Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи Ўзбекистон Республикаси Давлат суверенитетининг рамзидир. (Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи тўғрисида Қонуни 2-моддаси)
18 ноябрь – Ўзбекистон Республикасининг “Давлат байроғи тўғрисида”ги қонуни қабул қилинган кун.
Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг 1991 йил 18 ноябрдаги навбатдан ташқари VII сессиясида тасдиқланган Давлат байроғи – мамлакат давлат суверенитетининг рамзи ҳисобланиб, у ер юзининг шу сарҳадларида мустақил Ўзбекистон давлати борлигини англатади ва ўзида миллий-маданий анъаналаримизни мужассамлаштиради.
Тарихга назар ташласак, байроқдорлик масаласи Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг энг эътибор қаратган ишларидан бири бўлган. Хусусан, Ислом дини учун олиб борган ғазотларида (курашларида) албатта байроқ билан чиқардилар ёки байроқдор тайинлаб қўшин жўнатардилар. Ушбу шарафли ишни бажаришни барча саҳобалар орзу қилишарди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Ҳайбар куни Муҳаммад ибн Масламага: “Эртага байроқни шундай бир одамга тутқазаманки, у Аллоҳ ва Расулини жон-дилдан севади. Бундай одамни Аллоҳ ва Расули ҳам яхши кўради”, дедилар. Муҳожирлар билан ансорлар ўша суюкли киши ўзлари бўлиб чиқишини орзу қила-қила уйқуга кетдилар. “Ўша кечаси байроқдорлик лавозимига эришишни орзу қилдим”, дея эслайди Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу. Тонг отганда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Али ибн Абу Толибни йўқладилар. Одамлар унинг кўзи оғриб ётганини айтишганда, барибир олиб келишни буюрдилар ва Али розияллоҳу анҳунинг кўзига дам уриб, туфлаб қўйдилар, беморнинг кўзи шу заҳоти дарддан фориғ бўлиб, чарақлаб очилиб кетди. Пайғамбар алайҳиссалом Али розияллоҳу анҳуга байроқни тутқазиб, қўшинни жангга бошладилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам байроқдорликка энг ишончли ва шижоатли саҳобаларни қўярдилар ва улар ҳам У зотни ишончларини оқлардилар. Байроқдорлик энг шарафли вазифа эди, чунки қўшинни тақдири шунга боғлиқ эди.
Ер юзида икки юздан ортиқ давлат бор ва албатта, ҳар бир давлатнинг ўз рамзлари, байроғи бор. Ҳар бир байроқ айрича ранг ва тимсолларга эга. Улар билан ёнма-ён балқиб турган байроғимиз ҳеч кимдан кам эмаслигимиз ва кам бўлмаслигимизни кўрсатиб туради.
Шуни айтишимиз лозимки, байроқ қадим-қадимдан ҳар бир халқ учун мустақиллик, ҳурлик, тинчлик ва барқарорлик тимсоли бўлиб келган. Аждодларимиз ҳам юрт байроғини муқаддас билиб, уни кўз қорачиғидек асраганлар.
Давлатчилигимиз тарихининг қайси даврини олиб қарамайлик, байроқ аждодларимиз учун озодлик, куч-қудрат, жасорат, ғалаба тимсоли бўлган.
Миллат байроғи. У жондек азиз, нондек мўътабар.
Буюк соҳибқирон Амир Темур ғолиблик байроғини юксак кўтарди. Бу байроқ остида буюк эл бирлашди, у барпо этган улуғ салтанатни дунё тан олди. Бу давр ватан тарихига зарҳал ҳарфлар билан битилди. Байроқ эса том маънода мамлакат рамзи, улуғворлик тимсолига айланди. Жангчиларга жанговар руҳ бағишлаш, уларнинг кайфиятини кўтариш, иродасини чиниқтириш мақсадида жанг майдонлари узра баланд ҳилпираб турди. Бу байроқ энг ишончли баҳодирлар томонидан қўриқланди. Бехос дайди ўқ келиб туғ кўтарган жангчига тегса-да, у тупроққа қоришмади — дарҳол шаҳид сарбоз ўрнини бошқаси эгаллайди, мақсад жанггоҳдагиларга байроқ кўринмай қолмасин.
Соҳибқирон бобомиз замонида байроқни паст тутиш ёки сарбознинг қўлидан тушиб кетиши хосиятсиз саналган. Бунга соҳибқирон алоҳида эътибор берган. Байроқнинг пасайтирилиши мағлубият ва ортга чекиниш ишораси бўлган. Шунингдек, «Темур тузуклари»да таъкидланишича, душман устидан шижоат ва мардлик кўрсатиб, ғалаба қозонган амирлар ва сипоҳийларга давлат тимсоллари — туғ ва ноғора инъом қилинган. Бу соҳибқирон давлатида салтанат рамзлари нечоғлик баланд мақом тутгани ва улар қандай катта ижтимоий-сиёсий, маънавий-маърифий аҳамият касб этганидан далолат беради…
Ҳар бир инсон онгу шуурига Ватанимиз рамзларига нисбатан чуқур ҳурмат туйғуларини сингдириш, умуммиллий ва эҳтиром тимсоллари бўлган байроқ, герб ва мадҳиямизни улуғлаш ва ардоқлаш барчамизнинг муқаддас бурчимиздир.
Бахтиёржон домла Қодиров
Бўстон туман бош имом хатиби