Хақ таолони бандаларига бераётган неъматларининг ичида фарзанд неъматини ҳам алоҳида ўрни бор. Шу боис ҳар бир ота-она фарзанди дунёга келган ондан бошлаб, унга бутун меҳрини беради, бор имконини сарф этади, баркамол бўлишини ният қилиб тарбиялайди. Кўзланган мақсад эса, фарзандларнинг бахти, эртанги кунининг порлоқ бўлишидир. Тарбия ҳақида Юртбошимиз бундай таькидлайдилар: “Биз соғлом авлодни тарбиялаб вояга етказишимиз керак. Соғлом киши деганда фақат жисмоний соғлом эмас, балки шарқона одоб-аҳлоқ ва умумбашарий ғоялар руҳида камол топган инсонни тушунамиз”. Ҳазрати Пайғамбаримиз соллаллоху алайхи васаллам айтдилар:“Ота-она ўз боласига гўзал одобдан афзал нарса бера олмайди”. Албатта фарзанд илмли ва одобли бўлса ота–она хурматини ва хақ -хуқуқларини яхши адо қилади. Оилада яхши тарбия топган фарзанд яхши ва ёмонни фарқлай олади. Қайси оилада, қайси махаллада ёшлар тарбияси яхши йўлга қўйилар экан, ўша оила, ўша махалла, ўша юрт гуллаб яшнайди. Бу эса жамиятнинг равнақ топишига олиб келади. Диндаги мухим вазифалардан бири албатта бу фарзанд тарбияси хисобланади. Демак ушбу масъулиятни хис этган холда барча ота-оналар ўз фарзандларининг тарбиясига жиддий эътибор беришликлари ва хар қандай шароитда ҳам фарзанд тарбияси билан шуғулланишга вақт топишлари лозим. Сарвари коинот: «Хар бир чақалоқ Ислом фитратида туғилади, токи тили гапирувчи бўлгунча (шу холда бўлади). Кейин эса, ота-онаси уни яхудийлаштиради ёки насронийлаштиради, ёки мажусий қилиб қўяди»- дедилар. Бу хадисдан маълум бўладики Ислом фитратида дунёга келган болалар ота-онанинг бепарволиги сабабли тарбиясиз, хулқи ёмон ва энг асосийси турли нотўғри йўлларга кириб кетишликлари турган гап. Демак, ёшлардаги ёмон ахлоқ ва унинг нохуш оқибатлари учун аввало, ота-она, махалла, устоз мураббийлар ва қолаверса барчаларимиз масъул эканлигимизни эсдан чиқармаслигимиз зарур бўлади. Шу ўринда одоб-ахлоққа далолат қилувчи баъзи бир хадисларни келтириб ўтамиз. Пайғамбаримиз (с.а.в) дедилар: «Фарзандларингизга одоб ўргатинг ва одобларини чиройли қилинг». Ва яна «Фарзандларингизга ва ахлингизга яхшиликни таълим беринг ва уларга одобни ўргатинг». Демак хар бир ота-она ўз фарзандини ёшлик чоғларидан бошлаб илму маърифатга қизиқтириб, ўргатиб бориши лозим бўлади, зеро, илму фаннинг қайси сохасига бўлса ҳам қизиқиш пайдо қилиб, ўқиб-ўрганиб маълумот хосил қилган фарзанд, албатта, ўзи,оиласи, халқи ва Ватани учун манфаат келтирадиган инсонлар қаторидан жой олади. . Илохим, юртимиз ободлиги, элимиз озодлигига кўз тегмасин! Барчаларимиз ҳам Аллоҳ берган улуғ неьмат фарзанд неьматини шукрини чиройли адо қилиб, уларни одоб-аҳлоқига, тарбиясига чиройли эьтибор қилиб Ўзининг хузурига ёруғ юз билан боришлигимизни насиб этсин.
Олтинкўл туман Далварзин жоме масжиди имом хатиби: Искандарбек домла Ортиқов