиби